20:08 Ракиблар / хикоя | |
РАҚИБЛАР хикоя
Hekaýalar
I Эндигина ишдан қайтган Хонимгул уй ишларини ана-мана дегунча битирди-да, кўчага, пода йўлига чиқди. Қора сигирни эртароқ боғлаб олмасанг, у ёмон, дарров қўшниларнинг экинларига тушиб кетади. Орқасидан ўн чоқли киши ҳаллослаб қувламаса, осонлик билан ушлатмайди. Хонимгул қўлига икки яшар ўғли Тўқонни кўтариб олган эди. Уларнипг иккаласи ҳам кўчанинг кун ботиш томонига тикилиб туришарди. Пода ҳар куни ўша ёқдан келарди. Кўчанинг охиридаги қатор тизилган теракларнинг игнадек учига гўё қуёш илиниб қолгандай, сўнгги нурларини сочиб, қирнинг ортига ботиб бормоқда эди. Ботиб бораётган қуёш ўрнини борган сари ғира-шира қоронғилик эгаллаб, пастликдаги кўланкаларни ўз қаърига тортиб бораётгандай, тобора ҳамма нарса кўздан ғойиб бўлиб борарди. Кеч кириб қолган бўлса ҳам, офтобнинг тафти ҳали қайтганча йўқ, кун ботиш томондаги қозоқ даштидан кимдир биров атайин елпиётгандай гармселнинг иссиқ нафаси юзларга ловиллаб ура бошлади. Ҳозир теварак-атрофдаги ҳамма нарса: ҳолсиз тебранаётган буталар, жимжит тўқайзор сингари иссиқ ҳавода димиқиб турган чорбоғлардаги оқ жўхорилар, чивинга таланиб ариқ бўйида бош силтаб турган бўзбия, мана шуларнинг бари саратон иссиғида куйиб-ёниб, ҳозир салқин туннинг келишинигина орзиқиб кутаётгандай. Тунда юқоридан муздек шабада эсарди, тонгда ҳордиқ чиқариб ётган ер бетини шудринг қопларди, ўшанда тошлар марварид доначалари билан қоплангандай жилваланарди, молларнинг егани сингиб, семирарди, қуриб-қовжираган ниҳолларга қайта жон кирарди. Сигирлар роса тўйиб қайтганидан оғирлашиб қорнини кўтара олмай кўчанинг ўртасида шошмасдан бир-бир босиб, йўлнинг чангини бурқситиб келарди. Икки юзи қип-қизил олмадай, бурни эса сал яссироқ, тиниб-тинчимас кичкина Тўқон Хонимгулнинг қўлида олға талпиниб, чивиқни ўйнаб, қора сигирни: «Ҳиш-ҳиш, ҳиш!» деб чақирарди. Қора сигир Тўқонга парво қилмай, эринчоқлик билан судралиб келди-да, жўхори томон интилмоқчи эди, Хонимгулни кўриб тўхтаб қолди. – Ҳайда, Тўқон, уйга ҳайда! – деди Хонимгул қўлидаги боласини эркалатиб. Шу пайт боласи кўзига чиндан ҳам ишга яраб, гўё мол ҳайдашиб юргандай кўриниб, онаси бундан ўзича суюниб қўйди. Хонимгул бир бола кўрган жувон бўлса ҳам, қиз пайтидаги ҳусни жамолини йўқотмаганди. Кулиб турганда юзларидаги кулдиргич янада чуқурлашиб, чеҳрасида қандайдир уятчанлик балқиб турарди. Унинг сал қийиқ чиройли кўзлари баъзан шўх қулундай ўйноқлар, баъзан ички нозик ҳиссиётларини шундоққина кўрсатиб, узоқ вақт порлаб турарди. – Айланайин подачим! Сенинг бу мол ҳайдаганингдан айланай! – деб Хонимгул боласини қучоқлаб, қайта-қайта ўпди. Боланинг салмоғидан тортилиб товонига тушган узун кўйлагининг этагини ерга қўшиб босаётган Хонимгул эркалангандай бидирлаб келарди. – Ҳайда, садағанг кетайин, ҳайда... Чивиқ билан ур... Бош, уни қара, жўхорига кирмоқчи чоғи! Бош деса!.. Айланайин, мен уни ҳозиргина соғаман, сут ичасанми, Тўқон? Худди шу вақт кўчадаги чанг-тўзон ичида бир отлиқ кўринди. Унинт от ҳайдаши бежо эди. Деворнинг бошида қўнқайиб ўтирган бойўғлидай ҳурпайиб, терга ботган кигиз қалпоғини чақчайган кўзигача бостириб кийиб олган, ҳаво ёниб турганига қарамай устида ёғин-сочиндан ўнгиб кетган плаш. – Отанг келди, қара-чи. Тўқон, отанг келди! – деди Хонимгул куёвига жилмайиб. Қоратой аслида ўзи қоп-қора киши. Бироқ бугун унинг терлаб-пишиб чанг босган юзи ўзгача хунук тортиб ранги ўчиб кетган эди. Унинг кўпдан бери устара тегмаган шопдай мўйловининг учларини ҳам бояги иссиқ гармсел ургандай сарғайиб кетган. Қоратой тизгинни тортгани йўқ. У боласи билан хотинининг ёнида тўхтамай гўё бошқа бегона кишиларни учратгандай, уларнинг олдидан ўтиб бораётиб бир тикилиб қўйди-да, дарвозага суйканиб ётган сигирга етиб бориб, уни қамчи билан қулочкашлаб жон-жаҳди-ла бир солди-да, индамасдан уйга ҳайдади. – Ота, ҳачув! Ота, ҳачув! Ота! – Отга миндиргин дегандай отасига чулдирарди кичкинагина Тўқон. – Қоратой, ўғлинғни миндир! – деди Хонимгул. Қоратой отининг жиловини бир оз тортиб, қайрилиб туриб бир кулимсирайин деди-ю, лекин кулмади. Лабларида табассум бир кўринди-ю, яна йўқолди. «Эй, қочиб турсанг-чи» – дегандай Қоратой ўғлига қараб қўлини силтади. Ҳеч нимага тушунолмай қолган Хонимгул боласини кўкрагига босганича, ўрнида серрайиб туриб қолди. Бошқа кунлари Қоратой сув бошидан келганида отдан тушмай туриб доимо «Қани, хоним, ўғилчани бер!» деб, от устида қулочини ёзиб энгашарди. Ўшанда унинг маъюс кўзларига кутилмаганда севинч учқунлари, хўмрайган юзига илиқлик югурарди. Қоратой Тўқонни олдига миндириб олиб, ўзича аллақайси оҳангда хиргойи қилиб, кечки салқинда кўча бўйлаб ўғлини нари-бери сайр қилдирарди. Тўқон бўлса чилвирнинг бир учини ушлаб кичкинтой оёқчалари билан тепиниб, қувончидан лабларини чўччайтириб: «Кўрдиларингми, отни ўзим ҳайдаб юрибман!» дегандай талтайиб қўярди. Шунда буларни кўрган кишилар: – Вой-бўй! Бизнинг Тўқон ажабтовур йигит бўлиб қолибди-ку! – дейишиб, чиндан ҳам суюнишарди. – Кўрмайсанми! Отни ўзи миниб юрибди! Боракалло! Азамат, азамат-да ўзи! Мана шу айтилган оддий сўзлар Хонимгул учун оналик меҳрининг энг юксак чўққисига олиб чиққандай бўларди. Хонимгулнинг энг яхши кўргани – кечки пайт. Қоратой отини сойга тушовлаб келиб, кўнглини жойига қўйгач, оз-моз қўбиз ҳам чертиб қўярди. Ўчоқнинг бошида ёстиққа ёнбошлаб, қўли билан қўбизнинг торини чертиб, уйқусирагандай шишинқираган қовоғининг остидан, ёнида чордона қуриб хурсанд бўлиб ўтирган Тўқонни эркалатиб, кулимсираб қарарди. Ерда ҳамир юғириб ўтирган Хонимгулнинг лорсиллаган юзлари оловнинг тафтидан лоладай қизариб кетган эди. Қоратой, албатта моҳир қўбизчилардан эмас, унинг чертганини ҳар бир қирғиз эплаб чертади, бироқ у чертиб ўтирган эски куй Хонумгул учун обдан ёқимли, бу куйни у туну кун мижжа қоқмай эшитишга тайёр. Унинг орзулари рўёбга чиққан: қаршисида боласи, бир ёстиққа бош қўйган умр йўлдоши ўтирибди. Уларга Хонимгул ўз қўли билан овқат пиширяпти. Қоратой чертаётган куй Хонимгулга қанот бериб, у ҳозир осмонда айланиб учиб юргандай. Бундай пайтларда Хонимгул: «шундай иттифоқ, ризқи-рўзли оила пешонамга битганидан розиман», деб ўйларди. Хонимгулнинг шундай ўйлашида жон бор. Гоҳо тенгқур келинлар яширмай-нетмай: «Сен жуда бахтлисан, Хонимгул! Куёвинг рўзғорга жонкуяр, чорва кишиси, Колхознинг мироби. Сен дала ишида бўлсин, уй ишида бўлсин, ҳеч кимдан ортда қолмайсан. Турмушларинг тинч, ўғилчанг бор, қайнананг билан аҳилсан, армонсиз ўтасан», – деб айтишарди. Бундай пайтларда Хонимгул барча қувончини ичига ютиб, индамасдан кулиб қўярди-да, қўлидаги кетмонини яна ҳам илдамроқ силтарди. «Бироқ сизлар энг негизини билмайсизлар!» дегандай Хонимгул ўзича кулимсирарди. «Мен учун севиш ҳаммасидан қиммат. Мен Қоратойни севаман. Қоратой мени севади. Икковимиз боламизни севамиз... Севмаган одамларнинг боши бирикадими?» Бироқ кутилмаганда, қандайдир сабаблар