06:13 Zahyruddin Muhammet Babyr | |
Заҳириддин Муҳаммад Бобур (1483-1530)
Taryhy şahslar
«…У турли фазилатлар билан безанган ва мақтовли хислатларга эга бўлган бир подшоҳ эди. Ушбу барча фазилатларидан шижоат ва муруввати устун турарди. Туркий шеърни Амир Алишердан кейин ҳеч ким Бобур ёзган даражада ёзган эмас». Мирзо Муҳаммад Ҳайдар. «Тарихи Рашидий»дан. «Бобур дилбар шахс эди. Уйғониш даврининг ажойиб султони, кучли, тадбиркор киши бўлиб, санъатни, адабиётни, гўзалликни севарди». Жавоҳарлаъл Неру. «Ҳиндистоннинг кашф этилиши» китобидан. «Бобур феъли-сажиясига кўра Цезарга қараганда севишга арзигуликдир. Унинг манглайига юксак фазилатли инсон деб битиб қўйилган». Эдуард Холден, инглиз тарихчиси. «Саховати ва мардлиги, истеъдоди, илм-фан, санъатга муҳаббати ва улар билан муваффақиятли шуғулланиши жиҳатидан Осиёдаги подшоҳлар орасида Бобурга тенг келадиган бирорта подшоҳ топилмайди». Уильям Эрскин, «Бобурнома» таржимони. Бобур (тахаллуси; тўлиқ исми Заҳириддин Муҳаммад ибн Умаршайх Мирзо) (1483.14.2, Андижон 1530.26.12, Агра) — ўзбек мумтоз адабиётининг йирик вакили: буюк шоир; тарихчи, географ; давлат арбоби, истеъдодли саркарда; бобурийлар сулоласи асосчиси, темурий шаҳзода. Бобурнинг отаси — Умаршайх Мирзо Фарғона вилояти ҳокими, онаси — Қутлуғ Нигорхоним Мўғулистон хони ва Тошкент ҳокими Юнусхоннинг қизи эди. Бобурнинг онаси ўқимишли ва оқила аёл бўлиб, Бобурга ҳокимиятни бошқариш ишларида фаол кўмак берган, ҳарбий юришларида унга ҳамроҳлик қилган. Умаршайх Мирзо хонадони пойтахт Андижоннинг арки ичида яшар эди. Ҳоким ёз ойлари Сирдарё бўйида, Ахсида, йилнинг қолган фаслини Андижонда ўтказарди. Бобурнинг ёшлиги Андижонда ўтган. Бобур барча темурий шаҳзодалар каби махсус тарбиячилар, йирик фозилу уламолар устозлигида ҳарбий таълим, фиқҳ илми, араб ва форс тилларини ўрганади, кўплаб тарихий ва адабий асарлар мутолаа қилади, илм-фанга, шеъриятга қизиқа бошлайди. Довюраклиги ва жасурлиги учун у ёшлигидан «Бобур» («Шер») лақабини олади. Бобур отаси йўлидан бориб, машҳур суфий — Хожа Аҳрорга ихлос қўяди ва унинг тариқати руҳида вояга етади, умрининг охирига қадар шу эътиқодга содиқ қолади. Кейинчалик, «Бобурнома» асарида Бобур Хожа Аҳрор руҳи бир неча бор уни муқаррар ҳалокатдан, хасталик ва чорасизлиқдан халос этганини, энг оғир шароитларда раҳнамолик қилганлигини таъкидлайди. Отаси Ахсида бевақт, 39 ёшида фожиали ҳалок бўлгач, оиланинг катта фарзанди, 12 ёшли Бобур валиаҳд сифатида тахтга ўтиради (1494 йил июнь). Мовароуннаҳр 15-аср охирида ўзаро низолашаётган темурий шаҳзодалар ёки мулкдор зодагонлар бошчилик қилиб турган, деярли мустақил бўлиб олган кўпдан-кўп вилоятларга парчаланиб кетган эди. Мовароуннаҳр тахти учун кураш авжга чиққан, турли сиёсий фитналар уюштирилмоқда эди. Бунинг устига Умаршайх Мирзога тобе бир неча бек ва ҳокимлар ёш ҳукмдорга (Бобурга) буйсунишдан бош тортадилар. Уларнинг айримлари Бобурнинг укаларини ёқласа, баъзилари мустақиллик даъвосини қилади, яна бошқа бирлари Бобурга рақиб, бошқалари амаки, тоғаларига қўшилиб, уни жисмонан йўқотиш пайига тушади. Ўз амакиси