Отажонов (Ata Atajanow) 1922 йили Туркманистоннинг Мари вилоятида туғилган. Туркманистон халқ ёзувчиси (1984).
Илк асари 1941 йилда чоп этилган. Ота Отажонов бир қанча насрий асарлар, драмалар, очерк ва ҳикоялар, шеърий китоблар муаллифи.
ТУРКМАНИСТОНИМ МЕНИНГ
Мен сенинг шуҳратли-шонли
Номингга мафтун, ватан.
Меҳнат билан топганинг,
Аҳдингга мафтун, ватан.
Табиатинг, гул чиройинг,
Бахтингга мафтун, ватан.
Донгдор ўлкам,
Номдор ўлкам —
Туркманистоним менинг.
Айтар сўзим,
Орзу-ўйим —
Дилда достоним менинг!
Хушхабарли, мўл саломли,
Саҳарларинг мафтуниман.
Ўт ёшлигим ёдга солган
Баҳорларинг мафтуниман.
Дўст келганда кенг ёзилар
Дастурхонинг мафтуниман.
Оқ кўнгилли,
Асал нонли
Туркманистоним менинг.
Гул манзилли,
Кўк денгизли
Боғу бўстоним менинг.
Бу дунёда ҳеч бир офат
Сендан айри солмасин.
Қўша кўкҳошия байроқ
Порласин, ҳеч сўнмасин!
Истагим, ёзган шеърларим
Муҳаббатсиз бўлмасин.
Камол топ, иқболли бўл,
Туркманистоним менинг.
Керагим сен,
Юрагим сен —
Жону жаҳоним менинг!
Турсун Иброҳимов таржимаси.
ЮРАГИМ БИЛАН СУҲБАТ
Нега сен, юрагим, ором билмайсан?
Ҳамиша бир ёққа ундаб турасан.
Орзудан ўйлашдан бир дам тинмайсан,
Нега сен баъзида хаёл сурасан?
Наҳотки кенг кўксим сенга тор бўлса?
Наҳотки букилди бардошинг тизи?
Наҳотки, ташвишга умринг зор бўлса,
Жавоб бер, азизим, нима гап ўзи?
Таънали боқиш-ла сўзлади юрак:
– Бу ором мен учун нимага керак!
Оҳ, қани, қирларда жавлон урсайдим,
Уфқлар ошароқ кезиб юрсайдим!
Юр, сен ҳам, кенгликлар, сафар чорлайди,
Бас, етар, бу ерда муқим ўтирмоқ.
Йўқ десанг, мен ўзим кетаман, майли,
Майли, сен қол бунда.
Қол бунда, ўртоқ!
Шуҳрат таржимаси.
ТЎРҒАЙ ҚЎШИҒИ
Абгор қолганмисан қумда ҳеч маҳал?
Мен эса — машина билан
Неча бор…
Саҳро узра
Нажот қутганман маҳтал —
Дўзах азобига бўлганман дучор.
Ўкиради мотор ярадор шердек.
Гувранар,
Жилишга қайта шайланар…
Машина жойида тураверар тек,
Ғилдираклар эса
Нафсиз айланар.
Барханлар уммондек жунбушга тўлар,
Кўмар машинани эшиги қадар.
На олдга, на ортга қўзғалиб бўлар,
Юрагингни зулмат чулғайди баттар.
Ногоҳ мотор ўчар устига-устак,
Қабр сукунати чўкар шу заҳот.
Кўринмас тирик жон.
Биргина юксак —
Юксакларда бургут қоқади қанот.
Бу ёруғ дунёда,
Қиласан хаёл,
Бу пайт сени ҳеч ким эсламас сира.
Фақат кўкда ўша бургут бемалол,
Ўлжа топган каби
Ясар доира.
Ўйлайсан,
Қанийди бирон-бир чўпон,
Ёки кончи, учраб қолсайди шу дам…
Сукунат залвори ортади чандон,
Сароб мисол эрий бошлар
Умид ҳам.
Баногоҳ фазода янграб кетар тор, —
Кенглик узра тўрғай куйлаб юборар.
Жимит, митти қуш у.
Энтикма бекор,
У сени кулфатдан наҳот қутқарар?
Бироқ шўх жилғадек
Янграр қўшиқ боз
Ва нуфуз таралар ғариб маъвога.
Қўясанки унга шунчалар ихлос,
Сиғинмовдинг шундоқ ҳатто оллога.
Биласанми,
Қўшиқ чорлайди — олға!
Инсонсан, бир уюм темирмас, ахир.
Кечгин гумонлардан,
Мўъжиза кутма.
Шаҳдингдан
Чекина бошлагай тақдир.
Туркманчадан Мирпўлат Мирзо таржимаси.
# ziyouz.uz
Goşgular