11:43 Teýmiriler dinastiýasy | |
Темур, Темурбек
Taryhy şahslar
[1336 йил 9-апрел Кеш (ҳозирги Шаҳрисабз) шаҳри яқинидаги Хожа илғор қишлоғи (ҳозирги Яккабоғ тумани) — 1405 йил 18-феврал Ўтрор шаҳри, Самарқандда дафн этилган] (1370-1405) Тўлиқ исми Амир Темур кўрагоний ибн Амир Тарағай ибн Амир Бурқул бўлган бу буюк тарихий шахс ўрта асрнинг йирик давлат арбоби, буюк саркарда, кучли ва марказлашган давлат асосчиси, илм-фан ва маданият ҳомийсидир. Ёзма манбаларда у Темурланг, Европа адабиётида Тамерлан номлари билан таърифланади. Амир Темурнинг онаси Такинахотун бухоролик машҳур фақиҳ Тож аш-шариа (шариат тожи) тахаллуси билан машҳур бўлган Убайдулла ибн Масъуднинг авлоди (1350 йил вафот этган) эди. Унинг отаси Амир Тарағай барлос уруғининг оқсоқолиларидан бўлиб, Чиғатой улусининг эътиборли бекларидан ҳисобланган. Унинг аждодлари эса Чиғатой саройи мулозимлари қаторидан ўрин тутган. Улар Кеш ва Насаф вилоятида ўз мулкларига эга бўлган ва бу юртда ҳокимлик қилган. Шу боисдан Амир Темурнинг отаси Амир Тарағайбек ҳам йилда бир маротаба Или дарёси бўйида хон томонидан чақириладиган эл-юрт бек ва бийларининг умум қурултойига таклиф этилар ва бундай йиғинларда қатнашарди. Амир Темурнинг ёшлиги она юрти Кешда кечди. Етти ёшга тўлгач, отаси уни ўқишга беради. У ёшлик чоғлариданоқ чавандозлик ва овга ишқибоз бўлиб, камондан нишонга ўқ узиш, от чоптириш турли машқ ва ҳарбий ўйинлар билан машғул бўлишни ёқтирар эди. Шу аснода Амир Темур тулпорларни саралаб ажрата оладиган моҳир чавандоз ва довюрак баҳодир сифатида вояга етади. Унинг атрофида болаликдаги дўстлари ва мактабдошлари тўпланишиб, биргаликда машқ қилар, мусобақаларда иштирок этишар, аста-секин навкар бўлишиб, ҳарбий гуруҳга бирлашиб шакллана боришади. Бу гуруҳ орасида Аббос Баҳодир, Жаҳон Шоҳбек, Кимори Иноқ, Сулаймон Шоҳбек, Сайфуддинбек ва бошқалар бўлган. Кейинчалик улар Амир Темурнинг сафдошларига айланиб, унинг қўшинида лашкарбошилик даражасига кўтарилганлар. Амир Темур табиатан оғир, босиқ, теран фикрли ва идрокли, самимиятни тезда фаҳмлаб оладиган инсон бўлган. Шу туфайли ўспиринлик чоғларидаёқ тенгқурларидан садоқатли дўстларни атрофга жалб қила олган. Ўзининг илк ҳарбий фаолиятини Амир Темур қўл остидаги навкарлари билан айрим вилоят амирларига хизмат қилишдан бошлаган. Уларнинг ўзаро курашларида маҳорат ва олийҳимматлик Амир Темурнинг шуҳратини ошириб, унинг донғи бутун Қашқадарё водийси, хусусан Кеш вилоятига ёйилган. Амир Темур ақл-заковати, шижоати ва жасорати тўғрисидаги шуҳрат уни Мовароуннаҳрнинг нуфузли амирларидан аввал Жоку Барлос, сўнгра Амир Қазоғон (1346-1358) билан яқинлаштирган. Отаси Амир Темурни аввал (1352) Амир Жоку Барлоснинг қизи Турмиш Оғога уйлантиради. 1362 йилда Амир Темур Қазоғоннинг набираси, Амир Ҳусайннинг синглиси Улжой Туркон Оғони ўз никоҳига олади. Кейинги никоҳ туфайли Балх амири билан боғланган қариндошлик алоқалари шубҳасиз Амир Темур билан Амир Ҳусайн ўртасидаги иттифоқни юзага келтирди ва Мўғулларга қарши жиддий кураш бошланди. Амир Темурнинг Мовароуннаҳрни бирлаштириш йўлидаги дастлабки ҳаракати ХИВ асрнинг 60 йиллар бошларидан бошланган. ХИВ асрнинг 50 йиллари охирида Мовароуннаҳрда амирларнинг ўзаро кураши кучайиб, Амир Қазағон ўлдирилди. Оқибатда мамлакатда сиёсий парокандалик вужудга келиб улус бир қанча мустақил бекликларга бўлиниб кетади. Еттисув ва Шарқий Туркистонда ҳукмронлик қилаётган мўғул хонлари Мовароуннаҳрдаги сиёсий вазиятдан фойдаланиб, бу ерда ўз ҳокимиятини ўрнатишга ҳаракат қиладилар. Жета хонларидан Туғлуқ Темур ва унинг вориси Илёсхўжа 1360-1361, 1365 йилларда Мовароуннаҳрга бир неча бор бостириб кирадилар. Бироқ Мовароуннаҳр аҳолиси моғулларга қарши курашга журъат эта олмайдилар. Кеш вилоятининг ҳукмдори Ҳожи Барлос Хуросонга қочади. Мана шундай оғир паллада Амир Темур майдонга киради. Кучлар тенг эмаслигини ҳисобга олган Амир Темур 1360 йилнинг бошида Туғлуқ Темур томонидан Кешга юборилган беклар билан келишади. Шароит тақозоси билан хон хизматига ўтиб, унинг ёрлиғи билан ўз вилоятининг доруғаси этиб тайин этилади. Бироқ, кўп ўтмай Мовароуннаҳрнинг ҳумдори этиб тайинланган Илёсхўжа билан Амир Темур муросаси келишмай қолиши натижасида 1361 йилнинг охирида мамлакатни тарк этиб, Хоразмга йўл олади. У ерда амир Ҳусайн билан учрашади ва моғулларга қарши курашда икковлон бирлашиб, куч тўплашга киришади. Дастлаб улар, Туғлуқ Темурхоннинг фармонига биноан Амир Темурни таъқиб қилишга киришган Хива доруғаси Тўқол (Таваккал) билан жанг қилдилар. Сўнгра 1362 йилнинг кузида Сеистонда вилоят ҳукмдори Малик Қутбиддиннинг тарафида туриб, мекронийлар билан бўлган тўқнашувда, Амир Темур ўнг кифти ва ўнг оёғидан жароҳатланди. Ниҳоят, Илёсхўжа бошлиқ Жета лашкалари билан бир неча марта жанг қилиб, мўғулларни Мовароуннаҳр ҳудудидан 1364 йил охирида қувиб чиқаришга муваффақ бўлади. Бироқ, Илёсхўжа 1365 йили баҳорида Туркистон устига қўшин тортади. Тошкент ва Чиноз ўртасида содир бўлган “Лой жанги”да амир Ҳусайннинг ҳиёнати оқибатида Амир Темур қўшинлари мағлубиятга учрайди. Самарқандни ўз қўлига олган мўгулларга қарши халқ кўтарилиб, шаҳар мудофасини ўз қўлига олган сарбадорлар моғулларни мамлакатдан бутунлай ҳайдаб чиқарди. Бундан хабар топган амир Ҳусайн томонидан сарбадорлар бошлиқлари қатл эттирилади. Натижада, 1366 йили амир Ҳусайн Мовароуннаҳрда ҳокимиятни ўз қўлига олади, аммо кўп ўтмай амир Ҳусайн ва Амир Темур ўртасидаги муносабат кескинлашиб очиқдан-очиқ низога айланади. Улар ўртасида 1366-70 йилларда бир неча бор тўқнашувлар бўлиб ўтади. Амир Ҳусайнга қарши Балхга йўл олаётган Амир Темур Термиз яқинига келганда маккалик шарифлардан Саййид Барака Амир Темур фаолиятини қўллаб қувватлаб, унга олий ҳокимият рамзи катта ноғора – табл билан ялов — байроқ тортиқ қилади. 