ва тоғаси бўлмиш Султон Аҳмад Мирзо билан Султон Маҳмудхон хуружларини даф қилган Бобур ҳукмронлигининг дастлабки 2—3 йилида мавқеини мустаҳкамлаш, бек ва амалдорлар билан ўзаро муносабатни яхшилаш, қўшинни тартибга келтириш, давлат ишларида интизом ўрнатиш каби муҳим чора-тадбирларни амалга оширади. Бобурнинг дастлабки сиёсий мақсади Амир Темур давлатининг пойтахти, стратегик ва географик жиҳатдан муҳим бўлган Самарқандни эгаллаш ва Мовароуннаҳрда марказлашган кучли давлатни сақлаш, мустаҳкамлаш ҳамда Амир Темур салтанатини қайта тиклашдан иборат эди. Бу пайтда, қисқа муддат ичида Самарқанд тахтига учинчи ҳукмдор келган эди. Султон Аҳмад Мирзо вафоти (1494 йил июль) дан кейин тахтга ўтирган Султон Маҳмуд Мирзо Самарқандда давлатни 5—6 ойдан ортиқ идора этмади — қисқа муддатли касалликдан сўнг 43 ёшида вафот этди. Унинг ўрнига Бухорода ҳоким бўлган ўғли Бойсунғур ўтиради. 1495—96 йилларда Бобур Самарқандга икки марта муваффақиятсиз юриш қилади. 1497 йил кузида у Самарқанд атрофидаги бир қанча жойларни ва 7 ойлик қамалдан сўнг Самарқандни эгаллайди, Бойсунғур Қундузга қочади. Шаҳар қамал туфайли ниҳоятда оғир кунларни бошидан кечирмоқда эди. Ҳатто эккулик дон ҳам топиш мушкул эди. Бобур қўшинни таъминлашда катта қийинчиликларга дуч келди. Навкарларидан айримлари Андижон ва Ахси томон қочиб кетадилар. Бунинг устига Андижонда қолган айрим беклар Бобурдан юз ўгириб, унинг укаси Жаҳонгир Мирзо тарафига ўтадилар. Андижондан кўнгли нотинч бўлган ва иқтисодий қийинчиликларга учраган, айни замонда оғир хасталикни бошидан кечирган Бобур Самарқандни юз кун идора этгандан сўнг, уни тарк этишга қарор килади. Аммо Хўжандга етганда Андижон ҳам қўлдан кетиб, мухолифлар ихтиёрига ўтганини эшитади. Бобурнинг Тошкент ҳокими, тоғаси Маҳмудхон кўмагида Андижонни қайта эгаллашга уриниши натижа бермайди. Бу муваффақиятсизлик Бобур қўшинига салбий таъсир этиб, кўпчилик бек, навкарлар (700—800 киши) Бобурни тарк этади. Ўзига содиқ кишилар (200—300) билан қолган Бобур маълум муддат Хўжандда тургач, Тошкентга — Маҳмудхон ҳузурига келиб, Андижонни қайтариб олиш режасини туза бошлайди. Маълум муддат ўтгач, Бобур Хўжандга қайтади, кўп ўтмай, Марғилонни қўлга киритади ҳамда Андижонни эгаллаш тадбирларини кўради. Ниҳоят, 2 йилдан сўнг (1498 йил июнь) уни қайта қўлга киритади. Бобур укаси Жаҳонгир Мирзо билан сулҳ тузиб, унинг ихтиёрида «Хўжанд сувининг Ахси тарафи вилоятларини…» қолдиради, Андижон тарафи вилоятларини ўз тасарруфига олади. Темурийларнинг ўзаро урушлари кучайган кезларда Шайбонийхон Мовароуннаҳрни истило қилишга киришади. У 1499 йил Жиззах ва Самарқанд орқали Қарши ва Шаҳрисабзгача босиб боради, катта ўлжа билан Дашти Қипчоққа қайтади. Орадан кўп ўтмай,катта куч билан Мовароуннаҳрга қайтган Шайбонийхон Бухоро ва Қоракўлни эгаллайди (1499), Султон Али Мирзо калтабинлик билан Самарқандни Шайбонийхонга жангсиз топширади (1500). Бироқ, шаҳар аҳолиси ва зодагонларининг маълум қисми темурийлар ҳукмдорлигини тиклаш тарафдори эди. Улар Фарғона ҳокими Бобурга мактуб йўллаб, Самарқандни ишғол қилишга даъват