билан улар ўртасида ширин турмушнинг бузилишини Хонимгул хаёлига ҳам келтирмас эди. Қоратойнинг бугунги авзойи Хонимгулни ўйлантириб, ташвишга солиб қўйди. «Бу нимаси, у нега бундай қиляпти?» дегандай Тўқоннинг юзига аянчли ҳолатда термиларди. Бола бўлса она қалбини тушунгандай йиғлай бошлади, у афтидан отга миндирмадинг, деб отасидан кўнгли ўксиганга ўхшайди. – Қўй, Тўқон! йиғлама, қўй! – деди Хонимгул. У болани овутишга қанчалик уринмасин, ўзи ҳам алланарсани эслаб хаёлга чўмди. Бироқ ўй-хаёлларининг учини тополмади. Болани юпатишга бошқа муносиб сўз тополмай, Хонимгул уни янада қаттиқроқ қучоқлаб бағрига босди. Олд томондан урган кучли шамолга кўксини қалқон қилиб тургандай Хонимгул Тўқонни букчайганича қучоқлаб тураверди. Аёл тез-тез нафас олаётганидан бўйин томирлари сиртига бўртиб чиққан. Хонимгулнинг ўзи учун ҳам, боласи учун ҳам ўксиган юраги айбсиз изза бўлганига чидамай ўртаниб ёниб, аллақандай қўрқинчли ҳодиса юз беришини олдиндан сезаётгандай гуп-гуп урарди. Хонимгул уйга кириб келганда, Қоратой ўша чанг босган плашини ечмасдан, бурчакдаги стол ёнида тик турганича, катта косани қўш қўллаб ушлаб айрон ичаётган, экан. У худди узоқ чопиб, ютақиб қолган от сингари айронни жон-жаҳди билан қултуллатиб ичарди. Хонимгул унга индамай қараб тураверди. Ҳар бир қултумни ютганда унинг юнгли бўйнидан кекирдаги гоҳ пастга тушиб, гоҳ юқорига кўтарилиб турарди. Хонимгул эрининг феъли-атвори нимага бундай ўзгариб келганини тушиниб етмади. Қоратой ҳамма вақт кам гап эди, албатта. Бироқ Хонимгул эрини ҳали ҳеч қачон бугунгидек бегоналашиб, ғазабга тўлганлигини кўрмаган эди. Қоратой, ниҳоят, косани токчага қўйди, ёрилиб, дағаллашиб кетган катта кафти билан лабларини артганча, хотинига кўз қири билан назар ташлади ва орқасига бурилиб, индамасдан каравот томон одимлаб кетди. – Болани бу ёққа олиб кел! – деди у плашини девордаги михга илар экан,бўғиқ овоз билан. «Нимага керак у сенга? Садқайи бола кет! Худо ёрлақаб соғиниб қолибсан! Шохини синдирганинг ҳам етар!» Хонимгул куёвига шундай деб айтмоқчи бўлди. Бироқ бунга журъат этмади. Шу маҳал Қоратой кигизга ўтираркан, бир ери қаттиқ оғриётгандай тишини тишига қўйиб инграрди. Афтидан қандайдир ачинаётгандай кўриниб, бош-юзлари буришиб, қариб қолгани, айниқса бугун кўзга алоҳида ташланиб турарди. Шунда буни пайқаган Хонимгул қалбидаги ғазаб алангалари бирдан тарқалиб кетди. – Тўқон катта онасиникида, – деди Хонимгул эшикка чиқиб бораётиб, – сенга нима бўлди, Қоратой? Нега мунча қовоғинг солиқ? – Ҳеч нима... Овқатингни қил... Хонимгул бир челак сув олиб уйга қайтиб келганда куёви ҳали ҳам боягидай мустар бўлиб, қуйи солинган бошини кафтига қўйганича кигизнинг устида ёнбошлаб ётарди. У шу бўйича қўзғалмай ётаверди, бироқ Хонимгул яқинлаб келганда уни атайлаб жавратмайин дедими, ёки боядан бери ўйланиб ётиб бир фикрга келган бўлса шуни айтишга ўзини чоғладими, ҳарқалай, Қоратой ўрнидан сакраб турди-да: – Резинка этик қаерда, олиб кел! – деб хотинининг рўйхуш бермаётганини англаб, шартта буйруқ қилди. Пайтавасини шоша-пиша ўраб, резинка этигини кийиб олган Қоратой эшикка шошилиб югуриб чиқди, Қантариғлиқ турган отнинг пуштанини бирон нимадан ўч олаётгандай жон-жаҳди билан тортган эди, от ўрнидан қўзғалиб кетди. – Так! – деди Қоратой овозининг борича зарда билан бақириб, – ҳаром ўлгур! Сўнг у хотинига қайрилиб, хўмрайиб ёвузларча тикилиб қаради. – Сенинг Собирбегинг! – деди у ранг-қути ўчиб, қалтираб, – ё мени де, ё уни де!.. Буни уқуб боядан бери кўнгли хиралашиб, аллақандай ёмон нарсани сезиб ҳадиксираб юрган Хонимгулнинг қалби яна Собирбек, деганида қинидан чиқиб кетгудай бўлди. У Қоратойга қараб отилди ва от узангисига ёпишиб олиб ялиниб-ёлворди: – Тўхта, Қоратой! Тўхта, бу нима деганинг? Нима учун бундай деяпсан?.. Қайси Собирбек?.. Бироқ Қоратой хотинининг сўзларига қулоқ солмай, унинг қўлини силтаб ташлаб, отига устма-уст қамчи босиб, чанг-тўзонни кўтариб чопиб кетди. Хонимгул «Қоратой! Қоратой!» – деб бақирганича қолаверди. Тоғдан эсаётган кечки шамол ғазабга тўлган Хонимгулнинг этак-енгларини ҳилпиратиб: «Сен бу ерда нима қилиб турибсан, қитиқлайинми-а?» дегандай юлқилаб ўйнаётган эди. Хонимгул уйга қайтаркан, елкалари совуқдан учиб титрарди. Тоғдан қоронғилик босиб кела бошлади. Аллақаердан, олис-олислардан бойўғлининг қичқириғи эшитилди. Эшитилди-ю дарҳол жимиб қолди. Самода юлдузлар фанари ёна бошлади. Коинот уйқуга кетди. II Ўша куни кундузи чақирилган колхоз мироблари ва далачилик бригадалари кенгашига Қоратой бир оз кечикиб келди. Район ижроия комитети раисининг катта кабинети кенгаш қатнашчилари билан лиқ тўлган эди. Қайси бирлари деразаларнинг тагида, бошқалари эшикнинг бўсағасида деворга суянганича ўтиришарди. Қоратой коридорга кириб, эшиги икки ёққа очиб қўйилган кабинет томон бўйин чўзиб ўтиришган кишилар тўпига келиб қўшилди. Кенгашда чиқиб сўзлаганларнинг бариси биргина масалани муҳокама қилишарди. Районда суғориш иши ёмон аҳволда, экин-тикин вақтида суғорилмай қуриб, куйиб кетяпти. МТСнинг бош агрономи «Бештош» колхози ҳақида узоқ гапирди. Унда Қоратой мироблик қиларди. Илғор колхозларда бедалар икки бор ўрилиб, ғарамланаётган бўлса, «Бештош» колхозида бир марта ўрилгандан сўнг бошқа суғорилмай, беда сувсизликдан шу бўйича ўсмай қолган. Иш шу аҳволда бўлар экан, бештошликлар бу йил ҳам ўтган йиллардагидек бедани икки марта ўриб олишига кўзи етмайди. Жўхори бўлса эндигина бир марта суғорилибди, қай бир ерларига бутунлай сув чиқмай, тап-тақирлигича ётибди, бошқа колхозларда бўтакўз экинлари тўрт-беш бор суғорилган бўлса, «Бештош»да атиги икки марта суғорилган, холос. Колхоз шаънига айтилган агрономнинг бу хилдаги сўзларини Қоратой бепарволик билан одатдаги сўзлар-да, дегандай тинглаб ўтирди. Бу етишмовчиликлар ҳақида унинг ҳам ўзгача айтар сўзи бор. Бу нарсалар унга илгаридан беш қўлдай маълум эди. Чунки Қоратой ўзининг жонажон иши – миробчилик ҳақида эртаю кеч бош қотирар эди. У кўпдан бери бундай саволларга жавоб бериш учун ўйлаб, тайёрланиб юрарди. У ўз фикрларининг тўғрилигига қаттиқ ишонар эди ҳам. Миробнинг ўзига хос тегишли ишлари бор: колхозга берилган сувни белгиланган норма бўйича ариқларга бўлиб тарқатиш керак. Қолган бошқа ишлар эса раисга тегишли, бригадирга тегишли. Ишни ўшалар бошқаради-ку! Дарвоқе, сув иши колхозда ғоят ёмон аҳволда, бироқ бунга ким айбдор? Қоратойми? Йўқ, колхозда сув етишмаса Қоратойнинг қўлидан нима ҳам келарди? Йўқни йўндирадими? Айрим вақтлари сув етарли бўлгани билан суғоришга одам етишмай қолади, ҳаммасига колхоз раиси айбли, у жавоб бераверсин... Қоратой бу гал ҳам кенгашда айтиладиган гапларни кўнглига олмай одатдагидек қош-қовоқ қилиб ўтирмасдан, келган бўйидан овулга қайтиб кетавериши мумкин эди. Бироқ кенгаш охирида кимдир биров бурчакдан туриб гапириб қолди: «Ундай деган билан ҳам, бундай деган билан ҳам, барибир сув нормаси кўпайтирилиб, ҳар