1370 йили 10-апрелда Балх шаҳри Амир Темурга таслим бўлади. Амир Ҳусайн қатл этилади. Бу ғалабадан сўнг Амир Темур чингизийлардан бўлган Қозонхоннинг қизи Сароймулкхонимни ўз никоҳига олади ва “кўрагон” унвонини олишга муяссар бўлади. Гарчи салтанат тахтига, анъанага кўра дастлаб номигагина Суюрғатмиш (1370-1388), сўнгра унинг вафотидан кейин Султон Маҳмуд (1388-1402) ўтқазилган болса-да, амалда марказий ҳокимиятни Амир Темурнинг ўзи бошқарар, вилоятлардаги ҳокимиятни ўғиллари, набиралари ва яқин амирлари орқали идора қиларди. 1372 йилда Амир Темур Хоразмга юриш қилиб, уни эгаллайди. Бироқ тарихий воқеаларнинг тақозоси билан Амир Темур Хоразмга беш марта ҳарбий юриш қилди. Хоразм 1388 йилда узил-кесил Темур давлатига қўшилди. Амир Темур Мовароуннаҳр ва Хоразмда тарқоқлигига ва ўзаро низоларга зарба бериб, Сирдарё воҳасидан то Орол денгизигача бўлган ерларда яшовчи халқларни ягона давлат тасарруфида бирлаштиради. Амир Темур давлатига Моғилистон давлатининг доимий ҳужумини бартараф этиш учун йигирма йил (1371-1390) мобайнида Моғулистонга етти марта юриш қилиб, Мўғул ҳукмдорлари Анқотўра ва Қамаруддин устидан ғалаба қозонди. Шу зайлда Амир Темур Мовароуннаҳр ва Хоразмда ҳукм сурган тарқоқликка, ўзаро низо ва Мўғулистон томонидан бўлиб турган тазйиққа чек қўйди. Соҳибқирон бу билан қаноатланмай, қўшни давлатлар устига юриш қилиб, уларни ўзига бўйсундириш ва марказлашган буюк салтанат барпо этишни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. Соҳибқирон ҳарбий юришни Хуросондан бошлайди. 1381 йили Амир Темур Ҳиротни эгаллайди. Сарахс, Жом ва Қавсия шаҳарлари жангсиз таслим бўлади. 1381-1384 йиллар давомида Эроннинг катта қисми бўйсундирилади. Аввал (1381) Калот, Туршиз ва Сабзавор, кейин (1383) Сеистоннинг Зиреҳ, Зова, Фараҳ ва Буст қалъалари, 1384 йилда эса Астробод вилояти ва Озарбайжоннинг Омул, Сори, Султония ва Табриз шаҳарлари бўйсундирилади. Амир Темур Эрон, Озарбайжон, Ироқ ва Шом (Сурия) устига уч марта лашкар тортди. Бу юришлар тарихда “уч йиллик”, ”беш йиллик”, “етти йиллик уруш”лар номи билан машҳур. Уч йиллик (1386-1388) ҳарбий юришлар оқибатида Жанубий Озарбайжон, Ироқнинг шимолий қисми, Гуржистон ва Ван кўли атрофидаги ерлар эгалланди. Амир Темур шу билан бирга шимоли-ғарбдан, яъни Олтин Ўрда томонидан бўлаётган тазйиққа барҳам бериш мақсадида Тўхтамишга қарши уч марта қўшин тортади. 1389 йилда Дизакнинг Аччиқ мавзеида, 1391 йили Қундузча жангида, 1395 йил Тарак дарёси бўйидаги жангларда ғалаба қозониб, душман қўшинини тор-мор этди. Амир Темурнинг Тўхтамиш устидан қозонган ғалабаси, фақат Ўрта Осиё учун эмас, балки бутун Шарқий Европа, шунингдек Рус князликлари учун ҳам буюк аҳамият касб этган эди. Шундан сўнг, Амир Темур Эрон, Озарбайжон, Ироқ, Шом (Сурия) устига уч марта аскар тортади. У беш йиллик (1392-1396) уруши давомида Ғарбий Эрон, Ироқи Ажам ва Кавказни эгаллайди. Амир Темурнинг Ҳиндистон устига қилган ғазовоти (1398- май- 1399 йил март) қарийб ўн бир ой давом этади. Ҳиндистондан у катта ўлжа, шу жумладан 120 та жанговар филлар билан қайтади. Ўлжаларнинг бир қисми қўшинга тарқатилиб, қолгани Самарқанд ва Кеш шаҳарларида олиб борилаётган қурилишларга ишлатилади. 1399-1404 йиллардаги етти йиллик уруш, энг шиддатли ва энг йирик жанглардан бўлиб, унинг оқибатида Шомнинг Халаб, Кумис, Баалбек, Димишқ (Дамашқ) каби йирик шаҳарлари ва Ироқи Арабнинг Убулистон ўлкаси билан Бағдод, шунингдек Туркиянинг каттагина қисми фатҳ этилади. Натижада икки буюк саркарда: Соҳибқирон Амир Темур билан султон Боязид Йилдиримларнинг тўқнашуви муқаррар бўлиб қолади. Чунки тобора кучайиб бораётган бу икки туркий давлатларнинг ҳар бири иккинчиси учун ниҳоятда кучли рақибга айланган эди. Бир томондан, Европа ритсарларига қақшатқич зарба бериб, Болқон ярим ороли бўйлаб, ғарбга томон ўз ҳудудларини кенгайтираётган Усмонлилар давлати учун Амир Темурнинг марказлашган кучли давлатини қарор топиши қанчалик хавфли туюлса, Кичик Осиёда барпо этилган қудратли Усмонлилар давлатининг кучайишидан Амир Темур ҳам шунчалик манфаатдор эди. Амир Темур ҳаёт-мамот йўлида Боязид Йилдирим билан бўладиган жангга қарийб икки йилдан ортиқ тайёрланади. Ниҳоят Румга юзланиб, аввал Қамоҳ қалъасини фатҳ этади, сўнгра Анқара шаҳрини қамалга олади. Амир Темур билан Султон Боязид қўшинлари ўртасидаги сўнгги ва ҳал қилувчи жанг 1402 йил 20-июлда Анқара яқинида Чибукобод мавзеида содир бўлади. Бу жанг тарихда “Анқара жанги” номи шуҳрат топади. Уч кун давом этган бу жангда Амир Темур ғалаба қозонди. Амир Темур Усмонли турклари давлатини сақлаб қолди ва Боязид ворисларига мурувват қўлини чўзди. Шундай бўлса-да, Боязид устидан қозонилган буюк ғалаба билан Амир Темурни Франсия қироли Карл VI (1380-1422), Англия қироли Генрих IV (1399-1413) ҳамда Кастилия ва Леон қироли Генрих III (1390-1407) табриклаб, унга ўз муборак номаларини юбордилар. Чунки Соҳибқирон эндигина уйғонаётган Европага улкан хавф солиб турган Усмонли турклар давлатига зарба бериб, бутун Европанинг халоскорига айланган эди. Кичик Осиёдан Самарқандга қайтган Амир Темур 1404 йилнинг 27-ноябрида 200 минг қўшин билан Самарқанддан Хитой сафарига чиқди. Бироқ Хитой устига юриш Амир Темурнинг тўсатдан вафот этиб қолиши (1405 йил 18-феврал) туфайли амалга ошмай қолди. Тарихий маълумотларга қараганда, Амир Темур вафот этганда, унинг хотинларидан тўртаси – Сарой Мулк хоним, Туман оғо хоним, Тукал хоним ва Руҳ Парвар оғо хонимлар ҳали ҳаёт эдилар. Шунингдек, Амир Темур вафот қилган вақтда ундан икки ўғил, 19 невара ва 15 чевара, жами 36 шаҳзода ҳаёт эди. Булардан ташқари соҳибқироннинг кичик қизи – Султон Бахт бегим ва катта қизи – Оғо бегимдан туғилган ўгил – Султон Ҳусайн Мирзо номли невараси ҳам бор эди. Тарихий маълумотларнинг далолатича соҳибқирон Амир Темур ўн саккиз марта уйланган. Бундан ташқари у 22 нафар хос канизакларини ҳам ўз шабистонига маҳрам қилган. Амир Темур 35 йил давомида мамлакатни бошқарди. Кўпдан-кўп ҳарбий юришлар ва жанғу жадалларни амалга