03:15 Bekowiç-Çerkasskiý kim bolupdyr? | |
Бекович ким эди? Нега унинг терисини тирик ҳолда шилиб олишди?
Taryhy makalalar
Милодий 1717 йилнинг айни ёз чилласида Хива хони Шерғозихоннинг ўрдаси олдидаги майдонда унча-бунча томошаталабнинг ҳам асаби дош беролмайдиган қатл маросими ўтказилди: икки ғайридиннинг териси тириклайин шилиб олинди ва уларга сомон тиқилиб, то қуртлаб-ириб кетгунича, шаҳар дарвозалари олдига кўргазма сифатида осиб қўйилди. Бу икки шўринг қурғурлар аслида ким эди ва бундай аянчли тақдирга нима сабабдан муносиб кўрилди? Турли давр ва турли ўлкаларда туғилиб, бир майдон ва бир муддатда ўлим топган бу икки «шўрпешона»нинг бири тоғли қабардин князлари сулоласига мансуб Александр Бекович Черкасский эди. («Бекович» деб улуғланиши шундан.) Болалигидан рус подшоҳи саройига тарбия учун берилган бекзодалар қатори у ҳам Пётр Биринчи томонидан Европага таҳсил олишга юборилади. Европада шоҳ Пётрнинг севган соҳалари – кемасозлик ва денгизчилик илмларини сув қилиб ичган қабардин бекзодаси яна бошқа бир фазилати, яъни кавказ халқларини батамом истило қилишга доир лойиҳаси билан ҳам императорнинг эътиборини қозонади. Бундан руҳланиб кетган бекзода олдига 1713 йили Астрахандан икки осиёлик – чўқинтирилган ва рус хизматига князликка қабул қилинган форс Сомонов ҳамда таниқли туркман Хўжа Нафас келиб, шахсан император билан учраштириб қўйишларини сўраб, мурожаат қиладилар. Уларнинг айтишларича, Хива хонлигига қарашли конларда қумдан олтин ювиб олинаётганмиш ва Хива хонига адоватли туркманлар бу конларни қўлга киритишда рус подшоҳига хизматга тайёр эмишлар. Поручик Бекович бу учрашувдан ўзига тегадиган манфаатни кўз олдига келтириб, отга қамчи босди. Зеро, Хива хонлиги ва Бухоро амирликларидаги олтин конларини эгаллаш рус шоҳларининг азалий орзулари эди. Рус шоҳларининг гербидаги икки бошли бургут бир пайтнинг ўзида ғарбу шарққа кўз тикканлигининг боиси шундан эди. Пётр Биринчининг Европага «дарча» очишининг туб моҳиятида Марказий Осиёни эгаллаб, Ҳиндистон ва Хитой билан боғлайдиган Буюк Ипак Йўлини қўлга киритиш мақсадлари пинҳон эди. Ахир, не-не жангу жадал билан эришилган «дарча»дан Европага зиғир тола, ёғочу асал билан кириб бормайсан-ку! Европанинг иштаҳасини карнай қилган Ҳиндистон ва Хитойга элтувчи узоқ ва серхатар сув йўлига қараганда, бир мунча қисқа ва хатарсиз йўл Россия орқали ўтиши мумкин эди, аммо... Аммо хариталарда Лондон ёки Амстердамдан Москвага ва ундан то Касбий соҳилларигача енгил сирпанган кўрсатгич бармоқ Касбий ортида оқ доғ бўлиб ётган Марказий Осиё сарҳадларида тўхтаб қоларди: ўзга юрт, ўзга дин, ўзгача қонун-қоидалар... Мана шу нотаниш ўлка вакиллари билан тил топишиш борасида Пётр Биринчининг отаси Алексей Михайлович уч-тўртта кўйлакни кўп йиртганлардан эди. Украинани ўз тасарруфига киритган ва Болтиқ бўйи жангларида зафар қозонаётган шоҳ ҳузурига ўша пайтлардаги Хива хонининг элчилари етиб келадилар ва хонлик мавқеини сақлаб қолиш эвазига ўз қарамоғига олишини сўрайди. Бунинг боиси, Хива хонидан норозиликлар кучайиб, халқ тез-тез исён кўтараётганди. Ўз оёғи билан келган имкониятни қўлдан чиқармаслик учун Волга бўйлаб Касбий денгизига етиб оладиган савдо кемаларини қўриқлайдиган ҳарбий флот тузилади ва Марказий Осиёни забт