этганлар. Бобур 1500 йил кеч кузида ўз қўшини (240 киши) билан Самарқандга етиб келгач, аҳоли унга пешвоз чиқиб, шаҳар дарвозаларини очиб беради. Шайбонийхоннинг шаҳар ҳимояси учун қолдирган 600 нафар аскари қириб ташланади. Шайбонийхон Бухорога чекинади. Қисқа вақт ичида Самарқанднинг барча туманлари, Қарши ва Ғузор шаҳриларида Бобур ҳокимлиги эътироф этилади. Аммо шаҳарда озиқ-овқат заҳиралари тугаб, очарчилик бошланган эди. Бундан хабар топган Шайбонийхон катта куч тўплаб, яна Самарқандга юриш бошлайди. 1501 йил апрелда Зарафшон бўйидаги Сарипул қишлоғи яқинида бўлган жангда Бобур қўшинлари енгилади. Бобур Самарқандга чекинади. Шаҳар яна қамал қилиниб, у тўрт ой давом этади. Қамалда қолган шаҳар аҳолисининг очликдан тинкаси қурийди, Бобур 1501 йилнинг 2-ярмида ноиложликдан Самарқандни тарк этиб, Тошкентга, Маҳмудхон ҳузурига йўл олади. Бобур Темурийлар салтанатини ҳимоя қилиш ва уни сақлаб қолиш учун астойдил ҳаракат қилиб, Шайбонийхонга қарши бир неча йил давомида муттасил кураш олиб борса-да, аммо мамлакатда ҳукм сурган оғир иқтисодий танглик ва сиёсий парокандалик шароитида мақсадига эриша олмайди. 1503 йил Тошкент хони Маҳмудхон, Бобур ва қалмоқларнинг бирлашган қўшини Шайбонийхон томонидан Сирдарё бўйида тормор қилинади. Бобур Самарқанд тахти учун курашаётган пайтда Андижонни Султон Аҳмад Танбал эгаллаб олади. 1501—04 йилларда Бобур Фарғона мулкини қайтариб олиш учун Султон Аҳмад Танбал, Жаҳонгир мирзоларга қарши олиб борган кураши муваффақиятсизлик билан тугайди. Темурийларнинг тўхтовсиз жанглари ва оғир солиқларидан толиққан халқ Бобурни қўлламади ва у Мовароуннаҳрни тарк этишга (1504 йил июнь) мажбур булади. Бобур 200—300 навкари билан Ҳисор тоғлари орқали Афғонистонга ўтади ва у ердаги ички низолардан фойдаланиб Ғазни ва Кобулни эгаллайди. Бобур Кобулни эгаллагач, мустақил давлат тузишга жадал киришади, қўшинни тартибга келтиради, қаттиқ ички интизом ўрнатади. Кобулга, умуман Афғонистонга Бобур ўз юрти каби қаради, қурилиш, ободонлаштириш, касбу ҳунар ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ишларини бошлаб юборади. «Боғи Шаҳроро», «Боғи Жаҳоноро», «Ўртабоғ», «Боғи вафо» ва «Боғи Бобур» каби оромгохлар ташкил этди. Шаҳар ичидаги Боло Ҳисор қалъасини ўз қароргоҳига айлантириб, уни қайта таъмирлатди, янги иморатлар қурдирди ва оиласи билан шу қалъада яшади. Унинг Ҳумоюн, Гулбаданбегим, Комрон ва Ҳиндол исмли фарзандлари шу ерда туғилади. 1506 йил баҳорда вафот этган Қутлуғ Нигорхоним Мирзо Улуғбек шу ерда бунёд эттирган «Боғи Наврўзий»га дафн этилади. Бобур Афғонистонда бир фотиҳ сифатида эмас, балки шу юрт, эл ободонлиги ва равнақи учун жон куйдирган тадбирли ҳукмрон сифатида қизғин фаолият кўрсатди, унинг манфаатлари йўлида одилона ва оқилона иш тутди. Афғонистондаги амалий фаолиятига кўра, Бобур бутун Хуросон ва Мовароуннаҳрда қудратли давлат бошлиғи ва музаффар саркарда сифатида катга обрў орттира борди, минтақадаги сиёсий ҳаёт эътиборли ўринга кўтарилди. Шайбонийларнинг тобора кучайиб бораётган юришига қарши биргаликда чора кўриш масаласида Султон Ҳусайн Бойқаро