биримизга уч-тўрт қулоқдан сув қўшиб бермагунча иш битмайди». Қоратой ўзини бирдан енгил ҳис қилди, – унинг айни муддаосидаги гап айтилган эди. Ўзи ҳам доимо сув деб қақшаб юрарди. Иш кўнгилдагидек бўлиш учун колхозга бўлиб берилган сув яна кам деганда ярим баравар кўпайтирилиши зарур эди. Кўпчилик мироблар бу таклифни қувватлаб шовқин-сурон қилишди: «Тўғри! Тўғри айтади, ҳамма гап шунда-да!» Овозлар бир оз босилгач, Собирбекка сўз берилди. Собирбек Қоратойларга қўшни – Жданов номли колхознинг мироби. У порусина кўйлагининг этагини орқа томонига тортиб қўйди-да, стол ёнига енгилгина одимлаб келди. Сўнг ўтирганларнинг кўнглидагини билмоқчи бўлгандай, уларнинг ҳар бирига кўз югуртириб чиқди. Ҳадеганда Собирбекнинг ўзига хос белгиларини англаб олиш қийин эди. Унинг ёши ўттизлардан ошган, кенг яғринли, қўй кўзли, сариқдан келган киши эди. Унинг бақувват гавдаси кўринишдан ёшлик чоғидан меҳнатга чиниққан кишиларни эслатарди. Собирбекнин ёқимли кулимсираб турган ялпоқ юзлари, кишиларни мафтун қиладиган ишончли кўз қарашлари, вазмийлиги, бировга ёмонликни раво кўрмайдиган ювош кишини эслатарди. Бироқ иш ҳақида, сув хусусида сўзлаганда, унинг ҳалиги мўмин-қобиллиги бир зумда йўқ бўлади-қолади. Собирбекнинг бу табиатини Қоратой бошқалардан кўра яхшироқ биларди... Яқин кишилар орасидаги ўзаро алоқа ва муносабатлар ҳам вақти келиб жуда мураккаблашиб кетиши мумкин. Мана ҳозир Собирбек сўзлай бошлаганда, Қоратой унинг сўзларини менга ҳеч қандай қизиғи, тегишли жойи йўқ, дегандай, ўзига юқтирмай, шунчаки тинглаб ўтирди. Улар гўё илгаридан келишиб қўйган кишилардек, бир-бирини ҳеч вақт ёмонлаб ҳам, яхшилаб ҳам гапирмас эдилар. Сен менга тегмасанг, мен сенга тегмайман, сен менинг ишимга аралашмасанг, мен сенинг ишингга аралашмайман, деб келишиб қўйгандай, ўзаро ёқтиришмасалар ҳам бири иккинчисига гап тегизишдан эҳтиёт бўлиб юришарди. Олдин дўстлашиб юрган кишиларнинг ораси бузилиб, йўллари икки томонга айрилиб кетган пайтларда шундай ҳодиса юз беради: яхши, ёмонни яширишиб бир-биридан узоқлашаверишади. Уларнинг дўстлиги одам қатнамай қўйган ёлғизоёқ йўлни ўт босиб кетгани каби бора-бора, ўз-ўзидан унутилиб, қалбдаги ўкинчларни бир-бирига айтишмай юрган дўстлар орасидаги зиддиятлар кучайиб, кек сақлайдиган бўлиб қоладилар. Улар очиқдан-очиқ қасдлашиб қолмаса ҳам, ҳар бири ўз дардини ичига тугиб, пайтини пойлаб юради. Мабодо, улардан бири қўл кўтариб қолгудай бўлса, иккинчиси от қўйиб курашга киришга тайёр туради. Ана шунда улар бир-бирига душман эканини яшириб ўтирмасдан, юзма-юз келади. Ҳозирча кўнглида бирор ғарази бўлмаган Қоратой Собирбекнинг сўзларини совуққонлик билан тинглаб ўтирарди. Собирбек у-бу деб эзмалик қилиб ўтирмасдан, гапнинг бўларини айтаётган эди: – Бу ерда баъзи бирларимиз сувни тақсимлаш масаласи қайта кўриб чиқилсин, текширилсин, деган фикрни айтяпмиз, – деди у бамайлихотир сўзлаб. – Бу бир томондан тўғри, албатта. Чунки ҳар бир ишни қайта-қайта кўздан кечириб, текшириб туриш – фойдадан холи эмас. Бизнинг сувчиларимиз – гидротехниклар ҳам буни аллақачон инобатга олиб қўйишган бўлса керак. Бу ҳақда уларнинг ўзлари гапиришар. Биз, мироблар эса бу ерда бундан бошқа ишлар тўғрисида кенгашиб олишимиз керак. Акс ҳолда қизининг сири онасига маълум, деганларидай, бизнинг билганимиз битта. У ҳам бўлса: «Сув етмаяпти, чанқадик, кўпроқ сув бер!» деб айюҳаннос солганимиз солган. Агар сувни кўпайтириб берганлари тақдирда ҳам яна сув етмайди деб чопганимиз чопган. Сувнинг кўпи яхши. Сув қанча мўл бўлса, нон ҳам шунча сероб бўлади, бу ҳаммага маълум. Лекин баъзи бировларимиз Чуй ариғинииг ҳаммасини даласига буриб юборсанг ҳам кўзи тўймай, ўшанда ҳам сув етмайди деб зорланади. Йўқ, ўртоқлар, бу кулги эмас. Бу муаммо ҳар биримизни қаттиқ ўйлантирмоқда. Ахир унга худонинг шунчаки оқиб ётган суви деб енгил-елпи қараш мумкин эмас-да. Сув деб қанчалик ташвиш тортяпмиз, меҳнат қиляпмиз... Шундай экан, бу ҳақда бафуржа ўтириб гапиришиб олайлик... Мана масалан, кўкламда далани кезган вақтингда, бир текисда униб чиққан экинларни кўриб қалбинг қувончга тўлади, кузга келиб хирмон кўтарилганда ҳосилни кўриб хафсаланг пир бўлади. Мана ҳозир ҳам экинлар сув юзини кўрмай қувраб кетяпти... Нега шундай бўляпти? Сув етишмаслигиданми? Йўқ, бундай эмас. Менингча, ҳар бир колхозда етарли сув бор, ҳатто сувга серобмиз ҳам дея олишимиз мумкин. Хўш, шундай экан, асосий гап нимада? Собирбек коридорда ўтирган бир гала одамлар томон ғоздай бўйин чўзиб қараркан, бирдаи Қоратойга кўзи тушиши билан тақир қирилган бошини қашиб, хаёлига бирор нарса келгандай бир оз жим қолиб, гапни улаб кетди: – Ҳар ким кўрган-билганини гапиради. Қоратой билан иккимизнинг овулимиз ёнма-ён. Ичадиган сувимиз ҳам бир. Қатта ариқнинг нариги соҳили уларники, бериги соҳили бизники... Бу томондан Қоратойни дўст деб биламан. Мен уни ёмонламоқчи эмасман, лекин мен бугун ҳақ гапни айтолмасдан ҳам туролмайман. Сен ҳам миробсан, мен ҳам миробман. Ўзингга маълум, «дўст ачитиб гапирар, душман кулдириб», деган мақол бор. Собирбекнинг бу сўзларини тинглаб ўтириб Қоратой ўз қулоғига баъзан ишонгиси келмасди. Бу гапларнинг ҳаммаси унга тўғридай бўлиб туюларди. Бироқ тўғри сўз тошни ёрар деганларидай... Собирбекнинг сўзлари аста-секин Қоратойга оғир бота бошлади. Собирбек ҳақ гапларни айтаётган бўлса ҳам, Қоратой уни аксига тушуниб, ғазабланаётган эди. Қоратой алданадиган анойи эмас, Собирбек нима учун бошқаларни мисолга келтирмай, унинг иши ҳақида гапираётганини яхши пайқарди. Собирбек ундам ўч олмоқчи. У шу кенгашда халқнинг кўз олдида атайлаб унинг обрўйини тўкиб, шарманда қилмоқчи. Бўлмаса, «Бештош» колхози экинларни суғоришда энг орқада қолган, деб бунчалик жаврамасди. Ҳақиқатан ҳам, Собирбек бугун ечиниб олиб, курашга тушган кишидай дўстларини ҳам, бошқаларни ҳам юзхотир қилмай, қаттиқ танқид қилаётган эди: – Қачон бўлса сув оз, сув етишмайди, деб баҳона қилиб юради. Бу одатингни ташла, Қоратой. Акс ҳолда иш ҳам юришмайди, экин ҳам ўсмайди. Сенинг ихтиёрингга уч юз литр сув бериб қўйилибди. Ўз деҳқон тилимиз билан айтганда, бу олти қулоқ сув! Ҳой, бу ҳазилакам сув эмас. Мен ҳам уч юз литр сув оламан. Бизнинг экин майдонимиз ҳам деярли бирдай. Шу сувнинг ўзидан ҳам тежаб-тергаб фойдалансак, худо ҳаққи, етиш у ёқда турсин, ҳатто ошиб кетиши ҳам мумкин. Лекин сен ўша ўзингга берилган сувнинг ҳаммасидап тўла фойдаланаётибсанми? Ҳамма гап ана шунда! Мен ҳозир сенга тўппа-тўғрисини айтиб бера қолай, – деб Собирбек чўнтагидан блокнотини олди. Ўтирганлар қўзғалиб ивир-шивир қила бошлашди: «Собирбекнинг гаплари тўғри! Ҳамма бало ўзимизда! Сув исроф бўлиб кетяпти». Собирбек блокнотини варақлаб, бир жойини очди-да, гапира бошлади: – Агар шу вақт ичида суғорилган ер майдонлари ҳисоблаб чиқилса, ҳалиги уч юз литр сувдан фақат бир юз етмиш литригина фойдаланилгани маълум бўлади. Шундай экан, қолган юз ўттиз литр сув