этиш учун йўлга тушилади. Аммо Степан Разин бошчилигидаги қўзғолончилар Астраханда қишловга тўхтаган кемаларни қўлга олдилар ва уларни ёқиб юбордилар. Хиванинг ўзида эса, хон алмаштирилди ва Шарқ истилосига доир хом хаёлларга барҳам берилди... ... Поруччик Бекович тақдирнинг бу иноятини қўлдан чиқармаслик учун зудлик билан ҳаракатга тушди ва Хўжа Нафас ҳамда Самоновни император билан учраштира олди. Бу қабул натижасида императорнинг фармони билан 1714 йил 29 мартидан княз Черкасский Хиваю Ҳиндистонга элтувчи йўлларни разведка қилувчи отрядга командир этиб тайинланади. Ана шу санадан бошлаб, Бекович ва Самоновнинг Хива хони ўрдасида аянчли ўлим топишига қадам қўйилди. Бир йил мобайнида Касбийнинг шарқий соҳилларини разведка қилиш натижасида тузилган харита эвазига поруччик Бекович гвардия капитани унвонига сазовар бўлди. 1716 йилда Сенатга Бековичнинг барча эҳтиёжлари сўзсиз қондирилишига доир кўрсатма берилди. Капитан Бековичга эса, Хива хонини Рус подшоҳлигига оғдириш ва рус ёлланма армиясидан фойдаланиш эвазига Россия вассалига айлантириш вазифаси юклатилди. Зеро, Хива хони ўз хавфсизлигини хоразмликлардан эмас, туркман ва бошқа халқ вакилларидан тузилган лашкар билан таъминлаши ҳақидаги маълумотлар ҳақиқатга яқин эди. Бековичга Хива хони, Бухоро амири ва Ҳиндистон подшоҳи Буюк Мўғилга аталган император Пётр ёрлиқлари топширилди. Забт этилган Хивадан «Ҳинд сори юз тутиш» поруччик Кожинга юклатилди. Image1716-1717 йилнинг қиши дашт орқали Хивага йўл олишга тадорик билан ўтди. Бу вақт мобайнида Хива томонлардан хуфиячилар бир-биридан совуқ хабарлар келтиришарди: Хива хонига рус императори элчилари келаётганлиги хабарини етказган чопарлар ҳибсга олинганмиш ва уларнинг бошига итнинг кунини солаётганмишлар. Черкасскийнинг отрядини даштда ҳеч ким элчилик мақомида кўрмас, минглаб қуролли аскарлар тўдаси истилочилар бўлса керак, деган ҳаққоний шубҳа-гумонларни уйғотарди. Шунга қарамай, княз Бекович ўжарларча, сафар ҳозирлигини кўришда давом этаверди. Бековични орқага қайтариш учун поручик Кожин Сенатга хат билан мурожаат қилиб, хиваликлар ва бухороликлар элчиликнинг туб моҳиятидан хабардорликларини, бу юриш яхшилик билан тугамаслигини билдиради ва Черкасский билан юришда қатнашишдан воз кечади. Уни Петербургга чақириб, буйруққа бўйсунмаганлиги учун ҳибсга олишади. Шундай қилиб, 1717 йилнинг май ойи бошларида Хива сари юриш бошланди. Бекович ўзи ва минглаб ҳамроҳларини ажал сари қатъийлик билан бошлашини ҳатто хотини ва қизининг денгизга чўкиб кетишлари ҳам тўхтата олмади. Кабардин князи бошқараётган отряд уч минглик пиёдалар ва казаклар, олти юз швед драгунлари, кўнгилли дворянлар ва артиллерия батареясидан иборат эди. Бекович билан унинг биродарлари Сиюч ва Оқ-мирзо, княз Самонов, туркман Хўжа Нафас бирга эдилар. Дашт йўлида қалмоқ хони Аюканинг чопари Бакша ўз аъёнлари билан ҳамроҳлик қилдилар. Хива сарҳадларига саккиз кунлик масофа қолганида айёрлик ишлатмоқчи бўлишди: Астрахан боёни Кирситов юзтача казак билан Хива хонини император элчилари келаётганлигидан огоҳ этиш учун йўлга тушди. Чопарлар ортидан озгина муддат фарқи билан йўлга чиққан асосий таркиб хиваликлар ўйлаганча, бир ҳафталардан сўнг эмас, олдинроқ шаҳар дарвозаларига етиб боришлари керак