барча темурий ҳукмдорлар қаторида Бобурни ҳам маслаҳат йиғинига махсус таклиф этиши ана шундай юксак нуфузни кўрсатувчи далилдир. Бобур шу таклиф бўйича Ҳиротга отланади. Ҳусайн Бойқаронинг тўсатдан вафот этишига (1506) қарамай, у Ҳиротга боради ва темурий ҳукмдорлар билан учрашиб музокаралар ўтказади. Темурий ҳукмдорларнинг бирлашиб Шайбонийхон қўшинларига тўсиқ қўйиш режалари амалга ошмайди ва тез орада бирин-кетин мағлубиятга учраб, салтанатни батамом қўлдан чиқарадилар. 1507 йил бошларида Бобур Ҳиндистонга юриш бошлайди. Аммо, бу уриниши муваффақиятсиз тугаб, яна пойтахт Кобулга қайтади. Бобур Мовароуннаҳр ва Хуросондаги сиёсий вазият ва уруш ҳаракатларини кузатиб боради, ўз қўшинларини доимо шай тутади. Шайбонийхон Хуросоннинг йирик марказларини қўлга киритгач, Эронни забт этиш учун юриш бошлайди. Аммо, Эрон шоҳи Исмоил Сафавий билан қаттиқ тўқнашувда (1510) енгилади, ўзи ҳам Марвда ҳалок бўлади. Шоҳ Исмоил Хуросон ва Мовароуннаҳрга қўшин киритиб шайбонийларга кетма-кет шикаст етказа бошлайди. Бобур шоҳ Исмоил билан ҳарбий-сиёсий иттифоқ тузиб, 1511 йил баҳорида Ҳисорни, ёзида Бухорони, октябрь бошида эса Самарқандни яна қўлга киритади. Бобурнинг шиа мазҳабидаги эронийлар раъйи билан иш тутиши аҳолида норозилик туғдиради. 1512 йил 28 апрелда Кўли малик жангида Убайдулла Султон бошлиқ шайбонийлардан енгилган Бобур Ҳисор томон кетади. 1512 йил кузида Бобур шоҳ Исмоил юборган Нажми Соний лақабли лашкарбоши билан Балхда учрашиб, Амударёдан кечиб ўтиб, аввал Ҳузар (Ғузор) қалъасини олади, сўнг Қаршига юриш қилади, шаҳар узоқ муддатли қамалдан сўнг таслим бўлади, шаҳар ҳимоячилари қаттиқ жазоланади. 1512 йил 24 ноябрда Ғиждувон жангида Бобур шайбонийлардан яна енгилиб, Кобулга қайтишга мажбур бўлади. Бобур Мовароуннаҳрни эгаллаш илинжидан узил-кесил умидини узади ва бутун эътиборини Ҳиндистонга қаратади. 1519 йил баҳорига келиб Бобур Ҳиндистонни забт этиш режаларини амалга оширишга киришади ва кейинги 5—6 йил давомида бир неча юришлар уюштиради. Ниҳоят, 1526 йил апрелда Панипатда асосий рақиби, Деҳли султони Иброҳим Лўдийнинг юз минг кишилик қўшинини 12 минглик аскари билан тор-мор қилади ҳамда Деҳлини эгаллайди. Орадан кўп ўтмай, иккинчи йирик ҳинд саркардаси Рано Санго устидан ҳам зафар қозониб, Шимолий Ҳиндистоннинг Бенгалиягача бўлган қисмини ўзига бўйсундиради. Аграни ўзига пойтахт сифатида танлаган Бобур катта қурилиш ва ободончилик ишларини бошлаб юборади. Шу тариқа Бобур Ҳиндистонда уч ярим асрга яқин ҳукм сурган қудратли бобурийлар сулоласига асос солади. Бобур Ҳиндистонда ҳам, худди Афғонистонда бўлганидек, кўплаб ижтимоий-хайрли ишларни амалга оширди, мамлакат тараққиётига жиддий таъсир кўрсатди. Тарқоқлик ва парокандаликка, ўзаро ички низо, қирғинларга барҳам бериб, вилоятларни бирлаштирди, марказлашган давлатни мустаҳкамлаш ва юртни ободонлаштиришга, илму ҳунар ва деҳқончиликни ривожлантиришга катта эътибор қаратди. Қурилиш ишларига бошчилик қилди. Бобурнинг ўз гувоҳлигига кўра, шоир сифатида ижодий фаолияти Самарқандни иккинчи марта эгаллаган вақтда бошланган; «Ул фурсатларда