оширди. Кўп мамлакатлар забт этилди. Оқибатда Ҳиндистон ҳамда Хитойдан Қора денгизга қадар ва Орол денгизидан Форс қўлтиғига қадар бўлган ғоят катта ҳудудни қамраб олган улкан салтанатни вужудга келтирди. Бундан ташқари, Кичик Осиё, Сурия, Миср ва Қуйи Волга, Дон бўйлари, Балхаш кўли ва Ила дарёси, Шимолий Ҳиндистонгача бўлган мамлакатларни ўзига бўйсундирди. Бу мамлакатлардан Амир Темур катта ўлжалар билан бир қаторда кўзга кўринган олимлар, ҳунармандлар ва моҳир усталарни Самарқанд, Шаҳрисабз ва Бухорога кўчириб олиб келди. Бу шаҳар ва қишлоқлар обод қилинди. У нафақат Мовароуннаҳр ва Туркистонни обод қилди, балки бўйсундирилган мамлакатларнинг шаҳарларини ҳам қайта қурдирди. Бағдод, Дарбанд ва Байлакон шаҳарларини қайта тиклади. Карвон йўлларида работлар, қалъалар, кўприклар, шаҳарларда масжид ва мадрасалар ҳамда боғ-у бўстонлар барпо этди. Энг муҳими Эрон, Озарбайжон ва Ироқдаги тарқоқлик ва бошбошдоқликка барҳам бериб, Шарқ билан Ғарбни боғловчи қадимий карвон йўлларини тиклади. Бу билан нафақат Мовароуннаҳр, балки Узоқ ва Яқин Шарқ мамлакатларининг иқтисодий ва маданий тараққиётга халқлар ва мамлакатларни бир-бири билан яқинлаштиришга улкан ҳисса қўшди. Амир Темур Европанинг Франсия, Англия ва Кастилия каби йирик қиролликлари билан бевосита савдо ва дипломатик алоқалар ўрнатди. Амир Темурнинг ҳарбий юришлари, жанг-у жадалларининг оқибатларига баҳо берилар экан, шуни таъкидлаш керакки, унинг фаолияти қўйилган мақсад ва режалари жиҳатидан икки босқичга бўлинади. Биринчи босқич (1360-1386)да Амир Темур Мовароуннаҳрда марказлашган давлат тузиш йўлида курашди. Амир Темурнинг бу даврдаги фаолияти Ўрта Осиё халқларининг ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаёти тараққиёти йўлида шубҳасиз улкан ижобий аҳамият касб этди. Амир Темур фаолиятининг иккинчи босқичи (1386-1405)да олиб борилган “уч йиллик”, “беш йиллик” ва “етти йиллик” ҳарбий юришларни амалга ошириб, Олтин Ўрда, Эрон, Ироқ, Кавказ, Кичик Осиё, Миср ва Ҳиндистонни забт этди. Амир Темур ҳаётлик давридаёқ унинг ҳарбий санъати ва давлат бошқариш услубига бағишланган махсус асар яратилиб, у “Темур тузуклари” номи остида шухрат топади. Бу асар шахсан Темурнинг оғзидан ёзиб олинган деб ҳисобланади. Унда давлатни бошқаришда кимларга таяниш, тожу тахт эгаларининг йўналиши ва вазифалари, вазир ва қўшин бошлиқларини сайлаш, сипоҳларнинг маоши, мамлакатни идора этиш тартиби, давлат арбоблари ва қўшин бошлиқларининг бурчи ва вазифалари, амирлар, вазирлар ва бошқа мансабдорларнинг тожу-тахт олдида кўрсатган алоҳида хизматларини тақдирлаш тартиби ва бошқалар хусусида баён этилади. Амир Темур турк, араб ва эронликлар тарихини чуқур билган. Амалий жиҳатдан фойда келтира оладиган ҳар қанқа билимни қадрлаган. У давлат ишлари учун ҳамма нарсанинг фойдали томонларини олишга ҳаракат қилган. Амир Темур ҳаётлиги чоғида салтанатни асосан тўрт қисм (улус)габ ўлиб, ўғил, набираларига тақсимлаб берган: Хуросон, Журжон, Мазондарон ва Сейистон (маркази Хирот) Шоҳрухга, Ғарбий Эрон, Озарбайжон, Ироқ ва Армонистон (маркази Табриз) Мироншоҳга, Форс, яъни Эроннинг жанубий қисми (маркази Шероз) Умаршайхга, Афғонистон ва Шимолий Ҳиндистон (маркази Ғазна, кейинчалик Балх) Пирмуҳаммадга суюрғол қилиб берилган. Амир Темур давлати ўзига хос тартиб қоидаларга асосланган ҳолда идора қилинган. Амир Темур асос солган бу давлат Хуросон ва Мовароуннаҳрда ХVI аср бошигача мавжуд бўлиб, Шайбонийхон томонидан тугатилган. Амир Темур имом Саййид Баракани ўзининг пири деб билган. Саййид Барака Темур қилич билан ниманики қўлга киритган бўлса, шуларни тоат-ибодат ҳамда ватволар бериб, дугўйлик билан мустаҳкамлаб беришга ҳаракат қилади. Амир Темур ҳақидаги биринчи китоб 1553 йили Флоренсия (Италия)да чиққан. Италиялик олим Перондини қаламига мансуб бошқа шу асрда испан тарихчиси Перо Мексиканинг “Буюк Темур тарихи” деган асари ҳам чоп этилди. 1582 йили Севилияда машҳур Испания элчиси Клавихонинг “Эсдаликлар”и нашрдан чиқди. Инглиз драматурги Христофор Морлонинг “Буюк Темур” деган саҳна асари ҳам шу асрда яратилди. Шўролар тузуми даврида Амир Темур шахси ва фаолиятига адолатсизлик билан ёндашилиб, бир ёқлама баҳо бериб келинди. Ўзбекистон Мустақилликка эришганидан сўнг, бундай қарашларга барҳам берилди. Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов сай-ҳаракати билан Амир Темурнинг жаҳон тарихида тутган ўрни ўз жойига қўйила бошлади. Ўзбекистонда унинг фаолиятини ўрганишга ва уни оммалаштиришга кенг йўл очилди. “Соҳибқирон Амир Темур шахси унинг аждодлари бўлмиш фақат бизнинг эма, балки минтақамиздаги барча халқларнинг бутун маърифийинсониятнинг бойлиги”га айланди (И. Каримов). Унинг номи Ўзбекистонда абадийлаштирилди. Кўплаб шаҳар ва қишлоқлардаги шоҳ кўчалар, майдонлар, жамоа хўжаликлари, мактаблар, кинотеатрлар ва бошқалар унинг номи билан аталди. Ислом Каримов ташаббуси ва раҳномалигида Тошкент, Самарқанд, Шаҳрисабз ва бошқа шаҳарларнинг марказий майдонларида Амир Темурга ҳайкал ўрнатилди. Тошкентдаги Амир Темур ҳиёбонида Темурийлар даври музейи барпо этилди (1996), “Амир Темур” ордени таъсис этилди (1996) ва Халқаро Амир Темур жамғармаси ташкил қилинди (1995). Тошкент, Самарқанд ва хорижий мамлакатларда ЙУНЭСКО раҳбарлигида ҳазрат Соҳибқирон таваллудининг 660 йиллиги кенг нишонланди (1996). Амир Темур ҳақида икки қисмдан иборат бадиий филм, спектакллар ва шеърий ҳамда насрий асарлар яратилди. Халил Султон (1384–1411), (1405-1409) Темурийлардан бўлган Мовароуннаҳр ҳукмдори. Амир Темурнинг набираси. Мироншоҳнинг ўғли. Сарой Мулкхоним (Бибихоним) тарбия қилган. 