Омондурди Аннадурдиев
Омондурди Аннадурдиев ҳозирги замон туркман шеъриятининг етакчи вакилларидан бири. Унинг шеърларини ўқиб, болаликнинг сирли армонларига, муҳаббатнинг ҳам азобли, ҳам сурурбахш кечинмаларига, инсон ва табиат уйғунлигининг гўзал фалсафий тасвирларига гувоҳ бўласиз. У Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Дўрмон ижодий боғидаги шеърият давраларида кўп бўлган. Ўзбек шоирларидан дўстлар орттирган.
* * *
Ўн каллали кунгабоқар
Ё унга, ё бунга боқар.
Бир каллали кунгабоқар,
Ё ерга, ё кунга боқар.
Ўн каллали кунгабоқар,
Ўн калласи кўкка тегар.
Бир каллали кунгабоқар,
Ёлғизликдан бошин эгар.
Ўн каллали кунгабоқар,
Пуч бўлади, йўқ бўлади.
Бир каллали кунгабоқар,
Мағзи унинг… тўқ бўлади!
* * *
Денгиз кўкка сапчир.
Юрагимга ул
баҳайбат тўлқинлар тиламоқчими.
Денгиз кўкка сапчир.
Тўлғанар гувлаб.
Осмондаги ойни
силамоқчими…
* * *
Кулардик
қаҳ-қаҳлар отиб…
Шундан бери
ўтди,
худо билсин,
неча юз ойлар…
От бўлай деб кишнаб кечганидек
йилдирим тойлар.
* * *
Қоғоз сувга ботса
бўкиб қолмасми,
сақлаб биладирми
ўз оҳорини.
Йигит сақлагайми ўз баҳорини
дили бўлса доғлиқ?..
Қоғозига боғлиқ,
йигитига боғлиқ.
ОЛМАХОН
Ассалому алайкум, ёқимтой, жажжим,
Кафтимга чиқибсан, қувноқ ошно, сан.
Термулиб турибсан кўзларимга жим,
Балки суҳбатимга менинг ташнасан.
Ўқиб берай десам ғазалларим хом,
Минг сўзим бир маъни мағзин чақмайди.
Мағзи тўқ ёнғоққа ўчсан, олмахон,
Менинг пуч шеърларим сенга ёқмайди.
* * *
Севги йўқ дейдилар…
Йўқдир у, балким,
Ишқ боғидан гуллар термаганларда.
Севги йўқ дейдилар…
Йўқдир у, балким,
юрак олиб
юрак бермаганларда.
Севги йўқдир
аҳддан қайтганлар учун,
севги йўқдир
йўқ деб айтганлар учун.
МУНЧОҚЛАР ТИЗИМИ
Термалар
Кўз бўлмасанг, куярман,
Қош бўлмасанг, куярман.
Тор йўлда, тор кўчада
Дуч бўлмасанг, куярман.
* * *
Тоғда қорни изладим,
Боғда норни изладим.
Дардга дардни қўшмоққа
Дардли ёрни кўзладим.
* * *
Ишқим ёздим япроққа,
Япроқ йўли елдадир,
Елиб-елиб япроқлар
Севгим сенга элтадир.
* * *
Ботмади кун вақтида,
Чиқмади ой вақтида.
Келмадинг, дод, вақтида,
Келмадинг, вой, вақтида.
* * *
У қиз зимдан боқади,
Кўзимдан ёш оқади.
Бир йигитни танлай деб,
Минг йигитни ёқади.
* * *
Бахтда ёр ҳиссаси бор,
Эр бошин ғуссаси бор.
Бир мисра ғазалимнинг
Минг мисра қиссаси бор.
* * *
Шоир бўлинг демайман,
Ишим андуҳ, мунг менинг.
Кулганим гар бир бўлса,
Йиғлаганим минг менинг.
* * *
Бир лўли қиз қўлларимни силайди:
“Лауреат йўли сенга бўғилар.
Безовта бўлмагил, бўлма хомтама,
Лауреат бахтли аёлдан туғилар”.
Бир лўли қиз қўлларимни силайди:
“Бахт келтирмас тутган бу ўн сўмлигинг.
Ҳалак бўлма таниш-билиш ахтариб,
Ҳали-вери чиқмайди кўп тўмлигинг”.
Бир лўли қиз қўлларимни силайди:
“Сен инжиқсан, бордир сенга кўп жазо.
Биттасини эшит: ҳеч бўлолмайсан
Ёзувчилар уюшмасига аъзо”.
Эй, лўли қиз, қўлларимни силайвер,
Наҳот менга ҳамма эшик ёпилар.
Эй, лўли қиз, қўлларимни силайвер,
Айтганингдан бошқа бахт ҳам топилар.
Эй, лўли қиз, қўлларимни силайвер,
Тез-тез тўсиб чиқиб тургил йўлимдан.
Энг катта бахт, асли, гўзал лўли қиз,
Ушлаб турганингдир менинг қўлимдан!..
* * *
1. Мен йўл ўғли эмас, мен йўл отаси,
Бу янги овулга йўл чўзиб келдим.
