19:32 Şadymülk hatyn | |
ШОДМУЛК ХОТУН
Zenan şahsyýetler
Тарихчи Шарафуддин Али Яздийнинг ёзишича, Шодмулк Хотун Самарқанд шаҳрининг қуйи табақасига мансуб ҳунарманд оиласида дунёга келади. Амир Темурнинг суюкли набираси Халил Султон Мирзо (Мироншоҳ Мирзонинг ўғли, 1366—1408) кунлардан бир кун шаҳар четидаги боғ кўчадан отда ўтиб кетаётиб, Шодмулкка кўзи тушади ва уни севиб қолади. Халил Султон Мирзо (1384—1411) жасоратли, ҳарбий салоҳиятли ва истеъдодли йигит бўлган. Балоғатга етгач, уни аслзода хонадон қизига уйлантиришган. Ундан бир ўғли ҳам бор эди. Аммо Шодмулкни севиб қолгач, ўз замонасининг таомилига қарши ўлароқ, шу қизга уйланади. Табиийки, бундай «тенгсиз» никоҳга Темур бошлиқ бутун авлод қарши туришган. Бироқ Халил Султон Мирзонинг қатъий қарори ғолиб чиқади. Амир Темур аввалида қаттиқ ғазабланган бўлса-да, кейинчалик набирасига бўлган юксак эътиқоди туфайли унинг гуноҳини кечиради. Амир Темур вафотидан сўнг, 1405 йил март ойида Халил Султон Мирзо Самарқанд тахтига ўтиради. У салтанатни бошқаришда адолатни бош мезон қилиб, мамлакат ички ва ташқи аҳволини яхшилаш чораларини излайди. Лекин хотини Шодмулк бегимнинг салтанат ишларига фаол аралашуви натижаси ўлароқ, аркони давлат орасида айрим норозиликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади. Шодмулк бегим Темурнинг барча бева хотинлари-ю хос канизакларини ҳарбий бошлиқлар ва амалдорларга инъом қилиш ҳақида Халил Султон Мирзога маслаҳат бериб, уни кўндиради. Жумладан, 1406 йилда Темурнинг бева хотини Туман Оғо бегимни амир Шайх Нуриддинга хотинликка беради. Ибн Арабшоҳнинг ёзишича, Сарой Мулк хоним билан Тукал хонимларни Шодмулк бегимнинг махфий буйруғига биноан заҳарлаб ўлдирганлар. Темур давридаги бек ва амалдорларга етарли илтифот ҳам кўрсатилмайди. Хазина ва салтанат ишларида Шодмулк бегимнинг фаолияти баттар кучаяди. Шодмулк бегимнинг хоҳиш-иродаси ила қуйи табақага мансуб кишилар юқори лавозимларга кўтарилади. Темур сафдошларига қарама-қарши ўлароқ, Шодмулк бегимнинг хоҳишига мувофиқ, қандайдир Бобо Турмуш деган кимса тўла ҳуқуқли вазирлик мансабини эгаллайди. Аввалги амалдорлардан Оллоҳдод ва Арғуншоҳларга ҳам ҳеч қандай рағбат бўлмайди. Аркони давлат ўртасида вужудга келган бундай нобаробарлик салтанат пойдеворига раҳна солиши муқаррар эди. Зотан, ана шундай қулай вазият Шоҳруҳ Мирзо учун асқотди. 1409 йил баҳорида Шоҳруҳ Мирзо қўшини Бодхез мавзеига келиб тўхтайди. Халил Султон Мирзонинг қўшини эса Шаҳрисабзда жангга тайёр ҳолда турарди. Шу аснода шимолда амир Худайдод бошчилигида қўзғолон кўтарилгани хақида хабар қелади. Халил Султон Мирзо асосий қўшинни Шаҳрисабзда қолдириб, 4000 аскар билан амир Худайдодга қарши боришга мажбур бўлади. 1409 йил 30 март куни Халил Султон Мирзо амир Худайдод томонидан асирга олиниб, Самарқандга келтирилади ва кейинчалик Фарғонага олиб кетилади. Унинг хотини Шодмулк бегимни эса Шоҳрух Мирзога топширадилар. Айрим маълумотларга қараганда, Шоҳруҳ Мирзо Шодмулк бегимни таҳқирлаб, кўп азоб-уқубатларга дучор қилади. Ниҳоят, Халил Султон Мирзони Фарғонадан Ўтрорга келтириб, амир Шайх Нуриддин воситачилигида Шоҳруҳ Мирзо билан Халил Султон Мирзо ўртасида битим тузилади. Битимга мувофиқ, Халил Султон Мирзо Мовароуннаҳр ҳукмронлигидан воз кечади. Бунинг эвазига Рай вилоятининг ҳокими этиб тайинланади. Хотини Шодмулк бегим қайтариб берилади. Кўп ўтмай, 1411 йил 4 ноябр чоршанба куни Халил Султон Мирзо Рай шаҳрида бетоб бўлиб, вафот этади. Айрим маълумотларга қараганда, у заҳарланиб ўлади. Шундан сўнг 1411 йилнинг охирида эридан кейин яшашни истамаган Шодмулк бегим заҳар ичиб оламдан ўтади. | |
|
Teswirleriň ählisi: 0 | |