15 ёшли Халил Султон Соҳибқироннинг Ҳиндистонга қилган юришида (1399-1400) қатнашиб жасорат кўрсатган. Қуйи табақадан чиққан Шодимулкка уйланиши билан Амир Термурнинг ғазабига учраган, сўнг кечирилган. Соҳибқироннинг Хитойга қилган юришида Халил Султон қўшиннинг ўнг қаноти бошлиғи этиб тайинланган. Амир Темурнинг васиятига мувофиқ Пирмуҳаммадни тахтга ўтқизиш тарафдорлари кучли бўлса-да, бироқ 1405 йилнинг 18-мартида Самарқандни эгаллаб, ўзини Мовароуннаҳрнинг олий ҳукмдори деб эълон қилган. У гарчи бобосидан қолган хазиналар воситасида Соҳибқироннинг нуфузи аъён ва киборларидан маълум қисмини ўз тарафига оғдириб Мовароуннаҳр тахтини эгаллаб олган бўлса-да, аммо кўп вақт ўтмай у Амир Темурнинг садоқатли амирлари, вилоят ноиблари ва шаҳзодаларнинг кучли норозилиги ва исёнига дуч келади. Биринчи бўлиб, Туркистон ҳамда Фарғонанинг ҳокими амир Худайдод билан Шайх Нуриддин Халил Султонга қарши исён кўтарадилар. Ҳатто унинг ўз укаси Мирзо Султон Ҳусайн Амударёнинг чап соҳили вилоятларида ўз ҳокимиятини ўрнатмоқ ниятида акасига қарши бош кўтаради. Ўз навбатида Амир Темур тахтининг асосий валиаҳди Пирмуҳаммад Амударёдан кечиб ўтиб, Халил Султонга қарши Насафга томон аскар тортади. Амир Худайдод Ўратепа ва Шоҳруҳия шаҳарларини осонгина қўлга киритиб, Самарқанд томонга аскар тортади. Шероз яқинида Зарафшон дарёси бўйида содир бўлган жангда Халил Султон қўшини мағлубиятга учрайди, ўзи эса асирга олинади. Халил Султон давлат хазинасини беҳуда сарфлаб, ҳокимиятни бошқаришда хотинининг сўзларига амал қилган. Саройдаги катта мансабларга тасодифий кишилар тайинланган. Бу бошқа темурийларнинг қаттиқ норозилигига учраган. Хуросон ҳукмдори Шоҳруҳ катта қўшин билан Мовароуннаҳрга юриш қилиб, Самарқандни эгаллаган. Шоҳруҳ билан тузилган шартнома (1409) натижасида Мовароуннаҳрдан воз кечган. Халил Султонга Рай берилган. Умрининг охиригача шу ерда яшаган. Халил Султон вафот этгач, Шодимулк ҳам ўзини ўлдирган. Шоҳрух Амирзода Шоҳрух, Мирзо Шоҳрух, Шоҳрух мирзо, Хоқони саъид, Абу Наср Шоҳрух Баҳодир султон. (1377 йил 20-август, Самарқанд – 1447 йил 19-март, Рай) Амир Темурнинг 4-ўғли, Темурийлар ҳукмдори. Ёшлик йиллари Самарқандда ўтган, шу ерда дунёвий ва диний таълим олган. Амир Темур 1390-91 йиллар Дашти Қипчоққа ва 1392 йил ҳарбий мамлакатларга 5 йиллик юришлари чоғида Шоҳрухни мамлакатни бошқаришга тайинлаб қолдирган. Кўп ўтмай, Амир Темур Шоҳрухни ўз ёнига чақириб олади ва 17 ёшли Шоҳрух жанговар ҳаракатларда қатнаша бошлайди. Амир Темур уни лашкарнинг манғлай ва жуванғар қисмларига тайинлайди, кейинроқ эса, Самарқандга қайтариб, пойтахтни бошқариб туришни топширади. Амир Темур 1396 йил Шоҳрухга Хуросон ўлкасини суюрғол қилади ва тегишли қўшин ҳамда элат билан бирга уни ўз мулкига жўнатади. Шоҳрух Амир Темурнинг 7 йиллик юришида, хусусан, Яқин Шарқдаги ҳарбий ҳаракатларда бевосита қатнашган, лашкарнинг илғор, манғлай, жуванғар қисмларини бошқарган; жангларда шахсий дов-юраклик ва маҳорат намойиш этган. Уни адолатпарвар, раият тинчлигини кўзловчи шахс сифатида билганлар; қамалда қолган шаҳарлар аҳолиси аксари ҳолларда сулҳ таклифи билан Шоҳрухга мурожаат қилганлар ва у ҳам ўз ёрдамини аямаган. Баъзи ҳолларда, Амир Темур Шоҳрухни лашкарнинг ўғруқ қисмини қўриқлашга мутасадди қилган. Шарафуддин Али Яздий “Зафарнома”да ёзишича, Амир Темур ҳаётининг кейинги йилларида Шоҳрухнинг давлатдорлик сифатларига алоҳида эътибор берган. Чунончи, Хитойга юриши чоғида, салтанат хавфсизлигини таъминлаш, хусусан, ҳарбий ўлкаларни идора этиш каби катта масъулиятни Шоҳрух зиммасига юклайди ва уни Хуросонда қолдиради. Соҳибқирон 1391-92 йиллар мўғуллар босқини даврида бутунлай хароб қилинган Банокат шаҳри ўрнига янги шаҳар барпо этиб, у ерга атроф ерлардан аҳолини кўчириб обод қилади ҳамда уни Шоҳрухга суюрғол қилади ва бу шаҳар Шоҳрухия номи билан шуҳрат топади. Амир Темур вафотидан сўнг, 1405 йил мартда Шоҳрух расмий равишда Темурийлар салтанати ҳукмдори сифатида Хуросон тахтига ўтирди ва ўз номидан хутба ўқитиб, пул (танга) зарб қилдирди. Шоҳрух ҳукмдорлигининг дастлабки йилларида Темурийлар салтанатида кучли тарқоқлик юзага келиб, салтанатнинг турли қисмларида яккаҳокимлик учун кураш бошланиб кетди. Мовароуннаҳрда Самарқанд тахтини Халил Султон эгаллади, Озарбайжон ва Ажам Ироқини Қора Юсуф, Араб Ироқи ҳудудини Султон Аҳмад ўз қўлига киритди. Эронзаминда темурий шаҳзодалар ўзаро низолашардилар, Мозандарон, Балх, Ғур ва бошқа вилоятларда ҳам исёнлар юзага келди. Шоҳрух салтанатда вужудга келган низолар, исёнлар, яккаҳокимлик учун чиқишларни теран қобилияти, маҳорати, тафаккури, олиб борган сиёсати туфайли бирин-кетин бостиришга муваффақ бўлди. Шоҳрух ўз ҳукмдорлиги чоғида Темурийлар салтанатининг ҳудудий кенглиги, ҳарбий салоҳияти, кучли иқтисодий мавқеини сақлашга интилди. Бунинг учун Мовароуннаҳр, Эронзамин, Озарбайжонга юришлар қилиб ғалаба қозонди; 1429 йил Шоҳрух Озарбайжонда хавфли кучга айланган амир Искандар ибн Қора Юсуф устига деярли бутун салтанати ҳудудидан лашкар йиғиб юриш қилади. Салмос чўлида иккала томон ўртасида қаттиқ жанг бўлади; Шоҳрух ўғиллари Мирзо Бойсунғурни лашкарнинг жуванғарини, Иброҳим Султонни баранғарини бошқаришга белгилайди; Муҳаммад Жўгийни эса ўзига тегишли бўлган ғул қисмда қолдиради. Шиддатли жангдан сўнг Шоҳрух лашкари зафар қучади. Шоҳрух Сейистон ва Бадахшонга лашкар жўнатиб, у ерлардаги исёнларга чек қўяди. 