04:56 Серташвиш меҳмон / ҳикоя | |
Серташвиш меҳмон / ҳикоя
Hekaýalar
Ўрмон қоровули Артёмнинг қийшайиб кетган пастаккина уйчаси. Деворга осилган катта қора образ тагида икки киши ўтирибди: бири Артёмнинг ўзи — пакана бўйли, юзлари қариганликдан буришиб бўйнигача соқол босиб кетган озғингина мужик, иккинчиси бир ёқдан келган овчи — новча, яп-янги қизил кўйлак ва узун қўнжли ов этиги кийган ёшгина йигит. Булар кичкинагина уч оёқли столча олдида скамейкада ўтиришибди. Стол устида бутилкага суқиб қўйилган шам милтиллаб ёнмоқда. Ташқарида зим-зиё қоронғи, шамол оламни бузгудай бўлиб гувуллайди. Табиат момақалдироқдан дарак бермоқда. Шамолнинг шиддатидан дарахтлар қасирлаб эгилиб-эгилиб тушади. Деразанинг бир кўзига қоғоз ёпиштирилган; ўзилиб тушган япроқлар шунга келиб урилар ва қоғозни шитирлатар эди. — Мен сенга айтсам, диндош… — деб ингичка овоз билан секин гап бошлади Артём, чўчигансимон, кўзларина овчига киприк қоқмай тикиб. — Мен бўридан қўрқмайман, айиқдан ҳам, ҳар қандай йиртқич ҳайвондан қўрқмайман-ку, лекин одамдан жуда қўрқаман. Ҳар қанақа махлуқдан милтиқ отиб, ёки бошқа бирон йўл билан бир амаллаб қутилиб олиш мумкин, аммо ёмон одамдан сира ҳам қутула олмайсан. — Рост гап! Ҳайвонни отиш мумкин, лекин биронта қароқчини отиб кўр-чи, жавобгар бўласан, Сибирга ҳайдашади. — Эй ука, шу ўрмонга қоровул бўлганимга ўттиз йил бўлай деб қолди; шу орада ёман одамлардан қанча кўргиликлар кўрдимки, айтсам тамом бўлмайди. Уйимга келиб кетган одамнинг сону саноғи йўқ. Уйим йўл ёқасида, серқатнов жой, ҳар бир йўловчи бошини суқиб ўтмаса, иложи йўқ. Ноинсофлар шартта эшикни очиб, кириб кела беришади; шапкасини олиш йўқ, чўқиниш йўқ, худди бериб қўйгани бордай дўқ қилади-да: «Нон топиб бер, фалонингни-тугинингни…» деб сўкади. Ҳа, мен нонни қаёқдан олай? Сендан нон қарзим борми? Ёки мен кўчадан кириб келган қар бир ароқхўрни тўйғизадиган миллионерманми? Қани, гап таъсир қилса! Кўзидан одам қўрқади… Бўйнида крести бўлмаса, худодан қўрқмаса… Бир балойи азим-да. Уялмай-нетмай қулоқ тагига тарс солиб қолади! «Нон бер дейман!» деб бақиради. Иложинг йўқ, берасан… Бу малъунлар билан айтишиб бўладими? Баъзилари худди барзангига ўхшайди: кифти бир қулоч келади, мушт демаганинг ҳар бири оёғингдаги этикка баравар. Менинг жасадим эса — бу, мана, ўзинг кўриб турибсан, бир муштлик ҳолим бор… Ноилож олдига нон қўяман; у эса, қорнини тўйғазади-да, чўзилиб ётиб олади. Пул берай дейиш йўқ, раҳмат — йўқ. Баъзилари мендан пул талаб қилишади-я! «Пулинг қаерда, айт!» деб қистаб қолади. Менда пул нима қилсин? Пулни қаёқдан олай? — Ўрмонда ишлайсан-у, пулинг нега йўқ бўлсин! — деб