17:58 Маҳлиё / ҳикоя | |
Маҳлиё (ҳикоя)
Hekaýalar
Таҳририятдаги хонамда ўтирардим. Салом бериб, тортина-тортина ёшгина келин кириб келди. У, нари борса, ўн саккизга кирган. Ҳомиладор экан. Яшил пальтосининг пастки тугмалари етмай қолиб, қадалмаган. Юзи оппоқ, сўлим. – Келинг? – дедим. У қаршимдаги курсига оғир чўкди. Кўзлари мунгли эди. Газета таҳририятига қандайдир ташвиш етаклаб келгани аниқ. – Вақтингиз борми? – деди хижолатомуз. – Бемалол. Исмингиз нима? – Маҳлиё. – Нима гапингиз бўлса, айтаверинг. Ўқийсизми ё ишлайсизми? Бу саволни беришдан аввал чамалаб кўрдим.Бу қизнинг тенгдошлари коллежда ўқишади. Балки, эрта турмушга чиқиб, ўқиётгандир? – Ўқиганимда шу аҳволга тушмасдим, – деди у ўксик овозда. Рангпар юзига томчилаган ёшларни кафти билан артиб, менга қаради. – Мактабда яхши ўқирдим. Шеър ҳам ёзганман, – уялиб жилмайди у. – Сизга олиб келганман. Бу жилмайиш рутубатли нигоҳига нур бағишлади. Ўртамизда бир дарича очилди гўё. Биз бир-биримизни тушуна бошлагандик. Энди у дадилроқ боқди: – Шеърларимга “Маҳлиё” деб имзо қўяррдим. Эсингизда йўқми? – Тўғриси, эслолмаяпман. – Буларнинг бари бир йил аввал менинг ҳаётим эди. Энди, йўқ! Сувга отилган тошдек! – У чуқур хўрсинди. Олдингизга кўнглимдаги… дардларни айтгани келдим…Сизни ўқувчилик пайтимдан биламан. Битта шеъримни газетада чиқаргансиз.. Мен ўйланиб қолдим… Йўқ, эслай олмадим. Таҳририятга ўқувчи,талабалар тез-тез келиб туришади. Газетанинг иш жараёни тиғиз. Ҳаммани эслаб қолиш қийин. Маҳлиё! Исми чиройли экан. – Мактабни битирганимдан кейин уйдагилар ўқитишмади, – деди Маҳлиё, – қизлар ҳақида ҳар хил гапларни эшитишган-да. Ҳамма ундаймас-ку, тўғрими? – Тўғри. – Бир йил ўтар-ўтмас турмушга узатишди.Йигитнинг ёши йигирма еттида экан. Бир марта учраштиришди-ю, тўйимиз бўлди. Ўйлаб кўринг, бир умр бирга яшайдиган инсоннинг кимлигиниям билолмадим. Умр савдоси қимор эмас-ку? Нега оёқ-қўлимни боғлаб ўтга ташлашди?!.. Икки ойча яхши яшадик. Мен унга боғланиб ҳам қолдим. Иши шаҳарда. Қандайдир катта фирмани қўриқлашар экан. Ҳарбийлар кийимида юрарди. Уч-тўрт кунлаб уйга келмай қоларди. Мен уни соғиниб кутадиган бўлдим. Маҳлиё оғир тин олди. Кейин, бошини сарак-сарак қилиб йиғлаб юборди. Кафтларини юзига босиб, бироз ўтирди-да, яна менга қаради: – Мен келин бўлган уйдаги шароит бизникига ўхшамасди. Қайнонам қаттиққўл. Овқатга масаллиқ ўлчаб берилади. Қора ундан нон ёпилади. Арзонроқ-да… Ҳамма ишимдан камчилик топишади… Индамай бўйнимни эгишга ўргандим. Ҳамма келинларда шунақа бўлса керак-да, деб ўйлардим… Менинг бир нарсалар егим кела