эди. Икки кеча-кундуз тинимсиз йўл босган отряд Хивадан юз тошлар масофа беридаги Амударё кўлларидан бирининг қирғоғида қароргоҳ туздилар ва чопарларнинг қайтишини беҳуда кута бошлашди. Бекович отрядига қўшилган Бакша қалмоқ хонининг руслардан етказилган алами эвазига (княз Черкасский қалмоқ хони Аюкани рақиблардан муҳофаза қилишдан бош товлаганди) ўч олиш учун Кирситов бошчилигидаги чопарлар гуруҳи ортидан Хива хони ҳузурига етиб борган эди. Бакша хонга нималар дегани аён бўлмаса-да, рус чопарлари зиндонга ташланди ва Шерғозихон йигирма тўрт минглик лашкари билан руслар қурган қароргоҳга ҳужум қилди. Гарчи бу ҳужум кутилмаганда юз бергани ва сон жиҳатидан хиваликлар беш-олти баробар кўп бўлишларига қарамай, бир ҳамлада қароргоҳни забт этишнинг иложи бўлмади. Уч кун кетма-кет ҳужумга ўтилгач, русларнинг артиллерияси ва милтиқлари ўқидан сон-саноқсиз Хива лашкари ер тишлади. Русларнинг озиқ-овқати ва қурол-аслаҳалари бир йилга етгулик, ичимлик суви эса, кўлдан керагича олинарди. Вазиятни ақл тарозусида салмоқлаган хонлик хазинабони Қизимбей хонга айёрлик ишлатишни таклиф қилди. Қамалдагилар лагерига хон чопарлари юборилди ва сулҳ тузиш таклиф қилинди. Қамалдагилар бу таклифни муҳокама қилдилар ва ҳарбийлар хон алдовига учмасликка келишишди. Бироқ, Бекович бу таклифни ерда қолдирмасликка қарор қилди ва беш юз отлиқ билан Самоновни бирга олганча, хиваликларга пешвоз чиқди. Шерғозихон Бекович ва Самоновни Хива яқинида дабдаба билан кутиб олди ва совға-саломлар айирбошланди. Император элчиларига битим тузиш учун хон ўрдасига марҳамат қилишлари таклиф этилди. Хива деворларига етмасдан пистирмада турган хон лашкари ҳужум қилди ва беш юз отлиқни қиличдан ўтказди. Бекович ва Самонов асирга олиндилар. Рус қароргоҳида эса, унвони катта бўлгани учун майор Франкенбург бошчиликни қўлга олди. Хивалик чопар Черкасский имзоси билан беш қисмга бўлиниш ва йўлбошловчилар билан Хивага турли йўллар орқали кириб бориш буйруғини етказиб келди. Майор чопарга фақат Черкасскийнинг шахсан буйруғи билангина қароргоҳдан чиқишини билдирди. Хиваликлар зуғуми остида Черкасский яна уч маротаба ёзма буйруғини такрорлади, сўнгги тўртинчи номасида буйруққа бўйсунмаслик ҳарбий суд ва дор билан якунланишини дағдаға қилгандан сўнггина Франкенбург қароргоҳни тарк этди. Хивалик йўлбошловчилар билан беш қисмга бўлинган рус истилочилари турли йўллар орқали тайёрлаб қўйилган пистирмаларга дуч келдилар ва қиличдан ўтказилдилар. Қирғинбаротлардан омон қолганлар ва зиндонбанд қилинганлар қулликка сотиб юборилди. Бекович ва Самоновнинг (Самонийлар авлодимикин?) териси тириклайин шилиб олинди... Черкасский отрядининг аянчли тақдири ҳақида Пётр Биринчига шумхабарни биринчилардан бўлиб, Бакша етказиб борди! Бу отряддан жуда озчилик – Хўжа Нафас ҳамда Бековичнинг биродарларигина омон қолдилар. Уларни «намунали қатл» маросими ҳақида ўз юртларида ҳикоя қилишлари учун қўйиб юбордилар. Шундан бошлаб, Петербург томонларда бирор оғир вазиятга тушган одам ҳақида «Бековичнинг куни бошига тушди», дейдиган бўлишди. Орадан кўп вақтлар ўтибгина бу воқеалар эсдан чиқа бошлади ва бу ибора ўрнини рус қулоғига ёқимлироқ бўлган «Шведларнинг Полтавадаги куни» ҳақида эслаш расм бўлди. # e-tarix.uz | |
|
Teswirleriň ählisi: 0 | |