Қилган бу ишимнинг йўқдир хатоси,
Ойда икки бора қўл чўзиб келдим.
Турналар мунғайиб боққан йўлларда,
Жайрон елиб, чақин чаққан йўлларда,
Уловлар сел бўлиб оққан йўлларда
Ҳижроннинг устидан мен ғолиб келдим.
Лолалар ярашган йўл менинг кўнглим,
Минг-минг чечакларга тўл, менинг кўнглим,
Ҳеч ёққа бормасанг, сўл, менинг кўнглим,
Мен йўл олиб келдим, йўл солиб келдим.
Қорачиғим чўлга хол қилиб келдим,
Тилимни ҳайратдан лол қилиб келдим.
2. Енгил иш,
оғир иш,
қора иш,
оқ иш…
Йўқ-йўқ, бундай бўлмас,
асли бироқ иш.
Ишни бундай десанг
олам тораяр.
Енгил қилган ишинг оғири
бошқага тушар.
Бир оқ ишдан
бутун олам қораяр…
3. Мен йўлчи бўлмасам,
ким бўлар эдим?..
Чўлда оҳуларни ўтлатиб юрган
кийикчўпон бўлар эдим.
Чўлда оҳуларни ўтлатиб юрган
суюк чўпон бўлар эдим.
* * *
Нариги соҳилдан қардош қичқирди:
“Кел, қардош, мен сени
соғиндим”.
Қайиқ миниб боргим келди қошига,
Қайиқ ахтардим.
Нариги соҳилдан қардош қичқирди:
“Кел, қардош, мен сени
соғиндим”.
Кема ҳайдаб боргим келди қошига,
кема изладим.
Нариги соҳилдан қардош қичқирди:
“Кел, қардош, мен сени соғиндим”.
Совға-салом билан бормоқчи бўлдим,
сарполар қидирдим.
Ниҳоят йўл олдим,
кетдим.
Тирикликда дийдор кўришмоқчи бўлиб,
ўлимига етдим.
Сузиб борсам бўлмасмиди,
шўнғиб борсам бўлмасмиди.
Ясан-тусанларга бало борми эди,
Дўстим маҳобатга зорми эди,
Тўнғиб борсам бўлмасмиди.
Нариги соҳилдан қардош қичқирди…
РУБОИЙЛАР
* * *
Отам айтган: «Ўзни зўр, чапдаст тутинг,
Баландни баланду пастни паст тутинг»,
Эл сизга фаррошлик мансабин берса,
Супургини доим муқаддас тутинг.
* * *
Бу гулларнинг аросинда ўларман,
Қаро кўзинг қаросинда ўларман.
Дилингни мен яро этдим ўринсиз,
Дилингнинг мен яросинда ўларман.
* * *
Сенсан юрагимнинг сеҳри, фахри ҳам,
Сенсан юрагимнинг меҳри, қаҳри ҳам,
Фақат асалимас асаларининг,
Жонга дармон, ахир, ниши, заҳри ҳам.
* * *
Ғижжак бир покланди, най бир покланди,
Йиллар бир покланди, ой бир покланди,
Тўйга кириб келдинг, оҳукўз дилдор,
Давра бир покланди, тўй бир покланди.
* * *
Демайман, юракнинг доғи тикланмас,
Лек қалбнинг қалбаки оҳи тикланмас.
Булбул наво қилган сокин маъво бу,
Бундан ҳеч бир зоғнинг «қоғи» тикланмас.
* * *
Кимлар кўрди, кимлар кўрмади, кетди,
Хаёлга минг маъни ўрнади -кетди.
Тоғим! Ўз қаърингдан ковланган темир
Теша бўлиб юзинг тирнади-кетди.
* * *
Шодлансам, шод бўлиб кулиб билмади,
Ғам чексам, дардимни билиб билмади.
Тоғ ошиб, дўст келди ҳолимни сўраб,
Том ошиб, туққаним келиб билмади.
* * *
Тан совқотди… жонни юпун кўрмадим,
Умр — дарё. Унинг тубин кўрмадим.
Фил обрўй қозонмас чибин ўлдириб,
Қон сўриб фил бўлган чибин кўрмадим.
* * *
Жаҳонда кўп азиз хор бўлиб ётмиш,
Борлар йўқ, йўқларчи бор бўлиб ётмиш.
Соҳилга сапчиган баликдир юрак,
Тўлқин келарми деб зор бўлиб ётмиш.
* * *
Қорақурт ва чаён ғолиб ётдилар,
Дилларни қўрқувга солиб ётдилар.
Икков бир-бирин чақиб ўлдириб,
Икков бир-бирини олиб ётдилар.
* * *
Ўғлим! Елкамга чиқ, сўзим ўйинмас,
Ўғлин эркалатса, ким ҳам суюнмас.
… Тоғнинг юрагини тушунмак керак,
Тепасига чиқиш унча қийинмас.
* * *
Шабада қўзғалди, гул гулга тегди,
Сунбуллар чайқалиб сунбулга тегди.
Қоғлаган қарғага отилган тошнинг
Каттаси, воажаб, булбулга тегди.