бошлади. Доғланаётган ёғнинг исига чидолмай қолдим. Қайнонамга айтганимда жаҳллари чиқди: – Нега дарров юкли бўлдинг? – деди совуқ қилиб. – Келинлик хизматини қили-иб юрсанг бўлмасмиди? Бу гап тошдек оғир ботди. Уйга кириб йиғладим. Кимсага айтолмайман, дардим ичимда. Қайнонам уйимизгаям юбормай қўйди. Эрим ўн-ўн беш кунда келадиган бўлди. Муомаласи аввалгидекмас. Бир оғиз гапиртирмай, силтаб ташлайди… Бўй етган қайнимнинг қилиқлари ҳаммасидан ўтиб тушди. У кундузиям, кечасиям бирорта баҳона билан хонамга кириб келаверади. Бўйи шипга етади. Беўхшов тиржайиб туришидан қўрқаман. Гапининг тайини йўқ. Ҳеч қаерда ишламайди… Ўқиш-ёзишниям билмасди. Уни бутунлай ақлсиз деёлмайсиз, жиддий ҳам эмас. Эримга ундан қўрқишимни айтдим. “Қўявер, ўзи шунақа, инвалид, псих”, деди. Тез орада эрим мени шаҳарга олиб кетди. Ижара уйда яшай бошладик. Бир куни ишга кетиб, бир ойча келмади. Бегона жой, очин-тўқин, совуқда қийналдим. Қайтиб кетай, десам ундан қўрқаман.Ҳомилам беш ойлик бўлганди. Кечаси қўрқиб, мазам бўлмай қолди. Ижара уйнинг эгалари касалхонага олиб боришди. Маҳлиёнинг аччиқ ҳикояси шу ерга етганда титраб кетдим! Тирноққа зор юрганлар қанча?! Уларнинг дил изтиробларини мана шу хонада эшитиб, аҳволларига ачинганман. Йигирма етти ёшида йигит ҳақиқий эркакка айланади. Зурёд нималигини билади. Ҳеч ким тушунтириб беролмайдиган соҳир туйғу билан унга интилади… – Эрингиз бирор марта хабар олмадими? Телефон-чи? Қайси замонда яшаяпмиз ахир? – Менга уяли телефон ушлатишмасди. Эрим телефон рақамини ҳеч кимга бермаган. – Бир ой қандай яшадингиз? – Аям билан укам ҳар ҳафта келиб пул, озиқ-овқат ташлаб кетишарди. Эримни хизмат сафарида дедим. – Шунақами… – Шу аҳволдаям ёнини олгансиз, демоқчисиз-да?.. Мен унга боғланиб қолгандим, ишонардим! Буни тушуниш учун аёл бўлиш керак… У касалхонада ётганимда келди. Ичиб олганди. Дилидагини очиқ айтди. Ёши ўзидан катта хотини, тўрт яшар ўғли бор экан… “Болани олдириб ташла, барибир сен билан яшамайман, алимент ҳам тўламайман. Сенга, ўртоғларим билан гаров ўйнаб уйланганман”, деди. – Гаров ўйнаб?! – Қаранг, шунақасиям бўладими?! – деди Маҳлиё менга қараб. Унинг кўзларидан дувиллаб ёш қуйилди. Рўмолчасини олиб, юзига босди. Елкаси силкиниб-силкиниб йиғлади. Кўнглидаги фарёд ана шу силсилалар билан ташига чиқиб кетаётгандек эди. Инсонни ҳам шунчалар оёқости қиладиларми?! Инсоф, виждон, диёнат, иймон қаёқда қолди? Бундай каслар қандай яралиб қолган? Ер кўтараверар экан-да… Қаршимдаги хилқат ҳамон ўксиб-ўксиб йиғларди. Ҳали ўзи ўсмирлик, ёшлик завқларига тўймаган, аммо