бирор-иккирар байт айтур эдим», деб ёзади у. Бобур Самарқанддалигининг илк ойларида Алишер Навоий ташаббуси билан улар ўртасида ёзишма бошланади. Бобур атрофида ижодкорлар тўплана бошлаши ҳам шу йилларга тўғри келади. Жумладан, Биноий, Абулбарака ва Бобур ўртасидаги рубоий мушоираси Самарқанддаги қизғин адабий ҳаётдан дарак беради. Умуман, давлат арбоби ва кўп вақти жангу жадалларда ўтган саркарда сифатида ижтимоий фаолиятининг энг қизғин даврида ҳам, шахсий ҳаёти ва давлати ниҳоятда мураккаб ва хатарли шароитда қолган чоғларида ҳам Бобур ижодий ишга вақт топа билган, илм, санъат ва ижод аҳлини ўз атрофига тўплаб, ҳомийлик қилган, уларни рағбатлантирган. Ўтмиш адабиёт ва тарих, мусиқа ва санъатдан яхши хабардор бўлган, диний таълимотга чин ихлос қўйган Бобур ҳар доим олиму фозиллар даврасида бўлди, хусусан ижод аҳлига, касбу ҳунар соҳибларига самимий эҳтиром кўргазиб ҳомийлик қилди, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириб турди. Ижод ва санъат аҳлига бундай меҳрли муносабат асло бежиз бўлмаган. Бобур табиатан ижодкор эди. Йигитлик йилларидан бошлаб то умрининг охиригача самарали ижодий иш билан шуғулланди, ҳар қандай шароит ва вазиятларда ҳам ижоддан тўхтамади, натижада, ҳар жиҳатдан муҳим бой илмий ва адабий мерос қолдирди. Бобур 18—19 ёшларида рубоий ва ғазаллар ёза бошлаган. Унинг «Топмадим» радифли ғазали ва «Ёд этмас эмиш кишини ғурбатда киши» мисраси билан бошланувчи рубоийси ўша йиллардаги ҳаёти билан боғлиқ. Бобурнинг улкан санъаткорлиги шундаки, шахсий кечинмаларини жиддий умумлашма даражасига кўтара олади ва натижада асарларида олға сурилган ғоялар умуминсоний қадриятлар даражасига кўтарилади. Бобур ижодида, хусусан, шеъриятида киндик қони тўкилган она юртини дилдилдан қўмсаш, унинг тупроғига талпиниш, ғариблик азобларидан ўтли ҳасрат, ёру диёр согинчи ва висол илинжи, тақдир зарбалари ва турмуш уқубатлари, замона носозликларидан нола бадиий таҳлил этилади. Бобур ижодида ишқ-муҳаббат, севги-садоқат, висол ва ҳижрон мавзуи ҳам салмоқли ўрин тутади. Унинг ғазал ва рубоийларида, туюқ ва маснавийларида маъшуқанинг мафтункор гўзаллиги, беқиёс ҳусну латофати, шарқона одобу ахлоқи, нозу карашмаси енгил ва ўйноқи, мусиқий ва равон мисраларда катта маҳорат билан тараннум этилади. Бобурнинг ўз шеърий асарларини тўплаб, девон ҳолига келтирган санани кўрсатувчи аниқ тарихий маълумотлар маълум эмас. Аммо «Бобурнома»нинг 1518—19 йиллар воқеалари баёнига бағишланган фаслида Бобур девонини Кобулдан Самарқандга юборганлиги тўғрисида сўз боради. Демак, шу йилларда унинг девонига тартиб берилган ва мазкур девон Мовароуннаҳрда ҳам тарқалган. Ҳозирда унинг 119 ғазали, бир масну шеъри, 209 рубоийси, 10 дан opтик туюқ ва қитъалари, 50 дан ортиқ муаммо ва 60 дан зиёд фардлари аниқланган. Девони таркибида умумий ҳажми 270 байтдан иборат 8 маснавий ҳам ўрин олган. Ҳиндистон юришлари даври (1521)да Бобур «Мубаййин» асарини яратди. Маснавий тарзида ёзилган, ислом ҳуқуқшунослиги ва шариат ақидаларига бағишланган бу асарда Мовароуннаҳр ва Ҳиндистонга оид ўша давр ижтимоий-иқтисодий