1405 йилдан 7 йил давомида Хоразмни забт этиб турган Дашти Қипчоқ амирларига қарши Шоҳрух катта лашкар жўнатади ва ғолиб келиб, Хоразмни Темурийлар салтанати таркибига киритади ҳамда вилоятни бошқаришга саркарда амир Шоҳмаликни белгилайди. Шоҳрух кўпгина низоларни сулҳ йўли билан бартараф қилган ва бунда таниқли давлат арбоблари ва шайхлар хизматидан кенг фойдаланган. Умуман, Шоҳрух ҳукмронлиги даврида шарқда Мўғулистондан тортиб ғарбда Миср ва Рум ерларигача, жанубда Ҳиндистоннинг марказий қисмидан бошлаб шимолдан то Дашти Қипчоқ чегараларигача бўлган жойлар Темурийлар салтанати таркибига кирган. Салтанатни суюрғол тизими бўйича бошқарган; мамлакат ҳудудини ўғиллари, неваралари, қариндошлари, хизмат кўрсатган садоқатли амирларига суюрғол қилиб берган. Тарихчи Ҳофизи Абрунинг “Зубдат ат-таворих” асарида ёзилишича, Шоҳрух 1443- йил Миср подшосига элчи йўллаб Каъба уйига ёпинчиқ кийгазишни сўрайди ва розилик олади. Шу асосда 1444-1445 йил каъбапўш тайёрлатиб, уни шайх Нуриддин Муҳаммад ал-Муршидий ва мавлоно Шамсиддин Муҳаммад Абҳарий воситасида Маккага жўнатади; улар каъбапўшни муқаддас Каъба уйига ёпиб қайтадилар. Шоҳрух подшоҳлик девонида кундалик ишларни доим назорат қилиб борган; қарорлар қабул қилишда кенгаш ва маслаҳатга кенг ўрин ажратган, кўпчилик фикрини инобатга олган ҳолда адолатли ҳукмлар чиқарган. Шунингдек, девонда диний ва дунёвий масалалар юзасидан етук алломалар иштирокида суҳбатлар, фиқҳ, тиб, нужум, география, тилшунослик ва бошқа фан соҳалари бўйича баҳс-мунозаралар ташкил қилган, ўзи ҳам уларда фаол қатнашган. Шоҳрух салтанати ҳудудида бунёдкорлик фаолияти учун катта имкониятлар юзага келди. Шаҳарсозлик, ҳунармандчилик, савдо, деҳқончилик, илм-фан, маданият тез суръатлар билан ривожланди. Шоҳрух бунёдкорлик ишларига, хусусан, шаҳарлар ободончилиги ва суғориш тизимини ривожлантиришга катта эътибор қаратиб Ҳирот (1405 йил), Балх (1407 йил) шаҳарларини тиклашга олий фармон берган. Чингизхон юриши чоғида хароб қилинган (1220 йил) Марв шаҳрини қайта барпо этилиб, унга Мурғоб дарёсидан ариқ қаздириб сув келтирилди. Суғориш тизими яхшиланди, янги ерлар ўзлаштирилди, экин майдонлари кенгайди. Шаҳарларда ҳунармандчилик ва савдо ривожланди, кўплаб маданий-маънавий муассасалар — мадрасалар, масжидлар, хонақоҳлар қурилди. Шоҳрух илм-фан ривожига алоҳида эътибор берди. Ҳирот, Самарқанд, Бухоро, Машҳад, Шероз ва бошқа шаҳарларда илм-фан кенг ривож топди. Мовароуннаҳрда Мирзо Улуғбек расадхона барпо этиб аниқ фанлар ривожланди; Нақшбандия таълимоти ёзма мерос тарзида шаклланди ва шу йўналишда бир қанча асарлар ёзилди. Ҳирот ва Шероз шаҳарларида тарихнависликка катта эътибор қаратилди. Амир Темур ва темурийлар тарихига оид бир қанча йирик асарлар яратилди. Темурийлар салтанатида китобат ва миниатюра санъати юксалди. Ҳиротда Мирзо Бойсунғур ва Шерозда Иброҳим Султон бу соҳаларнинг ривожига катта ҳисса қўшдилар. Шоҳрух ҳукмронлиги даврида Темурийлар салтанатининг халқаро миқёсдаги нуфузи ортди; давлатлар ўртасидаги элчилик муносабатларига Шоҳрух жуда катта эътибор берган. Унинг ҳузурига Хитой, Ҳиндистон, Миср, Шом, Рум, Европа, Дашти Қипчоқ ҳукмдорларидан элчилар келгани ва Шоҳрух ҳам ўз элчиларини жўнатгани ҳақида Темурийлар даври тарихий манбаларида маълумотлар қайд этилган ва иккита элчилик ҳақида мукаммал кундалик ҳам ёзилган. 1419-1422 йиллар Хитойга бориб келган сафар хотиротлари, унда бевосита қатнашган Ғиёсиддин Наққошнинг кундалиги ҳамда 1442-1444 йиллар Жанубий Ҳиндистонга бориб қайтган элчиларнинг сафар тафсилотлари, уни бошқарган Абдураззоқ Самарқандийнинг сафарномасида акс этган. Шоҳрухнинг элчилар воситасида йўллаган мактубларида савдо йўллари хавф-сизлигини таъминлаш ва халқаро савдо-сотиқни ривожлантириш алоҳида таъкидланган. Буюк ипак йўли орқали савдо ва элчилик карвонлари мунтазам қатнаб турган. Шоҳрух ўзининг халқаро сиёсатида давлатлараро тинч-тотувлик ва дўстона муносабатлар таъминланишини устувор йўналиш деб билган. Шоҳрухнинг давлатчилик сиёсатида бунёдкорлик ишларига катта эътибори натижасида илм-фан ва маданият ривожида ўзига хос уйғониш (ренессанс) бўлди ва бу ХV асрнинг 2-ярмида Алишер Навоий даврида Хуросонда илм-фаннинг юксак ривожланиши учун замин яратди. Улуғбек Муҳаммад Тарағай (1394 йил 22 март, Султония шаҳри, Эрон Озарбайжони — 1449 йил 27 октябр, Самарқанд) (1409-1449) Улуғбек ўзбек халқи тарихида буюк астроном ва математик, давлат арбоби сифатида из қолдирган. Шоҳрухнинг ўғли, Амир Темурнинг набирасидир Соҳибқироннинг “беш йиллик юриш”ида (1392-96) Ироқдаги Мордин қалъасини қамал қилиш чоғида туғилган. Шарафуддин Али Яздий “Зафарнома” асарида ёзишича, Амир Темур ҳузурига чопар келиб Улуғбекнинг туғилгани ва мунажжимлар бу невара келажакда ҳам олим, ҳам ҳукмдор бўлишини башорат қилганлари хушхабарини етказади. Соҳибқирон хурсандлигидан Мордин қалъаси қамалини тўхтатиб, унинг халқига юкланган тўловни бекор қилади. Унинг ўз набирасига Муҳаммад Тарағай ва Улуғбек деб исм қўйганини ҳам мунажжимларнинг юқоридаги башорати билан боғлаш мумкин. Амир Темур Улуғбек тарбиясига алоҳида эътибор берган ва уни давлат аҳамиятига молик тадбирларда қатнаштирган. Клавихонинг қайд этишича, Улуғбек бобосининг хорижий элчиларни қабул қилиш маросимларида иштирок этган. 1404 йил Конигилда ўтказилган тантаналарда Амир Темур олтита набирасининг (жумладан, Улуғбекнинг) никоҳ тўйларини ўтказган. Тўйда Соҳибқирон Улуғбекка Тошкент, Сайрам, Янги (ҳоз. Тароз), Ашпара ва Мўғулистонни то Хитой ҳудудигача суюрғол қилиб берган. Амир Темур Ўтрорда вафот этган чоғда Улуғбек ҳам ўша ерда бўлган. Темурийлар ўртасида тожу тахт учун кураш бошланган. Ўтрордан қайтган Шоҳрух фарзандлари — Улуғбек ва Иброҳим Султонни амирлар пойтахт Самарқандга киритмайдилар, улар Бухородан паноҳ топишган. Самарқанд тахтини Халил Султон эгаллаган. Хуросонни бошқариб турган Шоҳрух Улуғбекка дастлаб Андхўй билан Шибирғонни, кейинчалик Хуросоннинг Тус, Хабушон, Калот, Бовард, Насо, Ёзир, Сабзавор ва Нишопурдан иборат қисмини бошқаришни топширган. 1410 йил Шоҳрух Мовароуннаҳрни ўз тасарруфига киритгач, уни идора этишни Туркистон вилояти билан бирга Улуғбекка топшириб, Соҳибқирон васиятини қайта тиклаган. Улуғбек ёш (15 ёш) бўлгани сабабли амир Шоҳмалик унга ҳомий этиб белгиланган. Лекин Шоҳмаликнинг рақиби — Ўтрордаги Шайх Нуриддин ва Муҳаммад Жаҳонгирнинг Ҳисордаги волийлари 1410- йил баҳорида Улуғбек ва Шоҳмаликка қарши чиққанлар. Шу йилнинг ёзида Шоҳрух иштирокида бўлган жангда Шоҳмалик ва Улуғбек ғалаба қилганлар. 