Оғагелди Алланазаров (Agageldi Allanazarow) 1948 йили Туркманистоннинг Тахтабозор туманида туғилган. Москва адабиёт институтини тамомлаган (1976). Туркманистон болалар адабиётининг машҳур вакилларидан бири.
САНОҚ
Пода қайтар қишлоққа оқшом,
Сигирларнинг қоринлари меш.
Бармоқ букиб санай бошлайман:
Бир, икки, уч, тўрт… тўрт, беш…
Олти, етти, саккиз дейман-у,
Адашаман саноқдан шу тоб.
Саккиздан сўнг неча келади?
Эслай олмай бўламан хуноб.
Ҳой, сигирлар, шошмай туринглар,
Шамолдайин уйга еламан.
Қолганингиз қандай санашни
Ойимлардан сўраб келаман.
УКАМ ТУШ КЎРГАН ЭМИШ
Укам тушини сўзлаб,
Лол қолдирди ҳаммани.
Сўзлади қандай қилиб
Енгганин акулани.
Ойимнинг кўзларини
Шу пайт қоплади қўрқув.
“Оҳ!” деб юборди синглим
Юраги этганча “шув”.
– Ишонмайман! – дедим-да,
Чиқиб кетдим кўчага.
Олди-қочди гапларга
Ишонай ахир нега?
Шундоққина ёнимда
Ухлаган эди укам.
Рост бўлганда, бу тушни
Кўрган бўлардим мен ҳам.
ҚАРҒАНИНГ ЎТИНЧИ
Бошқа жонзот – қушлардан
Билмайман, қаерим кам?
Улардек оқ тухумни
Ёриб чиққанман мен ҳам.
Баъзида турли-туман
Хаёлларга бораман –
Ким айтади нега мен
Кўмир каби қораман?
Рус тилидан Абдураҳмон Акбар таржимаси
Goşgular