кулди овчи. — Ҳар ой маошинг тайин, бундан ташқари ўғринча ёғоч сотсанг керак. Артём чўчиб тушди ва овчига хўмрайиб қараб қўйди, соқоли зағизғоннинг думидай селкиллай бошлайди. — Сен менга бунақа гапларни айтишга ҳали ёшлик қиласан. Оғзингга қараброқ гапир, то рўзи қиёматда худо олдида жавоб берасан. Сен ўзинг кимсан? Қаерлик бўласан? — Вязовкаликман. Нефед оқсоқолнинг ўғли бўламан. — Милтиққа ишқибоз экансан-да… Мен ҳам ёшлигимда шу номаъқулчиликни кўп яхши кўрар эдим… Ҳей, товба! Не-не гуноҳ ишларни қилганмиз, болам, — деб эснаб олди Артём. — Дунёда тузук одам жуда кам, аммо каззобу каллакесарнинг, худо кўрсатмасин, саноғи йўқ. — Мендан ҳам хавотир бўлаётибсанми дейман… — Ҳе, йўғе! Сендан нега хавотир бўлай? Кўринишингдан маълум, мен ҳам одам танийман… Сен эшикдан кирган замон чўқиндинг, одоб билан таъзим қилдинг… Сен бошқа… Сенга нон берса савоб бўлади. Лекин мен бир бева одамман, печь ёқмасдан ўрганганман, самоваримни сотиб юборганман… Гўшт-ёғ деган нарсага кучим етмайди, камбағалчилик… Лекин нон десанг — марҳамат. Шу пайт стол тагида алланима ириллаб юборади, кетидан бўғиқ овоз эшитилади. Артём чўчиб тушди ва дарҳол оёқларини тортиб олиб, «бу нима?» дегандай қилиб овчига қаради. — Менинг итим, мушугингга ириллаяпти, — деди овчи. — Жим! Ёт! Худди калтак ейсан! Мушугинг ҳам роса озиб кетибди, оғайни! Жуни билан суяги қолибди, холос. — Роса қариди, яқинда кўздан қолади… Демак, вязовкалик бўламан дегин! — Сира ҳам овқат бермабсан. Мушук ҳам жонивор… Қараш керак, увол бўлади, ахир! — Вязовкаларинг яхши жой эмас, — дейди овчининг гапини эшитмасликка олиб, сўзини яна давом эттиради Артём. — Бир йилда икки марта черковни ўғри уриб кетди… Шунақанги имонсизлар ҳам бўлар экан-да? Демак одам у ёқда турсин, худодан ҳам қўрқишмайди. Наҳотки худонинг мулкига чанг солса-я! Бу ноинсофларни дорга осса ҳам камлик қилади. Қадимги замонда губернаторлар бундай касофатларни жаллод қўлига топширарди. — Қандай жазо берсанг ҳам, бари бир фойдаси йўқ, дарра билан тилимлаб ташласанг ҳам, суд қилиб осдириб юборсанг ҳам, ёмон-ёмонлигини қўймайди. — Ё худоё худовондо, ўзингнинг раҳминг келсин, — деб хўрсиниб қўйди ўрмон қоровули. — Тамомий душману дилозорлардан ўз паноҳингда асрагайсан!.. Ўтган ҳафта Воловьи Займишчада бир ўроқчи шеригининг кўксига чолғи ўроқ билан солган экан, тил тортмай ўлибди. Бекордан-бекорга-я! Ё худоё товба-ей! Битта ўроқчи қовоқхонадан чиқиб келаётган экан… маст бўлиб… Иккинчиси унга рўпара келиб қолибди… Буниси ҳам ичиб олган экан… Артёмнинг ҳикоясини диққат билан тинглаб ўтирган овчи, бирданига сесканиб тушди ва бурилиб ташқари томонга