1411 йил сентабрда Шоҳрух Самарқандга келиб, Шоҳмаликни ўзи билан Ҳиротга олиб кетган ва кейинчалик Хоразмга ҳоким қилиб юборган (1413). Шу вақтдан бошлаб Улуғбек Мовароуннаҳрни мустақил идора этишга киришган. Шоҳрух Мовароуннаҳрда бошқа темурий шаҳзодаларга ҳам мулк ажратган эди. Чунончи, Ҳисори Шодмонни Муҳаммад Султоннинг ўғли Муҳаммад Жаҳонгир мирзога, Ўзганд вилоятини Умаршайхнинг ўғли Амирак Аҳмадга суюрғол қилган эди. Бироқ улар Улуғбекка тобе эдилар. 1414-15 йил улар ўртасида ихтилоф чиқиб, Улуғбек Амирак Аҳмад устига қўшин тортган ва уни енгган. Шоҳрух Амирак Аҳмадни Хуросонга чақиртириб олган; Қашғар ҳам то 1428 йилгача Улуғбекка тегишли бўлган. Улуғбек ўз ҳукмронлиги давомида 2 марта йирик ҳарбий юриш қилган. Биринчисида 1425 йил Мўғулистон хони Шермуҳаммад ўғлон (1421-1425) ўзини мустақил хон деб эълон қилганда, Улуғбек унга қарши юриш қилиб зафар қозонган. Улуғбекнинг 2-юриши Сиғноқ шаҳри томон бўлган. Сирдарёнинг қуйи ҳавзаси Улуғбек тасарруфида эди. Улуғбек 1427 йил Сиғноқ яқинида унинг мулкига таҳдид қилган Бароқ ўғлон билан тўқнашган ва мағлубиятга учраган. Душман Улуғбекни таъқиб қилиб, Самарқанд остоналаригача келган. Мовароуннаҳр хавф остида қолганлиги туфайли Шоҳрух Хуросондан катта лашкар тортиб келиб хавфни бартараф этади. Шоҳрух вафоти (1447, 12 март)дан кейин Улуғбекнинг катта ўғли Абдуллатиф ворис сифатида Темурийлар ҳукмдори бўлиб қолади. Лекин Шоҳрухнинг қаттиққўл хотини Гавҳаршод бегим бу ҳақда ўз фикрига эга эди. У Шоҳрух даврида Темурийларнинг пойтахти бўлиб қолган Ҳирот тахтига марҳумнинг 3-ўғли бўлмиш Бойсунғур мирзонинг ўғли ва суюкли набираси Алоуддавла мирзони ўтқазиш тарафдори эди. Гавҳаршод бегим Ҳирот тахтига Алоуддавлани ўтқазганини Улуғбекка нисбатан исён деб қаралмоғи керак эди. Шунинг учун Улуғбек 1448 йил баҳорида Абдуллатиф билан биргаликда 90 минг аскар билан Хуросонга келиб, Ҳирот яқинида бўлган жангда Алоуддавлани тор-мор қилади. Ғалаба Абдуллатифнинг шахсий шижоати ва лашкарбошилик истеъдоди туфайли эришилган бўлса ҳам, Улуғбек фатҳномани кичик ўғли Абдулазиз номидан эълон қилади. Ундан ташқари, бобоси Шоҳрух томонидан Абдуллатифга васият қилинган Ҳиротдаги Ихтиёриддин қалъаси ва унинг ичидаги бойликларини ҳам Улуғбек Абдулазизга беради. Шундан сўнг Улуғбек билан Абдуллатиф ўртасидаги муносабат очиқ душманлик тусини олади. Улуғбек Самарқандда Абдулазизни қолдириб, лашкар билан катта ўғлига қарши жангга юради. Абдуллатиф ҳам ўз лашкари билан Амударё ёқасига келиб туради. Иккала лашкар ҳам дарёнинг 2 соҳилида узоқ муддат туриб, сувни кечиб ўтишга ботинмайди. Бу орада Улуғбек, Абдулазиз лашкардаги амирларнинг оилаларини таъқиб этаётир, — деган хабарни эшитиб, Самарқандга қайтиб келишга мажбур бўлади ва шаҳар аҳолисининг Абдулазизга қарши исён кўтарганининг гувоҳи бўлади. Тезда шаҳарни тартибга келтириб, яна Абдуллатифга қарши жангга йўлланади, лекин Самарқанд яқинида ундан мағлубиятга учрайди. Орадан кўп ўтмай, Улуғбек Абдуллатиф буйруғи билан қатл этилади. Унинг жасади Гўри Амир мақбарасига дафн этилган. Улуғбек отаси Шоҳрух даврида сиёсий ҳукмдор сифатида ички ва ташқи сиёсат бобида бирмунча мустақил бўлган. Бошқа давлатлар билан бевосита савдо ва элчилик муносабатлари олиб борган. Улуғбек даврида Самарқанд шаҳри янада равнақ топган. Шаҳарда ҳунармандчилик, меъморлик, адабиёт, умуман илм-фан юксалди, савдо тараққий этди. Бухорода (1417), Самарқандда (1420), Ғиждувонда (1432-33) мадрасалар ва Марвда хайрия муассасалари қурилди. Мадрасаларда диний фанлар билан бирга дунёвий фанлар ҳам ўқитилди, кўпроқ аниқ фанларга аҳамият берилди. Бибихоним масжиди, Амир Темур мақбараси, Шоҳизинда ва Регистон мажмуалари қурилишлари поёнига этказилди. Бундан ташқари, мамлакатда кўплаб жамоат иншоотлари (карвонсарой), тим, чорсу, ҳаммомлар ва бошқа ҳам бунёд этилган. Улуғбек Ўрта Осиё халқлари илм-фани ва маданиятини ўрта аср шароитида дунё фанининг энг юқори поғонасига олиб чиқди. Унинг қилган энг буюк иши — Самарқанд илмий мактабини ўша давр академиясини барпо этганлиги бўлди. Бу илмий мактабда 200 дан ортиқ олимлар фаолият олиб борган. Улар орасида энг йириклари Қозизода Румий, Ғиёсиддин Жамшид Коший эди. Улуғбекнинг илмий мактаби ўз фаолиятида ўртаосиёлик машҳур олимлар Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад ал-Фарғоний, Абул Аббос ал-Жавҳарий, Ибн Турк ал-Хутталий, Холид ал-Марваррудий, Аҳмад ал-Марвазий, Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Берунийлар бошлаб берган илмий анъанага асосланар эди. Улуғбек Самарқанд яқинида расадхона барпо қилди. Улуғбек академиясидаги йирик олим — Али Қушчини Улуғбек “Зижи”нинг сўзбошисида “фарзанди аржуманд”, яъни “азиз фарзандим” дейди. Аслида у Улуғбекнинг садоқатли шогирди бўлиб, “Зиж” устида ишлар поёнига етказилгунига қадар устозига ёрдам берган. Улуғбек Самарқандда 2 та мадраса: бири — Регистон ансамбли таркибида ва иккинчиси Гўри Амир ансамбли таркибида барпо қилган. Бошқа йирик олимлар қаторида Улуғбекнинг ўзи ҳам бу мадрасаларнинг ҳар бирида ҳафтада бир маротаба маъруза ўқиган. Бошқа вақтини кўпроқ астрономик кузатишларга, “Зиж” устида ишлашга ва давлат ишларига бағишлаган. Улуғбекнинг яна бир математик асари “Рисолаи Улуғбек” деб аталади ва унинг 1-нусхаси Ҳиндистонда Алигарх университети кутубхонасида сақланади, ҳали ўрганилмаган. Фан ва маданият тарихида сўнмас из қолдирган Улуғбекнинг илмий мероси унинг “Зиж”идир. Бу асар сайёралар, Қуёш ва Ой ҳаракатини талқин қилиш, юлдузлар каталоги ва унда қўлланилган математик усуллари бўйича ўрта асрлардаги астрономик асарларнинг энг мукаммали бўлганлиги учун авваламбор у мусулмон мамлакатларидаги олимларнинг диққатини жалб қилган. “Зиж”га илк шарҳни Улуғбекнинг шогирди Али Қушчи “Чарҳи Зижи Улуғбек” номи билан ёзган. Ўша ХV асрнинг ўзида қоҳиралик мунажжим Шамсиддин Муҳаммад ас-Сўфий ал-Мисрий “Ташил Зижи Улуғбек” (“Улуғбек “Зиж”ини осонлаштириш”) номли асар ёзиб, унда Улуғбек жадвалларини Қоҳиранинг географик кенглигига мослаштирди. Улуғбек “Зиж”ига ёзилган энг мукаммал