қаерга кетган? Бу сувларнинг бекорга оқиб ётгани ўзингга ҳам аён, Қоратой. Уларнинг бир томчиси ҳам экинларга сарфланмаган. Хўш, нима учун булар ҳақида гапирмайсизлар. Бу миробнииг иши эмасми? Ҳосил оламиз дер эканмиз, ҳар куни уч маҳал овқат қилишни канда қилмаганимиздек, экинларнинг ҳам бир кун эмас, бир соат ҳам кечиктирмасдан қондириб суғориб туришимиз керак. Бунинг учун эса мироб эртаю кеч далада, сувнинг бошида туриб жой куйдириб ишлаши керак. Қоратой, сен тунги суғоришда бўласанми? Йўқ, албатта. Одам бўлиб ҳали бирор марта сени кечаси сув бошида кўрганим йўқ! Ариқ- ариқларга тақсимлаб берилган сув қаерга оқяпти, уни ким бошқаряпти, аминманки, қанчаси бекорга исроф бўляпти? Сен шуларни текшириб кўрдингми? Ўз сувчиларинг айтсин, йўқ албатта, сен буни қилаётганинг йўқ. Қачон қарамай тўғон бошида, рейкадан кўзингни узмай ўтирганинг ўтирган. Агар, сув режадан салгина пасайдими, дарҳол гидротехникларга: менга сув етмаяпти, сув беринглар, деб чопиб қоласан. Аммо шу пайт пастда қанча сув фойдаланилмай, исроф бўлиб оқиб ётгани билан ишинг йўқ. Қандай бўлмасин, бировнинг ҳисобидан бўлса ҳам, кўпроқ сув олиш пайидан бўласан, ўзим бўлай дейсан. Бошқалар сувсиз қолса ҳам сенга барибир. Олма пиш, оғзимга туш, деб доимо рейканинг тагида ўтирасан... Асов отни ўргатиб минган каби сувнинг ҳам тизгин-чилвирини қаттиқ қўлга олмасанг тўғри келган томонга урибкетади... Буни унутма Қоратой, сенинг ўрнинг рейканинг тагида ўтириш эмас, балки далада, сувнинг бошида, сувчиларнинг орасида... Собирбек борган сари қизишиб сўзлай бошлади. Унинг сўзлари Қоратойгагина эмас, ўтирганларнинг ҳаммасига қаттиқ ботаётгандай эди. Мироблар бошларини эгиб, жиддий қиёфада жимгина ўтиришарди. Собирбек «Бештош» колхозида ишламаса ҳам, у колхозни миридан-сиригача ўрганиб чиққандай гапирарди. «Бештош» колхозида суғориш ишларига эртароқ тайёргарлик кўрмайдилар. Фақат сув босиб келгандан кейингина ташвишга тушиб қоладилар. Тажрибали деҳқонлар бундай қилмайди, улар эрта кўкламдан бошлаб тараддудга киришади. Суғориш карталарини ишлаб чиқишади... Ерга қўш тушиши билан пешма-пеш янги ариқлар олиниб, тўғонлар тузатиб қўйилади, эски ариқлар қазиб тахт қилинади, тажрибали сувчилар танланиб, уларнинг ҳар бири маълум карталарга биркитиб қўйилади. Бироқ «Бештош» колхозида бундай ишлар қилинмайди. Қоратой бўлса, бундай ишлар билан етарли шуғулланмайди, ҳаракат ҳам қилмайди. Қоратой, сенларга ажратилган сув экинларга етиб бормасданоқ, эски ариқларда йўл- йўлакай қуриб, йўқолиб кетмоқда. Шу зайлда экинлар сув ичмасдан қолиб кетяпти, колхознинг олаётган ҳосили ҳам камайиб кетяпти. Бу билан иш битмайди. Ҳаммамизга маълум, ҳар бир литр сув учун колхоз пул тўлайди. Сенларда бўлса, сув йўлда-чўлда исроф бўлиб кетгани учун биргина ўтган йилнинг ўзида колхоз эллик минг сўмдан ортиқ зиён кўрди. Бутун район бўйича эса фойдаланилмай исроф бўлиб кетган сув учун неча минглаб сўм зарар кўрдик. Агарда бунинг устига, сифатсиз суғориш натижасида ҳосилнинг камайиб кетганини қўшиб ҳисоблайдиган бўлсак, келтирилган зарар миқдори ўн баравар, юз баравар ошиб кетиши мумкин. Эй, оғайнилар, бунинг учун ким жавоб беради? Ўзларинг айтинглар-чи, ким жавоб бериши керак? Менимча, аввало бунга биз, мана мен, мана сен, Қоратой, мироблар жавоб беришимиз керак. Ўзларинг бир ўйлаб кўринглар-чи, мабодо, чўпон бир улоқ йўқотса, у улоқни тўлайди. Шунга жавоб беради. Агарда бизнинг мироблар вақти билан юзлаб кубометр сувни исроф қилиб юборсалар ҳам жавобгарликка тортилмайди. Ахир, ўртоқлар, бунга чидаб бўладими? Сув – бу миробнинг боқиб юрган моли. Яхши мироб ундан доимо кўз-қулоқ бўлиб туради, ҳар бир томчисини ҳам тежаб-тергаб сарфлайди. Мана шундай ҳаммамиз тўпланишиб ўтирганда айтадиган таклифим шуки, меҳнат куни мироблик вазифаси учун ёзилмасдан, балки иш жараёнида фойдаланган сувнинг ҳисобидан ёзилиши керак, сиз қўшни районнинг вакилларидан менинг бу таклифимни ҳамма ерда қувватлашларингни сўрайман... От устида юриб мироблик қилган бошқа-ю, сув кечиб, жонини жабборга бериб ишлаган мироблик бошқа... Қоратой бу сўзларни эшитиб безовталаниб ўтирарди. Бу ҳам майли-я, айниқса Собирбекнинг «сен», «сен» деб қўлини найза қилиб, кўрсатиб гапирган гаплари унинг суяк- суягидан ўтиб кетди. – Ер трактор билан ҳайдалди. Колхозчиларингиз буғдойни экиб, униб чиқишига ҳам эришди. Суғориш маҳалига келганда, ҳаммаси бекорга кетди. Шуни билгинки, Қоратой, сен одамларнинг меҳнатини зое кетказдинг. Учтепа участкасидаги маккажўхорилар ҳанузга қадар бирор марта ҳам суғорилмади. Яхши униб чиққан экиннинг нобуд бўлишига нега йўл қўйдинг? Биламан, сен ҳозир, бу тепаликка сув чиқмайди деб айтасан. Бироқ, у томонга кун ботар бетдан ариқ олиб ўтиш мумкину, сен бўлсанг бу ҳақда эртароқ ҳаракат қилмадинг, бош ҳам қотирмадинг. Қоратой ўтирганларнинг ҳаммаси ўзига тикилиб қараётганини сезиб турарди. Қоратой шу пайт ер ёрилса-ю, ерга кириб, кўздан ғойиб бўлгиси келди. У қайноқ сувга пишиб олингандай бети-боши тарам-тарам қизариб кетган эди. Кенгаш тамом бўлиши билан у ижрокомнинг эшигидан биринчи бўлиб югуриб чиқди-да, шу бўйича отига ирғиб миниб, тўппа-тўғри далага қараб чопиб кетди. Бироқ у от устида кетаётганда ҳамСобирбекнинг сўзлари қулоқ остида жаранглаб эшитиларди. Гўё Собирбек унинг орқасидап қувиб келаётгандай эди. Қоратой Учтепа томон чопиб бораркан, у ҳамон кенгашда айтилган гапларни бир-бир эслаб турли хил ўй-хаёлларга чўмарди. Аммо қанча ўйламасин Собирбекнинг айтган гапларини маъқул кўрмасди. Ўзини оқлаш учун қандай бўлмасин, турли хил далиллар излаб топишга ҳаракат қиларди. Лекин шундай бўлса-да, топган жавоблари тинчитиб, ҳовуридан туширмаётган эди. Қоратойни изтиробга солаётган нарса: кенгашда гангиб қолиб, Собирбекка ҳеч бўлмаса бир оғиз ҳам жавоб қайтаролмаганида эди. Мана энди Собирбек уни бурнига сиртмоқ солинган туя каби ўз измига солиб олди. Эҳ, каллаварам, Собирбекнинг бундай айёрлигини сал илгарироқ билса қани эди! Зарба бериб, шохини синдириб, иккиичи марта оғиз очмайдиган қилиб қўярдику-я! Бироқ нима ҳам дея оларди? Сен, Собирбек, бошқаларнинг ишига аралашмасдан, ўзингни билавер деб энди айтиб бўлармиди? Энди ҳеч ким у ҳақда шикоят қилолмайди. Собирбекни бутун район билади, у моҳир сувчи, энг яхши мироб. Собирбекнинг колхозида беда ҳар йили тўрт мартадан ўриб олинади. Унинг колхозида силосга мўлжаллаб экилган жўхорининг ҳар бир гектаридан олти юз центнердан ҳосил олинади, колхозчиларга ҳар бир меҳнат куни учун район бўйича ҳаммадан кўп пул, ғалла, гўшт, мой берилади. Область газетаси Собирбек ҳақида мақолалар босиб, ундан ўрнак олишга чақирди. Билими жиҳатидан ҳам Собирбек ҳаммасидан устун. Кўпчилик колхозларда жўхорини ер етилгандан сўнг ёппасига суғоришади дейишади. Маълум бўлишича, бу эски усул яхши натижа бермабди. Унинг фикрича жўхорини жўяк-жўяк қилиб захлатиб суғориш маъқул экан. Шунда ҳосил икки баравар ортар эмиш. Унинг айтишича, агар каноп ҳозирги кунда қониб сув ичса, суткасига 12–14 сантиметргача ўсиши мумкин эмиш. Тавба, ҳар бир ўсимликни ўлчаб юргандай гапиради. Қишда суғориш масаласини кўтарган ҳам Собирбек эмасмиди? Ерни қишда ҳам суғориш керак экан, шунда ер намликни яхши сақлар эмиш. Буни эшитиб турган ёнидаги бир чол: «Оббо шайтон-эй», – деб ёқасини ушлаб Собирбекка тан бераётганини Қоратой ҳам кўриб турган эди. Тўғри, Собирбекнинг илми зўр, ўзи ҳам ишнинг кўзини билади, узоқни кўради! Қоратой-чи? У нималарни билади? Қоратой ҳам мироблик касбини Собирбекдан кам билмайди, албатта. Улар иккаласи ҳам миробчилик курсида бирга ўқишган. Аммо Собирбекнинг бахти бор экан. Илғор колхозга келди-ю ишлаб, тезда ном чиқарди. Хўш, у «Бештош» колхозида ишлаб кўрсин-чи! Унинг кимлиги шунда маълум бўлади! Даставвал Қоратой ҳам ишга зўр ихлос билан киришган эди. Унинг ҳам ҳалол меҳнат билан халқ ўртасида шуҳрат қозонсам деган орзу-умидлари бор эди. Аммо, иш бошиданоқ чаппасига кетиб, ўзини ўнглаб ололмади. Раислар бири келиб, бири кетиб тез-тез алмашиниб турди. Ана шундай шароитда янги таклифларни амалга ошириб, ҳавас билан ишлаб бўлармиди... Ойлар, йиллар ўтди. Қоратой ҳам бора-бора ишнинг боришига қараб кўникиб қолди... Тақдир атайлаб қилгандай, кўп вақтлар Қоратой билан Собирбекнинг турмуш йўлини бир йўлдан бошлаб борди. Уларнинг қишлоқлари ҳам ёндош эди, ёшлигидан бир-бири билан таниш эдилар, кейинчалик ўспиринлик кезларида «ШКМ» 2 мактабида бирга ўқишди. Уруш пайтида ҳам улар бир батальонда хизмат қилдилар. Белоруссияда бир походда кетаётиб, жилдираб оқаётган кичик сувнинг бўйида дам олиб ўтиришганлари ҳали ҳам эсида сақланиб қолган эди. Секин оқаётган кичкинагина ариқчанинг ёқасида соя ташлаб турган буталар, сув ичида ўсган қалин қамишлар, мусаффо осмон, сукут сақлаб турган тушки пайт, хуллас, атрофдаги жамики нарсалар нафасини ичига сақлаб, ўша сокин оқаётган сув тинчлигини бузмаётгандай бўлиб туюларди. Шу пайт отишмаларнинг овози ҳам эшитилмай, бир лаҳзага уруш даҳшатлари унутилиб, тинчлик ҳукм сурарди. Бундай сукунат оғушига чўмган солдатларнинг ҳар бири ўзича турли хил ширин хаёлларга бериларди.Собирбек этигини ечиб қайта кияётган эди, кўзи сувга тушиб тикилиб қолди: – Эҳ оғайни, бизнинг қадрдон тоғ сувларимиз қандай ажойиб-а. Уларни жуда ҳам соғиндим-да, Қоратой! – деди у. – Ҳар бир ариқнинг суви ўзича бир туганмас бойлик эканини энди пайқаб ўтирибман. Окопда ётганимда баъзан сувнинг шилдираб оқаётгани эшитилиб тургандай бўлади... Омон-эсон уйга қайтиб борсак, албатта сувчи бўламиз... Ўшанда сен ҳам мен билан бирга қўшилиб далага суғоришга чиқасан. Ахир, деҳқоннинг ҳузур-ҳаловати ўшанда эмасми? Сенинг Хонимгулингни ҳам бирга эргаштириб оламиз... Далага сувни бошқариб борамиз-да, кейин мен сизларга ашула айтиб бераман. Суғоришда тилсиз киши ҳам куйламасдан туролмайди! Ёвни енгиб, омон-эсон қайтсак, тилагим шу!.. Ўшандан бери орадан қанча йиллар ўтиб кетди. Уларнинг иккаласи ҳам урушдан бир вақтда қайтиб келишди, иккови ҳам мироб бўлиб бирга ишлаб юришди. Қоратойнинг оғир табиатлилиги ва тунд мижозига қарамасдан улар ўртасидаги дўстлик алоқалари аввалгидай давом этаверди. Бироқ, кунлардан бирида Собирбек ўз ўртоғи Қоратойнинг қаллиғи Хонимгулни севар эмиш, деган сўз чиқиб, овулда миш-миш гаплар тарқалди. Шу-шу Қоратойнинг дўстидан кўнгли совиб, Собирбекдан узоқлаша бошлади. Қоратой Хонимгулга уйлангандан кейин ҳам Собирбекка очиқ кўнгил билан қўл бергани йўқ. Қоратой бу ҳақда қанча ўйлаб кўрса ҳам, бир қарорга келолмай, сабр косаси тўлиб юрди. Бунинг сабаби ҳам бор эди, албатта, у сиртдан қараганда унчалик сездирмай юргани билан Хонимгулни жондан азиз кўрарди. Унинг ичи торлиги ҳам, рашк қилиши ҳам шунга яраша эди: Хонимгулга бирор киши кулиб қарадими, бўлди, жонажон дўстими, туғишган кишисими – ким бўлишидан қатъи назар, заҳарини сочиб, ҳазилми, чинми, суриштириб ўтирмасдан, қўлга тушса шу заҳотиёқ жиққа-муштлашишдан ҳам қайтмасди. Илгаридан шубҳаланиб юрган ёвуз ниятли Қоратой Собирбекнинг ҳар бир босган қадамини кузатиб юриб, унга нафрат билан қарай бошлади. Буни сезган Собирбек ҳам у билан кўпдан бери гапиришмас эди. Қоратой Собирбекнинг бундай юришини кўриб ўзича: у Хонимгулни унутолмаяпти, Собирбек менинг бахтимга чанг соляпти, деб сал нарсадан гумонсираб юрди. Бора-бора Қоратой Собирбекнинг меҳнатда эришган ютуқларига ҳам ҳасад билан қарай бошлади. Сиртдан қараганда у Собирбек эришган муваффақиятларни назар-писанд қилмай юрган бўлса ҳам, аслида уни кўрганда ичидан зил кетиб юрарди. Тўғри, Қоратой ҳам Собирбекдан орқада қолиб кетмаслик учун ҳаракат қилди. Бироқ унинг ишлари нима учундир олға босмади. Булар Қоратойнинг қалбини баттарроқ тирнаб-ўртаб, эски қадрдонидан ўрнак олишга, ёрдам сўрашга, унга бошимни эгиб бораманми, деган ғурур йўл бермасди. Собирбек бўлса ўчакишгандай номи халқ оғзидан тушмай мақталиб, борган сари обрў-эътибори ортиб бораётган эди. Сўнгги вақтларда Қоратой буни халқ тугул ўз хотинининг оғзидан ҳам эшитиб қолди. Кунлардан бирида Хонимгул Собирбекнинг сурати босилган газетадаги мақолани ўқиб ўтирган эди. Бунга кўзи тушиб қолган Қоратой ҳадеганда сир бой бермай, жимгина турди-да, сўнг сабри чидаёлмай: – Ие, яна сенинг Собирбегинг ҳақида ёзишибдими? Қани, яна нималар деб мақташибди! – деб, рашки келиб, ичидан куйиб бораётганини сездирмасликка ҳаракат қилиб кулимсираб қўйди. Бундан бир оз олдинроқ Хонимгул дугоналари билан бирга Собирбекларнинг қишлоғида қўйилган кинога бориб келган эди. Айтишларича, у ерда Собирбек билан Хонимгул ёнма-ён ўтиришиб, кинони ҳам кўрмасдан, бир-бирлари билан гапиришиб ўтирган эмиш. Буни эшитган Қоратой хотини билан очиқчасига гаплашиб олмоқчи бўлди, бироқ у нари-берини ўйлаб: – Бизнинг овулимизда шу кунгача клуб қурилмаганига ким айбдор? – деди-ю, яна шаштидан тушди. Бошидан кечганларини шу тарзда ўйлаб борар экан, Қоратой Учтепадаги экинзорлар томон қандай етиб келганини билмай қолди. У энди жўхориларнинг қай аҳволда эканлигини ўз кўзи билан кўрди. Кўрганларига ишонгиси келмай, кўзларини уқалаб-уқалаб қўйди. Лекин бубилан манзара ўзгармади. Сарғиш тортиб куйиб ётган бўз тупроқ гугурт чақсанг лоп этиб ёниб кетгудай. Жўхорилар бўлса аллақачон қувраб ўткир қуёш нурига тоб беролмай япроқларини найча сингари қат-қат ўраб олган эди. Она-Ер, у экинга сут беради, ҳаёт бахш этади. Лекин, у ҳозир етим болалардек ўгай қолган. Унинг сути йўқ, эгасиз қолган, жўхорилар аянчли аҳволга тушиб бари бир овоздан: «Бизга сув керак! Сув! Тезроқ бир томчи бўлса ҳам сув керак!» дея ялиниб-ёлвораётгандай эди. Ана шу пайтда Қоратойнинг юраги умрида биринчи марта, ҳақиқатан ҳам изтироб чекиб, зирқираб оғримоқда эди. Шунда унинг қулоқлари остида яна Собирбекнинг овози жаранглаб эшитилгандай бўлди: «Сен миробсан, сув қўлингда, ҳосил учун сен жавоб берасан. Билиб қўй, Қоратой, элнинг ризқини қийганинг, тер тўкиб қилинган меҳнатни