қулоқ солди. — Тўхта-чи! — деди у, Артёмнинг сўзини бўлиб, — Биров бақираётганга ўхшайди. Овчи билан қоровул кўзларини қоронғу деразадан узмай қулоқ солдилар. Қаттиқ шамол бўлганидан гувуллаб ҳайқираётган ўрмон томондан ғалати-ғалати овозлар келар эдики, буни фақат астойдил тинглаган зийрак қулоқгина эшита оларди. Лекин бу, нажот истаб бақираётган бирон одамнинг товушими, ёки мўрида ўралишган шамолнинг ашуласими — ажратиб бўлмас эди. Шу орада кучли шамол тўлқини келиб, ўзини томга урди ва деразадаги қоғозни шалдиратиб юборди. Ана шунда «Войдод!» деган овоз аниқ эшитилди. Овчи рангги ўчган ҳолда ўрнидан турди. — Боядан бери каллакесар-у йўл тўсар деб тоза вайсадинг. Мана, айтганинг келди, шекилли. — Худоё, ўзинг асрагайсан! — деб қоровул ҳам рангги ўчган ҳолда ўрнидан турди. Овчи дераза олдига бориб, сиртга қаради ва қайтди. — Зим-зиё! Тун ҳам шунақа бўладими! — деб куйинади у ўз-ўзидан. — Ҳамма ёқ зулмат! Айни қароқчи юрадиган пайт бўлибди… Эшитдингми? Яна додлади. Қоровул деволдаги образга тикилади, сўнгра, овчи томонга бурилиб қарайди ва бу кутилмаган ҳодисанинг ваҳимасида дармони қуриб, скамейкага ўтириб қолади. — Барака топкур! — деб ялинади у йиғламсираб. — Сен чиқиб даҳлизнинг эшигини тамбалаб келсанг, яхши бўлар эди. Шамни ҳам ўчирмасак бўлмас. — Нега энди? — Вақт шунақа. Фалокат босиб, тўғри кириб келишса-я!.. Худоё, осий бандангман!.. — Ёрдамга дарров етиб бориш керак-ку, эшикни тамбала дейди-я! Каллаварам-ей! Қани, юр, борайлик! Овчи милтиғини елкасига осди, шапкасини ҳам олди. — Қани, кийин, милтиғингни ол! Флерка, ма! — деб итини чақирди. — Флерка! Скамейка остидан сеттер билан кўппак жинси аралашган, узун қулоқларини ит талаган Флерка чиқди. У эгасининг оёғи олдига бориб чўзилди ва думини ликиллатди. — Турмайсанми ахир?! — деб бақирди овчи қоровулга. — Ёки боргинг келмаяптими? — Қаёққа? — Ёрдамга! — Ўзим зўрға турибман-ку! — деб қўлини силтади қоровул ва бутун вужуди билан буралди. — Худойим ўзи асрасин!! — Бормаслигингга сабаб нима? — Бояги ваҳимали гаплардан кейин мен энди бир қадам ҳам силжимайман. Ким бўлмасин, панои худо! Қоронғида ўрмонда тентираб менга нима бор? — Нега қўрқасан? Ёки милтиғинг йўқми? Қани, юр, сазамни ўлдирма! Ёлғиз одамни ваҳима босади, икки киши бўлса — парвои палак!.. Ана! Тағин додлади. Бўл тезроқ! — Мени ҳали ҳам тушунмабсан, йигит! — деб ёлворди қоровул. — Ёки ўзини-ўзи жарга ташлайдиган аҳмоқ деб билдингми? — Демак, бормас экансан-да? Қоровул «чурқ» этмади. Ит ҳам додлаган овозни эшитди, шекилли, вовуллай бошлади. — Борасанми, йўқми дейман сенга? — деб бақириб юборди овчи. Унинг кўзлари ғазабдан