шарҳ Самарқанд илмий мактабининг энг сўнгги намояндаси Низомиддин Абдул Али ибн Муҳаммад ибн Ҳусайн Биржандийнинг 1523 йил ёзиб тугатилган “Шарҳи Зижи Улуғбек” асаридир. Улуғбекнинг номи Европада ва умуман Ғарб мамлакатларида буюк бобоси Амир Темурнинг шуҳрати туфайли анча илгари маълум бўлган. Европа Амир Темур ва унинг оила аъзолари ҳақида 1-бўлиб Самарқандга 1403-1405 йиллар саёҳат қилган Испания элчиси Руи Гонсалес де Клавиходан эшитган. Клавихонинг “Кундаликлар”и 1582 йил Севиляда ва 1607 йил Парижда нашр этилганидан сўнг европаликлар дарҳол Амир Темур ва унинг оила аъзолари билан қизиққанлар. Улуғбек номи ХVIИ аср бошиданоқ (1601 йилдан) Амир Темурга бағишланган драматик асарларда эслатилади. Бевосита Улуғбекка бағишланган Европадаги 1-нашр инглиз астрономи Жон Гривс (1602-52) қаламига оид. Унинг 1648 йил нашр этилган асарида Улуғбек юлдузлар жадвалининг бир қисми (98 та юлдуз) илова қилинган. 1665 йил яна бир инглиз олими Томас Хайд (1636-1703) Гривс билан боғланмаган ҳолда “Зиж”даги юлдузлар жадвалини форсий ва лотинча таржимада нашр этган. 1690 йил Гданскда поляк астрономи Ян Гевелий чоп эттирган “Юлдузлар осмонининг атласи”даги иккита гравюрада ўша даврнинг машҳур астрономлари орасидан Улуғбекка фахрли ўрин берган, унда Улуғбекнинг юлдузлар жадвалини Птолемей, Тихо Браге, Риччиоли, Вилгелм IV ва ўзининг жадваллари билан солиштирган. 1711 йил Оксфордда Улуғбекнинг географик жадвали 3-марта нашр этилган. 1807 йил ўша ерда бу жадвал янги грек тилида ҳам нашр этилган. 1725 йил инглиз астрономи Д. Флеметид (1646-1719) Улуғбекнинг юлдузлар жадвалини Птолемей, Тихо Браге, Вилгелм ИВ, Ян Гевелий ва ўзининг жадваллари билан бирга нашр этган. 1908-09 йиллар В.Л. Вяткин Улуғбек расадхонасининг харобаларини ва унинг асосий асбоби — квадрантини кавлаб топгандан сўнг, Самарқанд олимларининг фаолиятига янгидан қизиқиш бошланади. Натижада 1918 йил В.В.Бартолднинг “Улуғбек ва унинг даври” асари нашр этилган. Совет даврида Улуғбекнинг ҳаёти ва ижоди билан мамлакат жамоатчилигини таништириш бўйича Т.Н.Қори-Ниёзий кўп саъй-ҳаракат қилган. Улуғбек ижодини тарғиб қилишда Ғ.Жалолов ва В.П.Шчегловларнинг нашрлари ҳам диққатга сазовордир. ХХ асрнинг 80 йиллари бошига келиб Улуғбек “Зиж”ининг тўлиқ ва мукаммал ҳолда, илмий изоҳлар билан таъминланган таржимасини А. Аҳмедов 1994 йил амалга ошириб, нашр эттирди. Яқин йилларгача Улуғбек фақат астроном ва математик деб ҳисобланарди. Лекин ХХ аср охирида унинг ижоди серқирра бўлиб, у тарих, шеърият ва мусиқа бобида ҳам қалам тебратгани аниқланди. Тарихчи Мирзо Муҳаммад Ҳайдар “Тарихи Рашидий” асарида “Мирзо Улуғбек тарихнавис донишманд (ва) “Тўрт улус” (тарихи)ни (ҳам) ёзиб қолдирган эди”, деб ёзган. Улуғбекнинг туркийда ёзган “Тарихи арбаъ улус” (“Тўрт улус тарихи”) асари Чингизхон босиб олган мамлакатларнинг XIII-ХИВ асрлар 1-ярмидаги сиёсий ҳаётини ўрганишда муҳим манбадир. Навоийнинг “Мажолис ун-нафоис” ва Абу Тоҳирхожанинг “Самария” асарларида ҳам унинг шеърларидан намуналар келтирилган. Унинг даврида кўпгина асарлар араб ва форс тилидан эски ўзбек тилига таржима қилинган. Улуғбек ташкил этган бой кутубхонада турли фанларга оид 15 мингдан ортиқ жилдли китоб бўлган. Улуғбек ёшлигидан ўзга фанлар қатори мусиқа илмидан сабоқ олиб, бир қатор куй ва усуллар яратган, бу соҳага оид 5 та рисола ҳам ёзган. “Рисола дар илми мусиқа” номли асари мусиқа тарихига бағишланиб, унда “12 мақом баёни”га доир махсус боби ҳам бўлган. Улуғбек “булужий”, “шодиёна”, “ахлоқий”, “табризий”, “усули равон” ва “усули отлиг” куйларини ижод қилади. Улуғбек таваллудининг 600 йиллиги 1994 йил апрелда Парижда, октабрда Тошкент ва Самарқандда тантанали равишда нишонланди ва халқаро конференсиялар ўтказилди. Шу йили Тошкентда Улуғбекка ҳайкал ўрнатилди. Улуғбек сиймоси Пулково расадхонаси, Москва университети конференс-залларида дунёдаги машҳур олимларнинг портретлари қаторидан жой олган. Самарқандда Улуғбекнинг мемориал музейи ташкил этилган. Тошкентда Ўзбекистон миллий университети, туман, кўча, маҳалла, метро стансияси, истироҳат боғи, шаҳарча Улуғбек номи билан аталади. Фарғона педагогика университетига, Самарқанд архитектура-қурилиш институтига, Китоб халқаро кенглик стансиясига, қишлоқ, мактаб ва бошқага Улуғбек номи берилган. Улуғбекнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида песа (М.Шайхзода, “Мирзо Улуғбек” трагедияси), роман (О.Ёқубов, “Улуғбек хазинаси”; С.Бородин, “Самарқанд осмонида юлдузлар”), опера (А.Козловский, “Улуғбек”), поема (М.Бобоев, “Улуғбек”), балет (М.Бафоев, “Улуғбек буржи”), филм (Реж. Латиф Файзиев, “Улуғбек юлдузи”, 1965) ва бошқа яратилган. Абдуллатиф (1423–1450), (1449-1450) Мовароуннаҳрда 1449-1450 йилларда ҳукмронлик темурий ҳукмдор. Улуғбекнинг ўғли. Шоҳрух саройида тарбия олган, ҳарбий юришларда қўшиннинг ўнг қанотига қўмондонлик қилган. Гавҳаршод бегим ва тархон амирлар Шоҳрух ўлимидан сўнг (1447) Абдулатифни олий бош қўмондонликка тайинлаб, унинг амакиваччаси Алоуддавлани тахтга ўтқазишган. Бу қарордан норози бўлган Абдулатиф Алоуддавлага қарши уруш очган, лекин Нишопур яқинидаги жангда (1447) енгилиб, ҳибсга олинган. Улуғбек фарзанди ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида Алоуддавла билан сулҳ тузишга мажбур бўлган. Унга кўра, Алоуддавла Хуросон ҳукмдори деб тан олиниб, Абдулатифга Балх улуси берилган. Абдулатиф Улуғбекнинг 1448 йил илк баҳоридан ёзигача Алоуддавла ва Абулқосим Бобурга қарши жангларида қатнашган. Сўнг, тож-тахтни эгаллаш мақсадида отасига қарши Абулқосим Бобур билан иттифоқ тузган. Улуғбек Абдулатифга қарши қўшин тортган ва Амударё бўйида икки томон қўшини 3 ой муқобил турган (1449). Самарқандда қолган беклар исёни туфайли Улуғбек пойтахтга қайтишга мажбур бўлган, натижада Абдулатиф Амударёдан ўтиб Термиз, Шаҳрисабзни эгаллаган. Самарқанд яқинидаги Дамишқ қишлоғи ёнида отасини енгиб, тахтни эгаллаган (1449). Абдулатифнинг розилиги билан Улуғбек ва укаси — Абдулазиз Мирзо қатл этилган. Абдулатиф олти ойлик ҳукмронлигидан сўнг, Улуғбекнинг хос навкарларидан Бобо Ҳусайн баҳодир томонидан ўлдирилган (1450 йил 8-май). Абдулатиф ўжар, худбин ва шуҳратпараст бўлсада, отаси Улуғбек каби илм ахлига ихлосманд эди. У ўзи ҳам фалакиёт ва тарих илми билан шуғулланар, шеърлар битарди. Абдулла Мирзо (1433-1451), (1450-1451) Мовароуннаҳр ҳукмдори (1450-1451). Темурийлардан. Улуғбекнинг укаси Иброҳим Мирзонинг кенжа ўғли. Отаси вафотидан сўнг, Форс вилоятига ҳоким қилиб тайинланган. Бироқ у ҳали ёш бўлгани сабабли давлат ишларини онаси Руқия бегим билан отабек Шамсиддин Шерозий бошқарган. 1447 йил амакиваччаси Султон Муҳаммад Мирзо Форс вилоятини босиб олгач, Ҳиротга қочиб келган. 1448 йилда эса амакаси Улуғбекнинг хизматига кириб, унинг қизига уйланган. Абдуллатифдан кейин Мовароуннаҳр тахтига ўтирган. Аммо тожу тахт даъвогари Султон Абу Саид Мирзога қарши жангда ҳалок бўлган. Султон Абу Саид Султон Абу Саид Мирзо ибн Султон Муҳаммад, (1424-1469), (1451-69) Темурийлардан бўлган Мовароуннаҳр (1451-69) ва Хуросон (1458-69) ҳукмдори. Мироншоҳнинг набираси. Шоҳруҳ ва Улуғбек вафотидан сўнг Темурийлар давлатида бошланган тахт учун кураш чоғида Улуғбекнинг ўғли Абдулатиф томонидан Бухоро зиндонига ташланган. Абдулатифнинг ўлимидан сўнг (1450) озод қилинган. Абу Саид Мовароуннаҳр тахтига ўтирган Мирзо Абдуллага қарши Абулхайрхон ёрдамида қўшин тортган ва 1451 йил Булунғур жангида уни тор-мор келтириб, Самарқанд тахтини эгаллаган. У миннатдорчилик сифатида Улуғбек мирзонинг қизи Робия Султонбегимни Абулхайрхонга хотинликка берган. Сўнг Абу Саид Тошкентдан ўз пири Хожа Аҳрорни чақиртириб олган. Хуросон ҳокими Абулқосим Бобур вафоти (1458)дан сўнг Ҳирот, Астробод, Мозандарон Абу Саид қўлига ўтиб, марказий ҳокимият тикланган. Бироқ мамлакатнинг ғарбий ҳудудлари нотинч эди, хусусан Ғарбий Эрон темурийлар тасарруфидан чиқиб, қора қўюнлилар сулоласи қўлига ўтиб қолганди. Абу Саид 1468 йил кузида уларга қарши қўшин тортади, лекин 1469 йил қишида Муғон даштида оқ қўюнлилардан Узун Ҳасан билан бўлган жангда енгилиб, ҳалок бўлади. Абу Саид даврида Мовароуннаҳр ва Хуросонда ҳунармандчилик, савдо-сотиқ ривожланган, қўшни мамлакатлар билан элчилик муносабатлари яхши йўлга қўйилган. У Ҳиротда сарой, камончилар машқгоҳи, кўприклар, кўшклар, шаҳар дарвозалари қурдирган, ариқ ва ҳовузлар қазитиб, боғ-роғлар бунёд этган. Султон Аҳмад Мирзо (1451 йил, Самарқанд – 1494 йил, Оқсув мавзеси, Ўратепа), (1469-1494) Темурийлардан бўлган Мовароуннаҳр ҳукмдори (1469-1494). Абу Саид Мирзонинг катта ўғли. Онаси – Ўрда Буға Тархоннинг қизи. Отаси унга Самарқанд ва Бухоро вилоятлари ҳокимлигини берган. Кейинчалик Тошкент, Шоҳруҳия ва Сайрамни ўз тасарруфига киритган. Тошкент ва Сайрамни укаси Умар Шайх Мирзога топширган. Хўжанд билан Ўратепа ҳам бир неча муддат унинг тасарруфида бўлган. 1493 йил Султон Аҳмад Мирзо куёви, Тошкент хони Султон Маҳмудхон билан иттифоқ тузиб Андижонга – Умар Шайх Мирзога қарши юриш бошлайди, улар Андижон, Ахси ва Марғилонни қамал қиладилар. Шу пайтда Ахсида Умар Шайх Мирзо тўсатдан вафот этиб, тахтга 12 ёшли Бобур ўтирган. Бек ва амирлар халқни душманга қарши сафарбар этадилар. Султон Маҳмудхон Тошкентга қайтиб кетган. Султон Аҳмад Мирзо Бобурга Фарғона ҳукмронлигини “инъом” этиб Самарқандга қайтган, бироқ Ўратепага етганда вафот этган. Султон Аҳмад Мирзо Мовароуннаҳрда нуфузи ниҳоятда баланд бўлган Хожа Аҳрорни ўзига пир тутган. Ойша Султон бегим ва Маъсума Султон бегим исмли қизлари Бобурнинг хотинлари бўлган. Султон Маҳмуд Мирзо (1453 – Самарқанд – 1495 йил), (1494-1498) Самарқанд ҳокими (1494-1498). Темурийлардан. Абу Саид мирзонинг 3-ўғли. Отаси даврида Астробод вилояти ҳокими. Абу Саид Мирзо вафоти (1469)дан сўнг Термиз, Чағониён, Ҳисор, Хатлон, Қудуз, Бадахшон ва Ҳиндикуш тоғларигача бўлган ерлар унинг тасарруфига ўтган. Акаси Султон Аҳмад Мирзонинг вафоти (1494)дан сўнг эса, Самарқанд тахтига ўтирган. У зулмни ҳаддан оширгани учун мамлакатнинг катта кичик аслзодалари, сипоҳийлар ва оддий халқ ҳар тарафга тарқалиб қоча бошлаган. Султон Маҳмуд Мирзо тахтга даъвогар бўлиб келган амакиваччаси Малик Муҳаммад Мирзо ва у билан бирга келган мирзоларни қатл эттирган. Султон Маҳмуд Мирзо ўз ҳукмронлиги даврида 2 марта Ҳусайн Бойқаро билан жанг қилиб, иккаласида ҳам мағлуб бўлган. Бобурнинг Султон Нигор хоним исмли холаси унинг 4-хотини. Султон Али Мирзо (1483-1500), (1498-1500) 1498-1500 йилларда Мовароуннаҳрда ҳукмронлик қилган сўнги темурий ҳукмдор. Султон Маҳмуд Мирзонинг 3-ўғли. Онаси — Зуҳра бегим. Отасининг вафотидан сўнг Қарши вилояти ҳокими бўлиб, кейинчалик акаси Бойсунғурдан Бухорони (1497 йил декабр), Бобур эса, Самарқандни тортиб олган. Бобур ота мерос шаҳри Андижон душман қўлига ўтиши мумкинлиги ҳақида хабар топиб, бекларидан бирини Самарқандда қолдириб, Андижон томон юрган. Бундан фойдаланган Султон Али Мирзо Самарқандни ишғол қилади (1498 йил фев.-март). 1499 йилда Султон Али Мирзо билан Муҳаммад Мазид тархон орасида низо вужудга келади. Тархонлар Мовароуннаҳрда катта нуфузга эга эдилар. Мазид тархон Самарқанд ва унинг атрофидаги мулкларни ўз ўғиллари, қариндош-уруғлари ва яқин кишилари ихтиёрига бериб қўйган эди. Султон Али Мирзо тахтга муқим ўрнашиб олгач, Мазид тархонга қарши сиёсат юритади. Натижада Мазид тархон Самарқанддан чиқиб кетади. Шунда Тошкент ҳокими Султон Маҳмудхон жияни Хон Мирзони (Мирзохон, Султон Али Мирзонинг укаси) мўғул қўшинлари билан Самарқандни забт этишга жўнатади. Султон Али Мирзо Самарқанд ташқарисида, Ёряйлоқда бўлган жангда ғолиб чиқади. Онаси Зуҳра бегимнинг нодонлиги туфайли ёзилган мактуб сабаб Шайбонийхон Самарқандни жангсиз эгаллайди (1500). Султон Али Мирзо Қўлба яланглигида қатл этилади. # Teýmiriler dinastiýasy. | |
|
Teswirleriň ählisi: 0 | |