19:46 Iki şanyñ arasyndaky melike: Oljaý Türkan | |
ИККИ ШОХ ОРАСИДАГИ МАЛИКА
Zenan şahsyýetler
Амир Ҳусайн Мовароуннаҳр тахти учун асосий даъвогар бўлиб турган бир дамда унга ишончли суянчиқ лозим бўлган ва бундай номга барлос уруғидан бўлган Тарағай Баҳодирнинг ўғли Темур энг муносиб номзод сифатида эътироф этилган. Икки ўртадаги иттифоқни мустаҳкамлаш учун никоҳ энг мақбул чора ҳисобланган. Темур ва Амир Ҳусайн иттифоқини мустаҳкамлашга амирнинг синглиси Ўлжой Туркон оға сабабчи бўлган. • Энг муносиб куёв Бу иттифоқнинг келажаги порлоқ бўлишини Мовароуннаҳр ҳукмдори, Амир Қозағон олдиндан кўра билган. Бунга бир қатор ҳодисалар замин яратган. Ҳирот амири Малик Ҳусайн Мовароуннаҳр тахтини амир Қозағондан тортиб олиш умидида Самарқанд томон юриш бошлаган. Амир Қозағон Нурмушк оғага уйланаётган Темурни бошқа беку ноиблари қаторида хизматига чорлаган. Малик Ҳусайн ва Қозағон орасидаги қирғинбарот жангда Темур ўзини намоён этган. Урушдан сўнг Амир Қозағон ўз набираси Амир Ҳусайнни Ҳирот ҳокими этиб тайинлаган, Темур эса Кешга қайтиб тўйини давом эттирган. Саккиз ой ўтиб Малик Ҳусайннинг укаси Амир Бақара Ҳиротда исён кўтарган ва Амир Ҳусайнни зиндонга ташлатиб, ўзи тахтни эгаллаган. Амир Қозағон вазиятни тиклашни Темурга топширган ва у уч минг қўшин билан зиммасига юклатилган вазифани аъло даражада адо этган. Бундан кўнгли тоғдек кўтарилган Амир Қозағон Темурни илиқ кутиб олган ва барча саркардалари олдида Тарағай Баҳодирнинг ўғлига суюкли набираси - Ўлжой Турконни никоҳлаб берган. Набирасига сеп сифатида йигирма уюр туя, от ҳамда қирқ отар қўй қўшиб берган. Бундан ташқари, тўйга совға-салом сифатида қимматбаҳо гиламлар, уй-рўзғор анжомлари ва бошқа нодир буюмлар туҳфа этилган. Амир Ҳусайн эса синглисига, тилла зеб-зийнатлар ҳадя қилган. Қозағоннинг севимли куёвига айланган Темур Мовароуннаҳр ҳукмдорини бир неча бор хавф-хатардан сақлаб қолган ва бунинг эвазига Қозағон барлос уруғидан бўлган бекни Шибирғон шаҳрининг ҳокими этиб тайинлаган. Шу тариқа ҳали ўттиз ёшга тўлмаган Темур қўп нарсага эришган: ҳукмдорнинг набирасига уйланган ва якка ўзи шаҳарни бошқара туриб, давлатни юритиш ҳақида билим ва кўникмаларга эга бўлган. • Етти кечаю етти кундуз давом этган тўй Ўлжой Туркон оғанинг қадди-қомати расо, қорачадан келган, киприклари узун, кўзлари эса тим қора бўлган. Темурнинг ҳарбий зафарлари хусусидаги гаплар Ўлжой Турконнинг ҳам қулоғига етиб борган ва у оғасининг Сароймулкхонимга уйланганида иштирок этган Темурни кўрган, лекин унга турмушга чиқиши қизнинг хаёлига келмаган. Темур ва Ўлжойнинг тўйига Қозағоннинг барча амиру беклари ташриф буюришган. Тўй бир ҳафта давом этган. Орадан бир йил ўтиб, Темур хонадонида ўғил -Умар Шайх дунёга келган. «Бир томонда оғам, бир томонда турмуш ўртоғим...» Кутилмаганда Мовароуннаҳр ички низолар майдонига айланган. Бунга кекса Амир Қозағоннинг шикорда фитна сабаб қатл этилиши замин яратган. Бу фитнанинг ортида мўғул хони Туғлуқ Темур турган. Қозағоннинг ўғли - Мирзо Абдуллоҳ ҳокимиятни бошқаришга уқуви бўлмаган ва саройни ишратхонага айлантирган. Бунинг оқибатида маҳаллий бек ва амирлар унга қарши исён кўтаришган ва маишатпараст Абдуллоҳ Ҳиротга қочиб, умрининг охиригача ўша ерда