олайиб кетган эди. — Худо урсин, елим экансан!.. — деб ғижинди қоровул. — Ўзинг бора бер-да!.. — Ие!.. Вой аблаҳ! — деб сўкинди ва итини чақириб, эшик томонга бурилди. Овчи чиқиб кетди, эшик ланг очиқ қолди. Ҳовуллаб шамол кирди ва шамни «лип-лип» ўйнатди. Шам «лоп» этиб бир кўтарилди-ю, ўчди. Қоровул эшикни бекитар экан, чақмоқ чақди ва унинг шуъласида кўлмак сувлар, эшик олдидаги қайинлар ва кетаётган овчи яққол кўринди. Узоқда момоқалдироқ гулдиради. — Товба, товба, товба! — деб шивирлади қоровул ва йўғон бир таёқни каттакон темир ҳалқага суқиб, шошиб-пишиб эшикни маҳкам тамбалади. — Ҳаво роса айнадида, худо-ей!.. — У уйчасига қайтиб кирди, қоронғида тимирскилаб печни топди ва бошигача бурканиб ётиб олди. Пўстин тагидан қанчалик диққат қилиб қулоқ солса ҳам додлаган одам товушини эшита олмади. Момоқалдироқ тобора кучаймоқда, шамол ҳайдаб келган ёмғир томчилари дераза кўзларига ва ёпиштирилган қоғозга роса шатирлата бошлади. Қоровул шу ваҳималар остида ўзича ўйлайди ва овчини ёмғирда ивиб кетган, тўнкаларга қоқилиб-йиқилиб юрган кайфиятда кўз олдига келтиради. «Алвасти чақирди. Мана энди ваҳима босиб, дағ-дағ қалтираётгандир. Ажаб бўлди!». Орадан ўн минут ўтмай оёқ товуши эшитилади, сўнгра биров эшикни қаттиқ тақиллатади. — Ким у? — Мен, — деб жавоб қилди овчи. — Оч! Қоровул печь устидан тушиб, шамни топиб ёқади ва эшикни очади. Овчи билан ити роса ивиган ҳолда кириб келишди. Улар энг қаттиқ жалада йўлда эдилар. Энди устларидан сиқилмаган латтадан оққандек сув оқиб турарди. — Нима гап? — Арава ҳайдаб кетаётган бир хотин, — деди овчи энтикиб, — йўлдан адашиб чангалзорга кириб кетибди. — Ана аҳмоқ! Шунга бақирибдими? Қўрқиб кетганда… Иш қилиб йўлга чиқариб қўйдингми? — Сендақангги аблаҳга жавоб беришни истамайман. Овчи ивиган шапкасини скамейкага улоқтирди-да, сўзини давом этдирди: — Мен сени энди билдим: сен энг аблаҳ, энг разил одам экансан. Тағин қоровулсан-а, маош оласан! Минг лаънат сенга! Қоровул ўғри мушук сингари юриб, печь ёнига борди ва секингина йўталиб, ётиб олди. Овчи скамейкада бир оз хаёл суриб ўтирди-да, ивиган ҳолича чўзилди. Бир оздан сўнг туриб шамни ўчирди-да, тағин ётди. Момоқалдироқ роса овжига чиққан пайтда у тўлғаниб тушди ва қоровулни койиди: — Қўрқар эмиш… Борди-ю, ўша хотинни ўлдиришмоқчи бўлса-чи? Унга ким мададкор бўлиши керак? Тағин бу кўпни кўрган қари-я, диндор одам-а!.. Сатқаий одам кет-е, тўнғизнинг ўзи экансан… Қоровул йўталди ва чуқур нафас олди. Қоронғида Флерка қаттиқ бир силкинган эди, ивиган жунларидаги сувлар ҳамма ёққа сачраб кетди. — Бундан чиқдики, муштипар бир хотинни ўлдириб кетса, парвойингга ҳам