она бўлай деб турган Маҳлиёнинг юрагидаги тўфонни тушундим. Унинг ҳаётида ҳаммаси чалкашиб кетганди: эрига бўлган муҳаббат, фарзанд кутиш бахти, айрилиш, хўрлик… – У шундай деди-ю, кетди, – Маҳлиёнинг титроқ овози эшитилди. – Мен учун осмон узилиб ерга тушганди гўё. Дунё зулматга айланди! Касалхона йўлагида ҳушимдан кетиб йиқилибман. Шифокорлар ўзимга келтиришганда оғзим қуриб қолганди. Қорнимда оғриқ сездим, бола безовталанарди. Сув сўрадим. “Боламни асраб қолинглар”, дедим. Овозим ўзгариб қолган, йўғон, хирқироқ эди. Қўрқиб кетдим! Ким эдим-у, кимга айландим?! Ҳаёт бунчалар аччиқ?! Кўнглим муз. У кўзимга боламни ютиб юбораётган аждаҳодек кўринди. “Йўқ, болангни унга берма!” дерди ички бир нидо. Ўзимни босишим қийин бўлди. Шифокор ёши катта аёл эди: – Қизим, оғир бўл, – деди. – Биз бу ерда ҳар хил одамларни кўрганмиз. Одамийлигини йўқотганлар ҳам бор. Сен ҳақиқий инсонни дунёга келтир! Биринчи болани асраб қолиш керак! Ҳозирча, болангга зиён етгани йўқ. Кейинги ҳаётингни ўзинг ҳал қиласан. Эсон-омон туғиб олсанг, фарзандинг йўл кўрсатади. Умримда бундай ақлли гапларни эшитмагандим. Ана шундай ширин хаёл билан ухлаб қолдим. – Қайтиб келмадими? – Йўқ. Дадам билан аям келишди. Уларга ҳаммасини айтдим. Мен тушган хонадон бой-бадавлат эди. Ота-онам оддий деҳқон одамлар. Ҳаммасини аллақачон билиб юришган экан. Уйга олиб кетишди. – Эрингизнинг уйидагилар келишдими? – Йўқ. Ўғилларининг хотини , боласи борлигини билишаркан. Юкларимни жўнатиб юборишибди. – Унда, нега сизни… – Билмадим, нега мени бахтсиз қилишганини. Шунақа одамлар ҳам бор экан-да. – Энди нима қиласиз? – Касалхонага фаррош бўлиб ишга кирганман. Бугун ҳомиладорлик таътилига чиқдим. Фарзандим туғилсин. Кейин, ўқийман, ҳамшира бўламан… Сиз буларни ёзинг! Бошқа қизлар адашишмасин, сираям адашишмасин! Маҳлиёнинг гўзал чеҳрасида қатъият кўрдим. Жуда ёш бўлишига қарамай ҳомиладорлик унга қандайдир улуғворлик бахш этганди. Ҳадемай она бўлади. Фарзанди қалбини буткул ром қилиб олади. Яшашга ундайди, йўл кўрсатади. Маҳлиё буни билади. “Ёшлик” журнали, 2014 йил, 8-сон. | |
|
√ Шер аминь / рассказ - 20.01.2024 |
√ Martyň bir güni / hekaýa - 20.07.2024 |
√ Utulyşyň sogaby / hekaýa - 01.12.2024 |
√ Bakylygyň bosagasynda / hekaýa - 21.06.2024 |
√ Goýunçy / bolan waka - 25.06.2024 |
√ Men şu gün gyz boljak / hekaýa - 26.07.2024 |
√ Häsiýetnama / hekaýa - 11.12.2024 |
√ «Daglaryň ruhy» / hekaýa - 07.03.2024 |
√ Kyrk ýyldan soñ gaýdyp gelen şol aýazly gün / hekaýa - 19.01.2024 |
√ Ene keýik / hekaýa - 13.12.2024 |
Teswirleriň ählisi: 0 | |