зое кетказганинг учун халқнинг уволи тутади сени». Шу маҳал кўнгилни беҳуд қилувчи гармсел бошланди. Иссиқ шамолнинг қуюқ тўлқинлари ер бетига олов пуркаб, қолган-қутган сўнгги намликни ҳам сўриб олаётгандай Қоратойнинг баданларини куйдириб ёндирарди. – Гармсел! – дея бақирарди Қоратой жон-жаҳди билан, нафаси бўғзига тиқилиб. – Гармсел келди! – сўнг у отнинг ёлига муккасидан йиқилиб тушди-да, ўзича бўғиқ овоз билан пичирлай бошлади. – Бундан кўра, менинг сувсиз қолганим яхши эмасмиди?! Бундан кўра, менинг чанқаб ўлганим маъқул эмасмиди?! Бир оздан сўнг Қоратой бошини бир чулғаб олди-да, ўнқир-чўнқирларга қарамай, дала бўйлаб, чанг-тўзон кўтариб овул томон от қўйиб бораверди. У тизгинни бўш қўйиб чопиб борар экан, ҳозиргина кўчада подани тўсиб турган Хонимгул билан Тўқоннинг олдига етиб келди-да, отни таққа тўхтатди. III Туннинг биринчи ярми шу кунларда одатдагидан қоп-қоронғи эди. Ой қорайиб кўринган тизма тоғ чўққиларидан кечикиб чиқаётган эди. Суғориш учун тун энг яхши вақт. Собирбек суғоришнинг қандай бораётганини текшириб юрди. Ҳамма иш жойида. Сувчиларга кундуз куни топшириқ бериб қўйилган, уларнинг ҳар қайсисига алоҳида ер ҳам тақсимлаб берилган. Энди бўлса Собирбек бирор ерга сув чиқмай қолмадимикин деб, марзама-марза юриб суғорилган экинларни кўздан кечириб юрган эди, бир вақт: – Собирбек, қаердасаг, ҳо-о-о, Собирбек қаердасан! – деган овоз эшитилиб қолди. – Мен бу ердаман! – Сув йўқ! Сув қуриб қоляпти! – дея бақирарди ҳалиги сувчи. Собирбек у томон чопиб бораркан, нариги ёқдан яна қийқириқ овози эшитлди: – Хой, мироб, сув йўқ! Сув қани? Ҳақиқатан ҳам ариқдаги сувлар ўзидан-ўзи камайиб қуриб қолган эди. «Катта ариққа уриб кетдими, нима бўлди?» – деганча Собирбек катта ариқ томон чопиб кетди... Ариқ жойида, боя- боягидай. Аммо сув камайганидан камайиб, ариқ тубидаги тошлар қоронғида йилтираб кўриниб турарди. «Тавба, бу нимаси бўлди?» – деб Собирбек ҳайрон қолди-да, каналнинг бнрор ерини сув олиб кетганмикин деган хаёлга бориб, бирдан чўчиб кетди. Бўлмаса бу каналдан ёлғиз Собирбеклар эмас, «Бештош» колхози ҳам сув ичарди, қолаверса, каналнинг уриб кетган ерини боғлаш осон иш эмас. Унга қанча куч, қанча вақт керак. Суғориш қизғин кетаётган ҳозирги пайтда сувсиз қолиш бу ҳосилдан маҳрум бўлиш деган гап. Нима бўлса ҳам тезроқ ҳаракат қилиш керак, деб Собирбек тун қоронғисига қарамай, отга яна қамчи босди. Мана, у каналнинг бошига ҳам етиб келди. У ерда иккала колхоз учун сув бўлиб бериб турадиган катта шлюз ўрнатилган эди. Собирбек отини канал четидаги толга боғлади-да, ўзи каналнинг тепасига ирғиб чиқди ва шлюзнинг кўприги билан юриб бораётиб бирдан тўхтабқолди. Собирбек катта ариқ бошидаги шлюзнинг беркитилганини кўриб ўз кўзига ишонмасди. Каналдан ариққа томон ҳеч бўлмаса жилдираб ҳам сув оқаётгани йўқ. Қоратойларнинг шлюзи бўлса, охиригача кўтарилган. Сувнинг ҳаммаси уларнинг ариғида шарқираб оқаётган эди. «Бу нимаси, буни ким қилди?» – деб Собирбек ўзига-ўзи савол берарди-ю, унга жавоб топа олмасди. У умрида бунақа ҳодисага дуч келмаган эди. Сувнинг шовқин солиб, шарқираб оқаётганидан Собирбекнинг сўзларини эшитиб бўлмасди. – Йўқ, бу ерда қандайдир англашилмовчилик бор. Бундай бўлиши мумкин эмас. Буни дарҳол тузатиш керак!..– дер эди Собирбек ўзига-ўзи пичирлаб. У отининг ёнига бориб, ҳамиша эгарининг қошига боғлаб юрадиган катта ключни ечиб олди-да, қайтиб келиб ўзига тегишли сувни очиб юборайин деган мақсад билан ключни шлюзнинг гайкасига солиб бураётган эди, яқин атрофдан бировнинг ҳайбатли овози эшитилди: – Тегма унга, қўлингни торт! Собирбек ялт этиб ён-атрофига қараган эди, кўприкнинг устида қандайдир қанотини ёзиб юборган бургутга ўхшаш, ола-була жулдур ёпингандай бошини ичига олиб келаётган кўланка пайдо бўлди. Унинг афти башараси кўзга кўринмасди. – Сен кимсан? – Қўлингни торт деяпман! – Қоратой, сенмисан? У жавоб бермасди. – Бизнинг сувни сен бўғиб олдингми? – Менга сувнинг ҳаммаси керак! – Бундай ҳуқуқни сенга ким берди? Қоратой лапанглаганча икки сакраган эди, Собирбекнинг қаршисида пайдо бўлди. – Йўқол, ҳозир кўзимга кўринма! – Қоратой, ақлинг жойидами ўзи? Нима деб вайсаяпсан? – Ҳозир бу ердан кет! Сувни бермайман дедимми, бермайман! Уни ўзим учун эмас, колхоз учун оляпман! Экинлар қувраб кетибди, менга сувнинг ҳаммаси керак. Ҳозир кет, жонингдан умидинг бўлса, бу ердан ҳозир кет! Нима қилсанг ҳам сувни бермайман. – Бошқаларнинг экини суғорилмасдан қолиб кетса майлими? Бу куракда турмайдиган сўз. Бу ўғриликдан бошқа нарса эмас! – Мен ўғриманми? Тилингни тий! – Қоратой сакраб бориб Собирбекнинг қўлидаги темир ключни юлиб олди-да, орқага бир қадам тисарилиб, қулочкашлаб туриб Собирбекнииг бошига урмоқчи бўлган эди, Собирбек эпчиллик қилиб, Қоратойнинг қўлини ушлаб қолди. Сўнгра у қўлига бутун кучини тўплаб, Қоратойнинг билагини қопқон каби синдиргудек маҳкам сиқиб тураверди. Ниҳоят, ключ Қоратойнинг қўлидан шўлп этиб сувга тушиб кетди. Бироқ Қоратой ҳамон ён бергиси келмади. Афтидан, у ҳолдан тойиб йиқилмагунча олишмоқчи. Собирбекни кўприкнинг четига судраб бориб, сувга итариб юбормоқчи. Буни сезган Собирек бир қўли билан шлюзнинг темиридан ушлаб олиб, ўрнидан қимирламай тураверди. Улар шу зайлда юзма-юз олишиб, кўприк устидан сувга тушиб кетмаслик учун бир-бирини ушлаб, ёпишишарди. Қадрдон дўст бўлиб юрган кезларида ҳам улар бир-бири билан бунчалик яқинлашган эмас эди. Атроф бўлса жимжит, қоронғи, бирор тирик жон йўқ. Фақат эндигина бош кўтариб келаётган тўлин ой “бу олишиб ётганлар ким бўлди”, дегандай, қир орқасидан бош чўзиб қараётган эди. Агарда ҳозир кун қоронғи бўлмаганида, Собирбек Қоратойнинг қутургандай қон тўлган кўзларини баралла кўрган бўларди, чаккасида бўртиб чиққан қон томирларини юраги билан биргаликда гупиллаб ураётганини сезган бўларди, унинг ирвайган оғизлари мурдани эслатарди. Бироқ қоронғида Қоратойнинг куйиб-ёнаётгап иссиқ гавдаси, анқиб турган тер ҳиди ва хириллаб чиқаётган сўзларигина сезиларди. – Сувни бермайман дедим – бермайман! Бу тунда сувдан мен фойдаланаман. Экинлар сувсизликдан қувраб кетяпти!.. Бир оз вақт ўтгач, Қоратойнинг мадори қуриб, бўшашган эди, Собирбек уни ўзидан нарига итариб юборди: – Ўрнингдан жилма, Қоратой! Қўзғала кўрма! – деди Собирбек, – оқибат шу эдими? Ҳосил учун, биринчилик учун шунақа курашишимиз керак экан-да. Сен мени ким деб биласан? – Сен менга душмансан! – деди Қоратой энтикиб хириллаб. – Сен менга душмансан... Сен менинг севган хотинимга кўз олайтиряпсан, сен мени синамоқчи бўлиб йиғилишларда ёмон ишлайди, деб ишимни муҳокама қиласан. Лекин мени алдаёлмайсан, билиб қўй шуни... Суғоришда қанақа қилиб илғор бўлиб юрганингни ҳам биламан, сен менинг сувимни ҳам туни билан ўзингга фойдаланиб юрибсан... – Нима-нима? – деди-ю, Собирбекнинг томоғи бўғилиб, бошқа сўз айтишга чамаси келмади шекилли, Қоратойнинг ёқасини қўш қўллаганича ўзига ниқтаб тортиб, шу бўйича