ҳаёти бўйича қизиқарли маълумотлар ҳам жамланган. Валиаҳд Ҳумоюн ва Комрон Мирзоларга дастуруламал сифатида мўлжалланган «Мубаййин»да, айни замонда, намоз, закот ва ҳаж зиёрати тўғрисида ҳам шаръий мезонлар баён қилинган. Шу йилларда Бобур Шарқ шеъриятининг асосий масалаларидан бири аруз вазни, унинг назарияси ва амалиётига оид илмий рисоласини якунлайди. Бобур номини дунёга машҳур қилган шоҳ асари «Бобурнома» устидаги ижодий ишини 1518—19 йларда бошлаган. Бобурнинг юқорида келтирилган асарларидан ташқари, «Хатти Бобурий», шунингдек мусиқа санъати ва ҳарб ишларига махсус бағишланган қатор рисолалари ҳам бўлган. Аммо кейинги икки асар матни ҳануз топилган эмас. «Хатти Бобурий»да муаллиф араб алифбосини таҳрир этиб, ёзувни соддалаштириш ва осонлаштириш мақсадида уни туркий тил ва талаффуз мезонларига мослаштирган. 1526 йил 21 декабрда Бобурга қарши суиқасд уюштирилади. Маҳв этилган Иброҳим Лўдийнинг онаси ошпазлар билан тил бириктириб, унинг овқатига заҳар қўштиради. Шунинг асоратими ёки кўп йиллик машаққатли ва қўнимсиз ҳаёт таъсирими, ҳар ҳолда кейинги йилларда Бобур тез-тез касалга чалиниб туради. 1527 йил октябрда Бобур яна хасталикка учрагач, умрининг охирлаб қолганини ҳис этади. Шунда Бобур ўзи эътиқод қўйган Хожа Аҳрор Валийга ихлос билан унинг насрда битилган «Волидия» асарини шеърий таржима қилади. Бобурнинг моҳир таржимон сифатидаги қобилияти намоён бўлган 243 байтли бу асар катта ижодий илҳом билан жуда қисқа муддатда якунланган. Бобурнинг ўз эътирофича, таржима тугаши ҳамоноқ батамом соғайиб кетган. Бу йилларда у «Бобурнома» фасллари устида ишлашни давом эттирди, янги-янги ғазал-рубоийлар яратди, ўз ибораси билан айтганда, «Ҳиндистонға келгали айтқон ашъорни» тартибга солиб, шунингдек, «Волидия» таржимасини, «Хатти Бобурий» билан битилган намуна ва қитъаларни Мовароуннаҳр ва Афғонистонга, Хумоюн, Хожа Калон, Ҳиндол ва бошқага юборди. Ҳумоюн Мирзога аталган ижтимоий-ахлоқий масалаларни таҳлил этувчи машҳур мактуби ҳам Бобур ижодий фаолиятининг ёрқин қирраларидан бири бўлди. Бир неча муддат олдин подшоликни Ҳумоюнга топширган Бобур 47 ёшида ўзи асос солган салтанат пойтахти Аграда вафот этди ва ўша ерда дафн этилди, кейинчалик (1539), васиятига мувофиқ хоки Кобулга келтирилиб, ўзи бунёд эттирган «Боғи Бобур»га қўйилди. Бобур Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг ўз юртида ҳақиқий қадр-қиммат топди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига кўра 1993 йилда Бобур таваллудининг 510 йиллиги тантанали нишонланди. Андижон шаҳрида Бобур номида университет, театр, кутубхона, миллий боғ («Боғи Бобур») бор. Бобур миллий боғи мажмуасица «Бобур ва жаҳон маданияти» музейи, шоирнинг рамзий қабр-мақбараси бунёд этилган. Шаҳар марказида (муаллифи Равшан Миртожиев) ва Бобур боғидаги ёдгорлик мажмуида (муаллифи Қодиржон Салоҳиддинов) шоирга ҳайкал ўрнатилди. Андижондаги марказий кўчалардан бирига, шунингдек Тошкентдаги истироҳат боғи ва кўчага, Андижон вилояти, Хонобод шаҳридаги истироҳат боғига Бобур номи берилди. Ўзбекистон Фанлар академиясининг Бобур номидаги медали