яшаган. Бўшаб қолган тахт учун хон ва амирлар ўзаро кураш олиб боришган. Улар орасида Амир Ҳусайн ва Шибирғон ҳокими Темур ҳам бўлган. Бу иккала амирнинг ниятидан хабардор бўлган беклар уларни бир-бирига қарши қайрашган. Бу миш-мишлар ва фисқу-фасоддан энг кўп Ўлжой Туркон азият чеккан. Тарозининг бир палласида оғаси, иккинчисида севимли эри турган. Уларнинг иккиси ҳам холис ҳакам сифатида Ўлжойга мурожаат этишган. Бу борада Темурга омад кулиб боққан. У навниҳол завжасининг ақли ва фаросатига таяниб иш кўрган. Хон оиласида тарбияланган бу аёл кўпчиликни таниган ва уларнинг феъл-атвори ҳамда насл-насаби (тахт учун курашда бу катта аҳамият касб этган) тўғрисида эрига қимматли маълумотларни етказиш баробарида Темурга у ёки бу зодагон билан қандай муомала қилишда маслаҳатлар бериб турган. • Икки хукмдорни бирлаштирган сингил Икки ўртадаги келишмовчилик Темурнинг мўғул хони Туғлуқ Темур хизматига ўтгач, тобора кескинлашган. Туғлуқхон Мовароуннаҳрни Мўғулистон таркибига қўшиб олиш учун юз минглик қўшин билан бостириб келган. Темур ўша пайтда Самарқанд ҳокими бўлган бўлса-да, хоннинг кўп сонли қўшинига қарши чиқа олмаган. Амирлар ёвга қарши иттифоқ тузишдан бош тортишган ва ҳар бири тарқоқ тарзда ўзига бириктирилган жойни бошқаришни афзал деб билган. Туғлуқ Темурга қарши урушда енгилишига кўзи етган Темурнинг мўғул хонига таслим бўлишдан ўзга чораси қолмаган. У шу ҳаракати билан Мовароуннаҳрнинг талон-тарож бўлишининг олдини олган. Энг аҳамиятли томони, Туғлуқ Темур Мовароуннаҳрни ўзининг номидан бошқариш ҳуқуқини Амир Темурга берган. Ўлжой Туркон эрининг бу хатти-ҳаракатини оғасига тушунтириб, уларни яраштиришга уринган ва уринишлари самара берган. Амир Ҳусайн ва Темур мўғулларни ватандан қувиб чиқариш учун бир туғ остида бирлашишган. Ҳарбий юришлар асносида Темур биринчи хотини Нурмушк оға билан ўғли Жаҳонгирни Қаршига, иккинчи хотини Ўлжой билан Умар Шайхни Бухоро яқинида катта қўрғони бўлган тоғаси Абдулла мерганникига юборган. Дастлабки юришларда иттифокдошларга омад кулиб боққан, кейин тарих зарварақларида «Лой жанги» номи остида киритилган жангда Амир Ҳусайн ва Амир Темур қақшатқич зарбага дуч келишган. Бунга ягона лашкарбошининг йўқлиги ва Амир Ҳусайннинг Темур айтган маслаҳатларга қулоқ солишни истамагани сабаб бўлган. Мағлубиятдан сўнг Темур ва Ҳусайн ўртасидаги иттифоқ барҳам топган. • Соҳибкироннинг обрўсини оширган малика Бироқ бу жангдаги ғалабадан мўғуллар ҳеч нарса ютишмаган. Самарқанд аҳли она шаҳарларини душмандан ҳимоя қилиш учун оёққа турган. Уларга сарбадорлар раҳнамолик қилишган. Ҳокимиятни кўлга олган сарбадорлар беклар ва амалдорларнинг мулкини талонторож қилишга киришган оломонни тўхтатиб қолишган. Самарқанд ҳокими ва Амир Темурнинг куёви Довуд Барлос қайноғаси билан Кешдалигида унинг қалъасига тажовуз бошланган. Қалъада фақат Темурнинг синглиси Қутлуғ Туркон оғанинг ўзи бўлган. Сарбадорлар етакчиси Мавлонозода оломонни амир Довуд Барлоснинг қалъасини хонавайрон қилишдан сақлаб қолган. Орадан қисқа вақт ўтиб, Темур ва Ҳусайн шаҳар остонасида пайдо бўлишган ва сарбадорларнинг пешволарини ёлғон эвазига қўлга туширишган. Сарбадорларнинг етакчилари қатл этилган. Амир Темур хотинининг маслаҳатига қулоқ тутган ҳолда қатл ишларидан нарида турган. Темур синглисининг хонадонини талончиликдан асраган Мавлонозоданинг ҳаётини сақлаб қолган. Бу ҳолат Темурнинг эл орасидаги обрўсига обрў қўшган. • Ё муҳаббат, ё ришта... Ўлжой Туркон эрига яна бир марта яқиндан ёрдам берган. Фақат бу гал маслаҳати билан эмас. Гап шундаки, Амир Ҳусайн Мовароуннаҳр тахтига яна бир одим яқинлашиш учун мўғул маликасига уйланмоқчи бўлган, лекин бу истакни рўёбга чиқариш учун катта маблағ зарур бўлган. Амир Ҳусайн мўғулларга қарши урушда катта талафот кўрганини рўкач қилиб, мамлакат аҳолисига катта солиқ солган. Солиқни йиғиш вазифаси Темурнинг куёви Довуд Барлос зиммасига юклатилган. Куёви солиқни тўплай олмаслигини билган Темур бу муаммонинг ечимини излай бошлаган. Ечимни топишда Ўлжой Туркон жонбозлик кўрсатган. У Қутлуғ Туркон оға ҳамда унинг эрига ёрдам бериш учун бор зеб-зийнатлари, шу жумладан, Амир Ҳусайннинг ўзи тортиқ қилган тақинчоқларни ҳам Темурга топширган. Ўлжой Турконнинг фикрига Нурмушк оға ҳам қўшилган. Амир Темур тақинчоқларни куёвига берган. Темур агар Амир Ҳусайн бу тақинчоқлар синглисиники эканлигини билса, фикридан қайтар деб умид қилган, бироқ очкўз Амир Ҳусайн буни билса ҳам ўзини билмаганга олган. Амир ва унинг хо-тинлари амалга оширган тадбир Самарқанд халқида Темурга нисбатан илиқлик уйғотган, Амир Ҳусайннинг обрўси эса тушиб бор-ган. Шундай кунларнинг бирида Темур қизлик бўлди ва унга Сул-тон Бахт Бегим деб исм қўйишди. • Амир Ҳусайн ўз синглисининг қотилими? Бироқ қизалоқнинг туғилиши Амир Ҳусайнни инсофга чақирмади, аксинча уни ғазаб отига миндирди. У Темурни синглисига зуғум қилаяпти, деб ўйлаган ва тақинчоқларини топширишга эри мажбур қилган деган хулосага келган. У синглиси ва жиянларини саройга таклиф этган. Синглисини ўзи томонда деб ўйлаган Ҳусайн куёвига қарши фитна уюштиришни кўзлаган. Дастлаб у режалари ҳақида ҳеч нарса демаган, лекин кунлар ўтиши билан Ўлжой Турконни ўзи томон оғдиришга уринган. Эрининг қарорларини оғаси нотўғри тушунганлигини англаган Ўлжой Темурни бошқача йўл тутишга ундаган вазиятларни Амирга тушунтиришга ҳаракат қилган. Ўлжой Туркон ҳар қанча уринмасин, оғасини фикридан қайтара олмаган. Натижада Ўлжойнинг ҳеч нарса демай, уйга кетишга ҳозирлик кўришдан бошқа чораси қолмаган. Ҳусайн синглисига Темурга оғу беришни маслаҳат берган. Ўлжой оғасининг илтимосини рад этган ва йўлга тушган. Ўлжой олти ёшли ўғли Умар Шайх ва бир ёшли қизи Султон Бахт Бегим ҳамда оғаси бириктирган хизматкорлар ҳамроҳлигида йўлга чиққан. Амир Ҳусайн синглисини сотиб қўйишидан қўрқиб, Ўлжойни ўлдиртирган. Синглисининг ўлимида Амир Ҳусайннинг қўли борлигини тасдиқловчи далил йўқ, лекин унинг беайблиги ҳам исботланмаган. Умар Шайх онасининг ўлими учун тоғаси - Амир Ҳусайндан қасос олишган урингани тўғрисида маълумотлар бор. Буни қарангки, Балх шаҳрини бошқараётган Амир Ҳусайн қўшинининг тор-мор келтирилишида Умар Шайх Мирзо етакчи бўлган. Бу қонли жангда Ҳусайн билан бирга унинг икки ўғли ҳам ҳалок бўлган. Ўлжой Туркон оға икки ўт орасидаги қисқа умри мана шундан иборат. У эрига содиқ қолиш учун ўлим билан юзма-юз келган ана шундай қаҳрамон аёл бўлган. Рустам Нур тайёрлади. (Бекажон) | |
|
Teswirleriň ählisi: 0 | |