* * *
Тентакдир, ҳаммани аҳмоқ деб ўйлар,
Ташнадир, ҳаммани чанқоқ деб ўйлар.
Бошига бир дона ёнғоқ тушганди,
Энди ҳамма дарахт ёнғоқ деб ўйлар.
* * *
Катхудодан мудом улги олди эл,
Дард чекса, ўзини дардга солди эл.
Бир ушоқ ногаҳон шоҳ бўлиб эди,
Ғуж-ғуж майда-чуйда бўлди-қолди эл.
* * *
Учмоққа кафтимда қанот йўқ, пар йўқ,
Ҳимоя қилмоққа тўқай йўқ, шер йўқ.
Молларим ўйнайди, даштларим чексиз,
Ўғлим ўйнай деса, қишлоқда ер йўқ.
* * *
Эртами-кеч, хуллас, тез тузалайлик,
Ёзда тузалмасак, куз тузалайлик,
Дунё тузалмас деб чекмайлик фиғон,
Дунё тузалмаса, биз тузалайлик.
* * *
Деманг «Омон сўзи пастга оғади,
Ушоқ бу мисралар кимга ёқади».
Диққат қилганмисиз, азиз дўстларим,
Қалин қорлар майда-майда ёғади.
Туркманчадан Матназар Абдулҳаким таржималари
* * *
Келсин душман,
гуноҳидан ўтдим мен.
келсин дўстлар
жуда интиқ кутдим мен.
Чўлим
зарра-зарра
зар бўлиб ётар,
ҳар зарра ичинда
ватан тутдим мен.
* * *
Алдамаганим учун
ёлғиз қоламан,
Алданмаганим учун
ёлғиз қоламан.
ўксиб… толганим учун
ёлғиз қоламан,
Чўкиб қолганим учун
ёлғиз қоламан.
Ёлғиз қоламан!
Қоғозим, кечир.
Ёлғиз қоламан!
Қаламим, кечир.
Ёлғиз қоламан!
Овозим, кечир.
Ёлғиз қоламан!
Аламим, кечир.
Кечирингиз мени, дўстларим!
БАЛИҒИМ
Агарда дарёнинг суви пасайса,
Бу аҳволни сезар,
сезар экан балиқлар.
Сув бошига
сузар экан балиқлар.
Сен билан билинсин
Бу дунёда
Борлиғим,
Сен сездингми,
Сен суздингми
Сув бошига, балиғим?
БУ ГУЛЛАР ОРАСИДА
Нечун жўшмай кезасан,
Бу гуллар орасида?
Ўз бахтингни сезасан,
Бу гуллар орасида.
Йиғлаш қийин,
Кулмоқ даҳшат.
Даҳшатликни
Билмоқ даҳшат.
Мақсадим — боқий қолмоқ,
Бу гуллар орасида.
БУ ДУНЁДА
Бу дунёда нелар кўрдим, тўзмадим,
Чидадим қабоҳат ва ғийбатларга.
Бироқ қушнинг уясини бузмадим.
ИККИ
Чироқни ўчирдик
Икки қўл билан,
Хайрли тун дедик,
Икки тил билан.
Чойшабимиз икки,
Ёстиғимиз ҳам.
Мен билмай қолдимми…
Кўнглимда алам,
Гўёки
иккига
бўлинган
танам.
Ҳатто уйимизнинг ҳавоси икки,
Дунёда энг аянч,
Энг даҳшатли рақам
Балки
Иккидир
Икки…
ҲАЁТГА МУҲАББАТ
Гўзал дунё
келганимга бахтиёр…
…Дўстлар, ўз бағримни
этдим ярадор —
ўйландим,
ҳам чеқдим,
дили пораман.
Гўзал дунё
келганимга бахтиёр!
Кетмайман…
Кетмайман…
Бахтга бораман!
СЕН БАҲОРИМ БЎЛИБ КЕЛ
Бўш кечган фурсатимга
Сен қаҳҳорим бўлиб кел.
Қанот керак дардимга —
Шод шаҳарим бўлиб кел.
Турна кетди — доғлади,
Ёлғиз юрак додлади,
Йўлимни қиш боғлади,
Пок баҳорим бўлиб кел.
Соғ япроқлар тўнибди,
Дилбарсиз ким унибди,
Зулмат сачраб, томибди,
Оқ саҳарим бўлиб кел.
Умидим катта сендан —
Қомати сарвга тенгдан,
Тонсам азизим — элдан,
Оҳ… заҳарим бўлиб кел!
ХОТИРА
Қаҳрингни айтмоққа
Жуфт қилич қош бор,
Заҳрингни тўкмоққа
Кўзингда ёш бор,
Баҳор келганини
Билдирди булбул.
Қўлингда булбулга
Аталган тош бор!
* * *
Оҳ, кимларни
кулдирмади
бу сафо,
Оҳ кимларни
ўлдирмади
бу сафо.
Ёлғизмасман,
сен бор ахир,
жаҳонда!
Сен бор ахир!
Сен бор ахир!
Бевафо!
Туркманчадан Йўлдош Эшбек таржималари.
ziyouz.uz
Goşgular