таъсис этилди. Шарқшунос олим Убайдулла Каримов бу медалнинг биринчи совриндори бўлди. Андижонлик табиатшунос олим Зокиржон Машрабов раҳбарлик қиладиган Халқаро Бобур жамғармаси (1993.23.12) Бобур ижодини ўрганишда катта ишларни амалга оширди. Жамғарманинг илмий экспедицияси 10 дан ортиқ Шарқ мамлакатлари бўйлаб автомобилда илмий сафарлар уюштириб, 200 минг км дан ортиқ масофани босиб ўтди, Бобур ва бобурийлар қадамжолари, уларнинг илмий меросига оид янги маълумотлар тўплаб, уларни илмий истеъмолга киритди. Мазкур маълумотлар асосида 10 дан зиёд илмий, ҳужжатли, бадиий асарлар (З. Машрабов, С. Шокаримов: «Асрларни бўйлаган Бобур»; С. Жалилов: «Бобурнинг Фарғона давлати», «Бобур ва Андижон»; Қамчибек Кенжа: «Ҳинд сориға»; X. Султонов: «Бобурнинг тушлари», «Бобурийнома»; Р. Шамсуддинов: «Бобурийлар изидан», «Бобурийлар сулоласи»; Т. Низом: «Уч сўз»), 10 га яқин ҳужжатли, видеофильмлар (Ф. Расулов: «Бобур изидан», «Муқаддас қадамжолар»; Т. Рўзиев: «Бобур саломи», «Бобур номидаги Халқаро илмий экспедиция»; Т. Ҳамидов: «Ифтихор» ва ҳ.к.) яратилди. Жамғарманинг Лоҳур (Покистон), Ҳайдаробод (Ҳиндистон), Абу Даби (Бирлашган Араб Амирликлари), Москва (РФ), Ўш (Қирғизистон), Тошкент, Наманган (Ўзбекистон) шаҳриларида бўлимлари мавжуд. 1998 йил Жамғарманинг бобуршунослик соҳасидаги халқаро мукофотлари илк марта Пиримқул Қодиров, Сабоҳат Азимжонова, Ғайбуллоҳ ас-Салом, Неъматилла Отажонов, Хайриддин Султонов, Эйже Мано (Япония), Муҳаммадали Абдуқундузов, Мақсуд Юнусов, Шафиқа Ёрқин (Афғонистон), Маъмуржон Тўхтасинов, Равшан Миртожиев, Мажид Турсунов, Раҳмонжон Азимов, Муҳаммаджон Мирзаевга берилди. Абдулаҳад Муҳаммаджонов, Абдурашид Абдуғафуров. Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақида мақолалар -Мирзо Муҳаммад Ҳайдар. Бобур подшоҳ («Тарихи Рашидий»дан) - Жавоҳарлаъл Неру. Бобур («Ҳиндистоннинг кашф этилиши» китобидан) - Ваҳоб Раҳмонов. Бобуршоҳ: шоир ва адиб Ҳасан Қудратуллаев. Бобурнинг давлатчилик сиёсати - Эркин Миркомилов. Бобур ва Ҳусайн Хоразмий - Акмал Саидов. Навоий ва Бобур асарлари польяк тилида - Ваҳоб Раҳмонов. Бобуршуносликдаги янги ютуқлар - Исмоил Бекжон. Бобурийлар маданиятига оид манба - Ҳасан Қудратуллаев. Бобур мирзонинг қиличи - Ҳасан Қудратуллаев. Бобур шахсиятининг ёрқин жиҳатлари - Муҳаммаджон Холбеков. Французча “Бобурнома”лар - Ансориддин Иброҳимов. Афғонистонлик бобуршунослар ютуғи - Зокиржон Машрабов, Ваҳоб Раҳмонов. Бобур меҳри, Кашмир сеҳри… - Ҳасан Қудратуллаев. Бобур буюклигининг қирралари - Эргаш Умаров. Бобурийлар армони - Ҳасан Қудратуллаев. Тошкент Бобур тақдирида - Исмоил Бекжон. Бобуршоҳнинг жияни - Ансориддин Иброҳимов. Япониялик бобуршунос - Хосият Бекмирзаева. Бобур ва Умар Хайём - Хосият Бекмирзаева. Бобур шеъриятида ҳижрон тимсоли - Хосият Бекмирзаева. Бобур ижодида ҳаммом тимсоли - Валижон Қодиров. Бобур Навоий билан адашми? - Абдукарим Зикирёев “Ҳинд сори”да пишган қовун ёхуд Мирзо Бобур кашфиётлари - Зокиржон Машрабов. Бобур комил инсон эди… - Доктор Шафиқа Ёрқин. Бобур оиласида фарзанд тарбияси - Ҳасан Қудратуллаев. Бобур ва Шарқ тамаддуни - Муҳаммад Ҳалим Ёрқин. Бобурми, Бабарми ё Бобир? - Валижон Қодиров, Акрамжон Ваҳобов. “Бобурнома”даги таърих — муаммолар муаммоси - Ҳасан Қудратуллаев. Бобурнинг разведка маҳорати - Ҳасан Қудратуллаев. Бобур – миллий артиллерия асосчиси - Кенжабек Долимов. Бобур қандай касалликдан вафот этган? - Ҳасан Қудратуллаев. “Бобурнома” асрори калити - Султонмурод Олим. Бобур: Шоир кўнгли ва шоҳ сиёсати - Абдулло Олим. Бунёдкор Бобур боғлари - Зокир Райимжонов, Исроил Хуррамов. Бобур буюк шаҳаршунос олим - Ботирали Йўлдошев. Ҳар сўзи рост ёзилган - Абдужаббор Яҳёев. Меъморий меросга шоирона назар - Каромат Муллахўжаева. Абадиятнинг шоҳ шоири - Сирожиддин Саййид. Йўлбарс наъраси - Зокиржон Машрабов, Сайфиддин Жалилов. Буюк саркарда эътиқоди - Ваҳоб Раҳмонов. «Ғарибингға тараҳҳум айлагилким…» - Абдулла Аъзамов. Шоир, шоҳ ва… дарвеш - Рахшона Кенжабоева. Ҳарфлар замирида тарих сирлари - Зокиржон Машрабов. Табаррук қадамжолар бўйлаб - Сайфиддин Жалилов. Эсон Давлатбегим чорбоғи - Гулнора Акбарова. Ғурури тоғлардан юксак - Хосият Бекмирзаева. “Ҳурлар келур эрдилар анга…” - Валижон Қодиров. “Элининг орасида ҳусни хайли бор…” - Иқболой Адизова. Шарафли умр - Суйима Ғаниева. Эътиқод ва ирфоний қарашлар - Қамчибек Кенжа. Яна Ҳинд сорига Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарлари: - Бобурнома (академик нашр), Тошкент, 1960. - Бобурнома, Тошкент, 1989. - Бобурнома (табдил), Тошкент, 2008. - Бабурнаме (2-издание, доработанное), Ташкент, 1993. - Китобус салот, Тошкент, 1993. - Китобуз закот, Тошкент, 1993. - Китобул ҳаж, Тошкент, 1993. - Девон, Тошкент, 1994. - Маҳрами асрор топмадим, Тошкент, 1995. Мубаййин, Тошкент, 2000. - Избранная лирика, Ташкент, 1982. - Избранная лирика, Ташкент, 2006. Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақида адабиётлар: - Самойлович А., Собрание стихотворений императора Бабура, Петроград, 1917. - Ёқубов Ҳ., Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Тошкент, 1949. - Ҳасанов С., Бобурнинг Аруз рисоласи, Тошкент, 1981. - Стеблева И. В., Семантика газелей Бабура, Москва, 1982. - Ахмедов Б., Историко-географическая литература Средней Азии XVI—XVIII вв. (Письменные памятники), Ташкент, 1985. - Ҳасанхожа Нисорий, Музаккири аҳбоб, Тошкент, 1993. - Нуритдинов М., Бобурийлар сулоласи, Тошкент, 1994. - Азимжонова С., Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Мақолалар тўплами, Тошкент, 1995. - Файзиев Т., Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва унинг авлодлари, Тошкент, 1996. - Ғайбуллоҳ Ас-Салом, Неъматуллоҳ Отажон, Жаҳонгашта «Бобурнома», Тошкент, 1996. - Машрабов З., Шокаримов С., Асрларни бўйлаган Бобур, Тошкент, 1997. - Воҳидов Р., Биз билган ва билмаган Бобур, Тошкент, 2000. - Сотимов Ғ., Бобурийзодалар, Тошкент, 2003 - Лутфулло Маҳмуд, Бобурни тушуниш бахти, Тошкент, 2009. - Мирсайдуллаев М., Бобурнинг касаллик тарихи, Тошкент, 2013. Бадиий асарлар: - Пиримқул Қодиров. Юлдузли тунлар (роман) - Хайриддин Султонов. Саодат соҳили (қисса) - Пиримкул Кадыров. Бабур (Звездные ночи) (роман). | |
|
Teswirleriň ählisi: 0 | |