қимирлатмасдан хиппа бўғиб тураверди, сўнг қоронғида унинг кўзидан кўнглида нималар борлигини билиб олмоқчи бўлгандай, юзига анчагача тикилиб турди-да, қандайдир ўкинч билап бошини чайқади: – Ҳаммаси тушунарли! Мен кетдим. Аммо шуни билгинки, сенинг ариқларинг шунча сувга чидаш беролмайди... Сен ўзингга-ўзинг душманлик қиляпсан... Агар бир ҳўплам сув бекорга кетса, кейин ўзингдан ўпкала... Собирбек кетгандан сўнг Қоратой кўприкнинг устида туриб, ой нурида оқариб кўринган Собирбекнинг гимнастёркасига анчагача қараб қолди. Собирбек бу тўқнашувда ғолиб чиққандай бошини баланд кўтариб, кўкрагини кериб, мардонавор одимлаб кетаётган эди, Қоратойнинг бўлса боши айланиб, бутун вужуди олов бўлиб ёнаётган эди. У ҳозир ўзини ғоят кучсиз, биров адаштириб, ёлғиз ташлаб кетган гўдак сингари ҳис қиларди. Шу пайт у кетиб бораётган Собирбекка: «Тўхта! Менга сувинг керак эмас, сувингни ол!» деб бақириб юборишига сал қолди. Ўз қилмишини тўғри деб топиш ва ундан қаноат ҳосил қилиш учун Қоратойга яна нимадир етишмаётган эди. Каналнинг тепасидан чопиб тушган Қоратой ариқ ёқасига келиб ўтирди-да, жонимни жабборга бериб топган сув сенмисан, дегандай томоғи қуриб-чанқаган киши каби ҳовучлаб қулт-қулт сув ичди-да, ўзича нималарнидир гапираётган эди: – Шошмай тур, ҳали мен сенга кўрсатиб қўяман. Энди ҳамма сув ўз қўлимда... Бу кеча ҳамма экинларни суғориб оламан. Муддаом шу. Мени ўғри деб кўрсин-чи, мен ўғри эмасман!.. Улар экинларини тўрт-беш марталаб суғориб олишган. Бир кеча сув олмаса олмабди-да... Бизга бўлса ҳозироқ сув керак. Мана, яна гармсел эсиб келяпти... Йўқ, Собирбек, бекорларни айтибсан, бизга олти қулоқ эмас, ўн-ўн беш қулоқ сув керак... Учтепадаги жўхориларга сувни ўша эски ариқлар билан олиб бораман. Ҳақиқатан ҳам ариқда катта сув тўлқинланиб оқаётган эди. Унинг кучли оқимига қараб турган Қоратойнинг кўзлари жимирлаб кетди. Баҳорги тошқин дарё каби қирғоқлари билан тўлиб оқаётган ариқ сувига кафтингни солиб тўсмоқчи бўлсанг, сув гўё асов тойдек сапчиб, дуч келган томонга олиб кетиши мумкин. Сув эркин оқишни яхши кўради. Агар унга қулоқ солиб турсанг, сув ўзининг кучли оқими билан ариқ қирғоқларини кемириб кетиб, кўзга кўринмас қумларни муттасил оқизиб бораётгани эшитилади. Бироқ Қоратойнинг хаёли бошқа нарсада эди. У бугун қандай бўлмасин, туни билан экинларнинг ҳаммасини суғориб олмоқчи эди. Сув ҳозиргача Учтепага етиб борганини, у ерда сувчилар кечадан бери шайланиб, тайёр бўлиб турганини хаёлидан ўтказди-да, Қоратой ўрнидан сапчиб туриб қувончидан ўзича мийиғида кулиб қўйди. Ҳа, суғориш бошланди! Энди тезроқ ҳаракат қилиб қолиш керак... IV Қалин канопнинг қоқ ўртасидаги ёлғизоёқ йўл билан чор атрофга назар ташлаб бир аёл келарди. Унинг бошига бир ўрам қилиб боғлаб қўйилган оқ рўмоли елкасига сидирилиб тушган, кўйлагининг ёқалари очиб юборилган, қоронғида кўкси оқариб кўриниб турарди. Бу Хонимгул эди. У шошилганича қаергадир кетиб борарди. Уйқусидан чўчиб уйғониб кетган тўрғай ёнидан париллаб учиб кетган эди, Хонимгул чўчиб кетиб қичқириб юборишига сал қолди ва қўрққанидан қўлидаги тугунчани кўкрагига босиб олди. Йўқ, у қўлидаги тугунчани ташламоқчи эмас. Қоратой ишга бугун овқат емасдан кетган, яна бунинг устига, унинг кайфияти ҳам бузуқ эди. Агар бирор ҳодиса юз берганини билганда, Хонимгул Қоратой учун жонини беришга ҳам тайёр эди... Шу пайт аллақаердан: – Қоратой! Қоратой! Сув уриб кетди! Тезроқ кел! – деган кучли овоз эшитилди. Шошиб қолган Хонимгул ўша томонни кўзлаб чопиб кетди. Уч-тўрт киши, кимлигини билиб бўлмасди, уриб кетган ариқ ёқасида уймалашиб ётган эди. Аммо Хонимгул улар орасидан Қоратойни дарров таниди. У сув ўйиб кетган ариқ ўртасида энкайганича нимагадир уриниб ётган эди. Қатта ариқдан сиқилиб оқаётган кучли оқим йиртқич ҳайвон каби тутқич бермай, қирғоқни узиб-юлқиб, тупроқ чиқиндиларини ўзи билан бирга оқизиб сойга томон чопарди. Сувнинг шовуллаб оқаётган оқими ичидан дам-бадам кишиларнинг шовқин-суронлари эшитилиб қоларди. – Бўл!.. Тезроқ! Чимни олиб кел!.. Тошни бос... Хонимгулнинг етиб келганини ҳеч ким пайқамаган эди. Бироқ унинг қаердан, қачон келганига ҳам ҳеч ким ҳеч қанча таажжубланмасди. Хонимгул сув кечиб, Қоратойнинг олдига югуриб борди. Қоратой унга ялт этиб бир қараб қўйди-да: – Чим, чим олиб кел! Тезроқ! – деб буйруқ қилди. Ундан кейин нима бўлганини Хонимгул яхши англамасди. Боши қотиб, ганграб ўнгими, тушими, фақат жон-жаҳди билан чим ўйиб ётганини биларди, холос. Чимни ердан ажратиб олиш қийин, уни тирноқлари билан узиб олиш керак. Чим жуда оғир бўлса ҳам, Хонимгул уни ташламай, бола кўтаргандай қучоқлаб кўкрагига қисиб, Қоратойга олиб келарди. Қоратой бўлса хотинига бирон нима демасдан бўғилиб хирилларди. Шу чоқ нариги томондан бировнинг қичқирган овози эшитилди: – Нима? Нима бўлди? – Тезроқ, тезроқ бўлинглар! Сув олиб кетяпти!..– Мускуллари темирдай бўртиб чиқиб, ҳансираб, бир-бировларини туртишиб сув билан олишиб ётган одамлар орасидан аёлнинг ҳорғин овози қулоққа чалинди. Хонимгулнинг оёғига тош тушиб кетган эди. У оёғининг оғриғига чидай олмасдан «вой жоним», деганча тишини тишига босиб, сувнинг ичида ўтириб қолган эди, нариги ёқдан Қоратойнинг «бўлинглар», деган буйруғини эшитиб, ўрнидан ирғиб турди. Шу заҳоти бир нарса қирс этиб кетди. Нима бўлди, оёғи синдими?.. Қоратойнинг қоқаётган қозиғи синиб кетган эди... Кўзлари жимирлаб тиниб кетди... – Бари бир, бўлмайди! – Нега бўлмайди? – Эски ариқ эски кўйлак сингари, бир жойини ямасанг, иккинчи ери йиртилаверади. – Бас қил! – Бундан чиқди, ишлаб ўлгин деб қўя қол? – Ўл! Яна шиддатли кураш давом этади! Сув – бу тилсиз ёв. У бостирилган тош ва чимларнинг остидан отилиб чиқиб, ҳамма ёққа тошиб, бузиб бораётган эди. Уни жиловлаб бўлмасди... Қўлларининг тобора мадори қуриб, юзларидан номакоб тер қуйиларди... Сувчилар Қоратойдан норози бўлиб, уни кўришга кўзи йўқ эди... – Шу ҳам ариқ бўлди-ю, ичидаги чўп-хасига ўралашиб йиқиласан киши... Яна ундан сувқандай оқсин... – Ариқларни дурустроқ қазитмай раис билан мироб нима қилиб юрибди... – Буларнинг ҳаммасига Қоратой айбдор, икки ўртада на ўзига, на ўзгага қилди... – Текин томоқ юракни оғритади! Бу сўзларни Хонимгул ҳам эшитиб турган эди. «Улар нима дейишяпти, Қоратой бирор қалтис иш қилиб қўйдими?» деб қўрқиб кетди. Сувчилардан бири жаҳл билан бақирди: – Бас энди, сувни очиб юбор! Кимдир биров сувни ариққа ташлаб юбориш учун шлюз томон югуриб кетди. Қоратой бўлса, бир-икки сакраб етиб келди-да, унинг йўлини тўсди. – Сенга ким айтди сувни ташлаб юборсин деб? Ҳозироқ изингга қайт! Жавобини ўзим бераман! – Ниманинг жавобини берасан? Бировларнинг сувини очиб олиб, ариқларни бузиб юборганингними? Қоратой лом-мим демасди. Қовоқ осган бўйича қаршилик кўрсатмоқчи бўлиб тўпланиб турган сувчиларга томон қўлидаги кетмонини салмоқлаб яқинлашиб борди. Ҳалиги сўзларнинг маъносини, куёвининг қилмишларини Хонимгул энди аниқ англаб етган эди. Қоратой сувчиларга ғазаб билан ташланди: – Ишни ташлаб кетишга ким рухсат берди? – Қўп бақираверма! Яхшилик билан сувни очиб юбор! – Сен ўғирлаган сув учун биз жавоб бермаймиз! – Очиб юбормайман! – деб бақирган Қоратой жони бўғзига келиб, кетмон кўтариб сувчиларга ҳамла қилди. Шу заҳоти сувчилардан бири уни ўз кетмони билан тўсиб қолди, кетмонлар бир-бири билан тўқнашиб, қоронғида олов учқунлари чақнади. Сувчилар кўплашиб Қоратойни босиб йиқитиб, қўлидаги кетмонини тортиб олишди. Қоратой шунда ҳам тинчланмасди. У олдида турган одамларни боши-кўзи демасдан сола бошлади. Бошқалар уни ушлаб қўлини орқасига қайиришган эди. Қоратой қўлдан чиқиб кетиб, икки- уч қадам нарига бориб йиқилиб тушди. Бироқ яна ўрнидан тура солиб, қутурган ҳайвон каби олишиб кетди. Ҳангу манг бўлиб қолган Хонимгул тили калимага келмай, мажоли қуриб, ўша ўтиргани бўйича ўтириб қолди. – Вой, бу қандай мудҳишлик! – деганича Хонимгул муштлашиб ётганларни ажратмоқчи бўлиб, ўзини уларнинг орасига отди. Гандираклаб ҳолдан кетган Қоратойнинг олдини тўсиб, ураётган одамлардан уни ҳимоя қила бошлади: – Қўйинглар, садағанг кетайлар, ҳой бу нима қилганларинг, бола бўляпсизларми, қўйиб юборинглар! – деб Хонимгул йиқилиб-сурилганича Қоратойни ажратиб олишга талпинарди. Кўзига қон тўлиб, жон талвасасида олишаётган Қоратой аёлига бўй бермай, уни қайта-қайта силтаб ташлади. Шунга қарамай Хонимгул ўзини қоронғида муштлашиб ётган оломон орасига отиб сувчиларга ялиниб-ёлворди: – Қўйсаларинг-чи, айб сизларда эмас... Қўли билан қилган, боши билан жавоб беради. Бунга Қоратойнинг ўзи жавоб берсин, сизлар кетаверинглар... Кетинглар ҳозир... Урманглар деяпман! – Ҳой, уришни ким бошлади? Унинг ўзи эмасми? – Бошлаган бўлса, бошлагандир, ўчларингни мендан олинглар, ундан кўра, мени уринглар. – Нега сени урар эканмиз... Ҳозир кетамиз, бу ерда ётиб қоладиган одам йўқ. Бироқ биз буни шу бўйича оқибатсиз қолдирмаймиз. Тегишли жойда гапиришиб оламиз... «Кўрамиз! Ҳали парторг, правлениенинг олдига ҳам борамиз!» – деганча сувчилар кетмонларини елкаларига ташлаб, овулга йўл олишди. Қоратой бўғиқ овоз билан: – Тўхта! Орқага қайтинглар, ҳозир қайтинглар! – деб бўйнига осилиб олган Хонимгулни судраб, улар томон интиларди. Сувчилар тўхтамади, унга жавоб ҳам қилишмади. Бир оздан сўнг улар қоронғида ғойиб бўлишди. Боядан бери олишавериб ҳолдан кетган Қоратойнинг эси оғиб, бутун вужуди титраб- қалтираб, қўллари латтадай шалвираб қолган эди. Дала устидан гўё момақалдироқ гулдураб ўтиб кетгандай атроф жимжит. Димиққан илиқ тун майин тортиб қизиб ётган ер бетига салқин тушаётган эди. Ариқ бўйлаб тиғиз ўсган ихрож билан сариқ бош ўсимликларнинг ўткир ҳиди ҳавода анқиб турарди. Канал тарафдан қурбақаларнинг қуриллаши элас-элас эшитилиб турарди. Нариги ёқда эса қалин бутазор оралаб она туя ўтлаб юрибди. У бўталоғини эркалаб, чўзиқ овоз билан ўзига чорларди ва янтоқ пояларини киртиллатиб чайнарди. Ҳа, табиат одатдагидай тинч, ўз маромида, унинг осудалигини фақат биргина нарса – ариқнинг шариллаб оқаётган суви бузмоқда эди. Кичкинагина камарчадан куч билан отилиб чиқаётган сув сой бўйлаб шарқираб оқмоқда. Қоратой бошини қуйи солиб, ўртаниб ётган юрагини тўхтатолмай камардан пишқириб қайнаб чиқаётган сув каби энтикиб, оғир нафас оларди. Унинг «дик-дик» ураётган юраги куёвини қучиб турган Хонимгулга гўё ўз қалби ураётгандай аниқ сезилиб турарди. Мана, сув сўнгги тош ва чимларни ҳам суриб оқизиб бормоқда. У ўчакишгандай, аввалгисидан ҳам кучлироқ шарилламоқда. – Буни мен ёлғиз ўзим учун қилдимми? – деярди Қоратой ўз-ўзича, кимга юзланишни билмай. – Йўқ, колхозни деб қилдим... Сув бўлмаса... Экин майдони йилдан йилга кенгайиб бораётган бўлса... Хонимгул куёвининг бу нолишини кўриб, юраги товланиб кетди: – Ҳечқиси йўқ, Қоратой, кўп хафа бўлаверма! – деярди Хонимгул куёвининг қулоғига шивирлаб. Қоратой бир хўрсиниб, Хонимгулни қучоқлаб турган қўлларини ажратиб, уни нарига итариб юборди. – Кет бу ердан! – деди у зарда билан қаҳри келиб. – Кўзимга кўринма, йўқол! Хонимгул бирон нарса демасдан жимгина қайрилди-да, одимлаб кетди. У юриб бораркан, йўл-йўлакай қуврайларнинг бошини чимчиб, уларнинг аччиқ донларини кафтида уқалаб, ерга сепиб борарди. Ёлғиз қолган Қоратой яна бир оз ўтирди-да, сўнг тўғонни кўзлаб юриб кетди. V Тонг ҳам ота бошлади. Тоғ ён бағирларига ўрнашиб олган паға-паға енгил булутлар уйқудан секин-аста бош кўтара бошлади. Қоратой бўлса ерда чалқанча тушиб ётган эди. Ҳозир у ерни қучоқлаганича ёлғиз ётарди. Ер ҳаммасини тушунади, одамнинг севинч-қувончига ҳам, қайғу-аламига ҳам шерик бўлиши, ўз бағрига сингдириши мумкин. Мана, ҳозир ҳам чуқур хаёллар оғушига чўмиб ўтган воқеани эслаётган Қоратойнинг тинчини бузгиси келмагандай, секин-аста ёришиб келаётган тонг шуъласи ер бетига тўшалиб, юқоридан эсаётган майин шабада унинг зирқираб-қақшаб оғриётган танаси, қавариб кетган қўллари узра гирдикапалак бўларди. Қоратой ётган ерга яна кимдир биров шарпасиз яқинлашиб келди-да, унинг ёнига ўтира қолиб, Қоратойнинг бошларини, кифтларини силай бошлади. Бу илиқ қўллар Қоратой учун ғоят яқин, ғоят ёқимлитуюларди. Қоратой заррача бўлса-да, қўзғалишдан қўрқарди; гўё сал қўзғалса бу оромбахш лаҳза, жон ато қилган бахт қуши парвоз қилиб, учиб кетиб, иккинчи марта қайтиб келмасдек бўлиб туюларди. «Қадрингга етмадим, Хонимгул, – деб ўйлаб ётган эди у. – Сенинг табиатингни тушунмасдан пастлик қилдим. Кечир мени, юзингга қандай қарайман энди. Бахт-толе деган нарса фақат уйда, ўчоқнинг бошидагина эмас, балки эл билан, коллективнинг меҳнати билан чамбарчас боғлиқ эканини ўзинг ҳам тушунган бўлсанг керак...» – Қоратой, ўрнингдан тур, Собирбек келяпти! – деб шивирлади Хонимгул. Қоратой бошини саланглатиб ўрнидан турди. – Ма, далада қолиб кетибди, бошингга кийиб ол, – деб Хонимгул унга қалпоғини узатди. Қоратойнинг чангга ботган уст-бошини қоқиб, кўйлагининг йиртилган жойларини тўғрилаб, қистириб қўйди. – Мен уйга кетаверайин, сен кейин борарсан... Отинг қўрғоннинг нариги ёғида тушовли юрибти, – деди Хонимгул кетиб бораётиб. Собирбек ариқни ёқалаб секин келаётган эди. У баъзан узангига оёқларини тираб, отининг жиловини тортиб, атрофга назар ташлаб борарди. Балки, у янги ариқнинг қаердан тушишини мўлжаллаб юргандир. Қоратой жимгина қараб турарди. Дўст олдида жавоб беришдан кўра душман қўлида ўлган яхши эмасми?! 1954 йил Чингиз АЙТМАТОВ Асил Рашидов таржимаcи | |
|
√ Diriligiň derdi / hekaýa - 12.01.2024 |
√ Ýaşaýyş şol pursatlar / hekaýa - 15.10.2024 |
√ Düýş gapylary / hekaýa - 26.01.2024 |
√ Martyň bir güni / hekaýa - 20.07.2024 |
√ Arap hekaýatlary - 15.10.2024 |
√ Gara gözli söýgi ýaşaýarka... / hekaýa - 17.01.2024 |
√ Men şu gün gyz boljak / hekaýa - 26.07.2024 |
√ Meniň ýyldyzym / hekaýa - 07.09.2024 |
√ Enesi ukuda däldi / hekaýa - 11.10.2024 |
√ Halasgär barsyň hamy / hekaýa - 24.06.2024 |
Teswirleriň ählisi: 0 | |