келмас экан-да! — деди овчи. — Худо урсин агар, сенинг мунақалигингни илгарироқ билганимда… Гап тўхтади. Жимлик… Ҳаво ҳам ёришди… Момақалдироқ йироқлашиб кетди, лекин ёмғир ҳали ҳам тинмаган эди. — Борди-ю, додлаган одам хотин бўлмаса, сен ўзинг додлаётган бўлсанг-чи? — деб жимликни яна бузди овчи. — Додингга ҳеч ким етиб келмаса, хўш, ҳолинг нима бўлар эди, ҳайвон? Ўйласам, ҳали ҳам ўзимга келолмайман-а! Ҳе касофатинг ўзингга ургур, бадбахт! Овчи хийла вақтгача индамай ётди, ниҳоят: — Бундан чиқдики, сенда пул кўп, пули кўп одам кўрқоқ бўлади. Камбағал ҳеч кимдан қўрқмайди. — Бу сўзларинг учун худонинг олдида жавоб берасан — деб ғўнғиллади печь устида ётган Артём. — Менда пул нима қилсин? — Ростдан-а? Пул ҳамиша аблаҳда юради. Бўлмаса нега одамдан қўрқасан? Демак, пулинг кўп! Шу қилганингга бор-у йўғингни шилиб олсам, роса мулла бўлар эдинг-да! Артём оҳистагина печь устидан тушиб шамни ёқдида, образ тагига бориб ўтириб олди. Ранги тамоман ўчиб кетган, кўзларини овчидан узмас эди. — Мана ҳозир ҳамма пулингни шилиб оламан, — деди овчи ўрнидан тураётиб. — Сен нима, ҳазиллашаётибди дейсанми? Сендайларнинг жазосини бериш керак. Гапир, пулни қаерга яширгансан? Артём оёқларини йиғиштириб олди, кўзлари мўлтиради. — Нега булонглайсан? Пулинг қаерда? Тилинг борми? Гапир дейман, касофат! Нега индамайсан? Овчи ўрнидан ирғиб турди-да, унинг ёнига борди. — Бойқушга ўхшатиб, кўзингни чақчайтирма! Қани бўл! Бер пулни, йўқса отиб ташлайман! — Мени бунча қийнайсан? — деб ялинди қоровул кўзлари жиқ ёшга тўлиб. — Мен сенга нима қилдим? Теппамизда худо бор! Бу ҳақоратларинг учун у дунёда жавобгар бўласан. Мендан пул талаб қилишга ҳеч бир ҳақи-ҳуқуқинг йўқ. Овчи йиғлаётган Артёмнинг юзига тикилиб туриб, ўйланиб қолди ва ундан узоқлашди, кейин жаҳл билан шапкасини бостириб кийди-да, милтиғини олди. — Эҳ… башарангни нахс босиб кетибди! — деди у ғазаб билан. — Дийдорингни кўргим йўқ! Бари бир бу ерда ухламай тонг оттираман. Кетганим яхши, хайр! Флерка! Ма! Эшик тарс очилди-да, серташвиш меҳмон итини эргаштириб чиқиб кетди… Артём дарҳол эшикни беркитди, чўқиниб олди ва ётди. Антон Чехов (1860-1904; Россия). О. Шарапов таржимаси. | |
|
√ Ägä bolmaly / hekaýa - 15.09.2024 |
√ Durmuşyň kanuny / hekaýa - 09.10.2024 |
√ Haýsy gowy? / Gündogar hekaýaty - 05.03.2024 |
√ Utulyşyň sogaby / hekaýa - 01.12.2024 |
√ Halasgär barsyň hamy / hekaýa - 24.06.2024 |
√ Paşmadyk keýp / hekaýa - 21.08.2024 |
√ Alty daýy / hekaýa - 05.11.2024 |
√ Garagumda / hekaýa - 09.03.2024 |
√ Kakamyň synaglary / hekaýa - 18.12.2024 |
√ Toba maskasy / hekaýa - 27.06.2024 |
Teswirleriň ählisi: 0 | |